Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш учун энг муҳим вазифалардан бири бу, жамият онгини тубдан ўзгартириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришдир. Бу муаммони ҳал қилиш учун, биринчи навбатда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини тизимли равишда ошириб бориш, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларининг тўлиқ шаффофлигига эришиш, шунингдек, барча давлат ва нодавлат ташкилотларида доимий равишда мақсадли профилактика ишларини олиб бориш орқали эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев, 2023 йил 19 декабрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги ўз нутқида: “…Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этамиз. Давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берамиз” – деб таъкидлаб ўтди.
Ушбу стратегияни амалга ошириш учун, инвестицияларни жалб қилишда қулай шароитлар яратишга тўсқинлик қилувчи коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, давлат харидларнинг тартиблари, шартлари ва механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқаролик кодексини кўриб чиқиб модернизация қилиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунинг талабларига тўлиқ риоя қилинишини назорат қилиш ва “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни давр тақоза қилмоқда.
Кейинги вақтларда республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашдаги ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамиятнинг тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек Президентимиз юқорида айтиб ўтилган анжуманда коррупция муаммолари бўйича Минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини берди.
Президентимиз томонидан таклиф этилган ушбу марказ, давлат ташкилотларида коррупциянинг тарқалишига қарши курашиш соҳасида кенг кўламли ва изчил сиёсатни амалга оширишда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашда, қонун хужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини шакллантиришда, коррупцияга қарши курашиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқишда, коррупциядан холи жамият барпо этишга хизмат қилишда, ушбу соҳада халқаро тажрибани ўрганишда муҳим роль ўйнайди.
Ушбу анжуманда Президентимиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг салоҳият ва имкониятларининг янада оширилишини ва коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилишини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли фармонга мувофиқ, 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари тузилган.
Агентликнинг салоҳият ва имкониятларини ошириш учун албатта хорижий тажрибаларни ўрганишимиз зарур. Масалан: Қозоғистон Республикасида 2014 йилда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мустақил ваколатли ташкилот бўлиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, фош этиш ва тергов қилиш учун масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи ҳисобланади. Ушбу агентлик Қозоғистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдор.
Жанубий Кореянинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунига (01.01.2002 йил) асосан Коррупцияга қарши кураш ташкилоти ҳар қандай шахснинг аризасига кўра дастлабки терговни бошлаши шарт. Агар фуқаро коррупция тўғрисида ёлғон хабар берса, бунинг учун у қаттиқ жазоланади.
Сингапурда Коррупциявий фаолиятни тергов қилиш бюросининг (CPIB) асосий вазифаси ҳам давлат ташкилотларида, ҳам хусусий секторда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва тергов қилишдан иборат. Унинг асосий функциялари қилиб: коррупцияга оид шикоятларни қабул қилиш ва текшириш, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш, давлат органлари фаолиятини таҳлил қилган ҳолда улардаги коррупцион ҳаракатларни минимумга тушириш – белгиланган.
Юқорида кўрсатилган ва бошқа кўпгина давлатлардагидек Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тергов қилиш ваколатларини бериш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи таркибига киритиш, ҳозирги даврда қанчалик муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари юқорида айтиб ўтилган тадбирда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш Глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Президент томонидан айтиб ўтилди.
2021-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ролини янада ошириш мақсадида Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича Глобал Ресурс ташаббуси дастурини бошлаган эди.
Глобал Ресурс ташаббуси дастури халқаро ҳамжамиятга коррупцияга мутлақо тоқат қилмаслик маданиятини шакллантириш учун педагоглар, олимлар, ёшлар ва коррупцияга қарши кураш идоралари билан ишлаш бўйича билим ва тажрибани тақдим этади.
Ташаббус дастури миссияси таълим ва ҳамкорликнинг ўзгартирувчи кучидан фойдаланган ҳолда болалар ва ёшлар ўртасида коррупцияга мутлақо тоқат қилмаслик маданиятини шакллантиришдан иборат.
Дастурнинг асосий компонентлaр Бошлaнғич вa ўртa тaълим, олий тaълим вa тaдқиқотлaр, ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Мамлакатимиз аҳолисининг 60%ни ташкил этувчи ёшларнинг коррупцияга қарши фаоллигини ошириш жамият олдида турган муаммони ҳал қилишнинг калитидир.
Коррупциянинг олдини олиш ва ҳалолликни ёшлар орасида изчил тарғиб қилиш учун таълим муассасалари муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун болалар ва ёшларга ҳурмат, одоб-ахлоқ, ҳалоллик ва қонун устуворлиги каби тушунчаларини ҳар томонлама сингдириш жуда муҳим масалалардан биридир.
Агар биз президентимиз таъкидлаб ўтганидек БМТнинг Глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этсак, миллий ўқув дастурларимизга киритсак, албатта коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда, ёшлар онгига коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришда жуда катта ютуқларга эришамиз.
Юрбошимиз анжуманда коррупцияга қарши курашиш бўйича мураккаб жараёнларда энг олдинги сафларда бораётган журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини билдирди. Албатта, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакилларининг хорижий ҳамкорлар билан тажриба алмашиши учун муҳим роль ўйнайди ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Турдикулов Шухрат Худойкулович, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи, социология фанлари бўйича фалсафа