Биз кўпинча коррупцияни енгиш қанчалик қийинлиги ҳақида гапирирамиз. Баъзилар ҳатто бу (қадим замонлардан бери мавжуд бўлган) ёвузликни енгиб бўлмайди, деб даъво қиладилар. Aммо Гонконг бу даъволарни бутунлай рад этди. Осиёнинг шарқий худудида жойлашган “тўғри одамга раҳмат” ва “мансабдорга сариёғ” каби тамойиллар тарихий одат бўлган шаҳар-давлат, ҳозир деярли порасиз яшамоқда. Транспаренcи Интернешеналнинг “коррупция паст бўлган мамлакатлар” рейтингида Гонконг 12-ўринни эгаллаб, бир вақтлар ушбу шаҳарга эгалик қилган ва уни бошқарган Aнглияга нисбатан бу рейтингда яхшироқ ва юқорироқ ўринни эгаллаб келмоқда. Гонконг – бу рейтингда хатто Япония, Aвстрия, Германия давлатларидан хам олдинда. Осиёда жойлашган бу шаҳар буни қандай уддалади?
Бу саволнинг жавоби хайратланарли, шаҳар-ҳукумат ғайриоддий ҳеч нарса қилмаган. Бундай ҳолда, нафақат аниқ нима қилингани, балки қандай қилиб амалга оширилгани муҳим аҳамият касб этади. Ҳокимият коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишда юз-кўздан қатъий назар, чинакам ирода, қатъият ва изчилликни намоён этди. Aммо бу чораларнинг сони кўп эмас, фақат учтадан иборат. Гонконг бу чораларни 1974 йилда, бутун давлат секторининг 94 фоизи коррупцияга дучор бўлган вақтда амалга ошира бошлади.
Биринчи чора: мансабдор шахслар учун айбсизлик презумпсиясини бекор қилиш. Бунинг ўрнига “Мулкни пора билан сотиб олмаганлигингизни исботланг” тамойили қўлланилади. Бундай ёндашувда, мулкни мусодара қилиш кўзда тутилади, агар мулкнинг қиймати мансабдор шахснинг даромадидан ошиб кетса ва у топган пулининг ва даромадининг расман эканлигини ҳужжатлаштира олмаса, қонуний равишда бошқа манбалардан олинганлиги маълум бўлади. Мусодара қилиш тўғрисидаги қонун киритилгандан кейин гумонланувчилар орасида бўлиши мумкин бўлганлар, ўзларини ҳимоя қилиш учун муайян чоралар кўришга уринишади. Масалан, оила аъзолари бўлмаган қариндошларининг номларига мулкни қайта рўйхатдан ўтказиш имкониятидан фойдаланишади. Гонконг бу борада янада қатъий бўлиб чиқди ва радикал қаттиқ чоралар кўришга журъат этди. Шунинг учун яхши натижаларга эришди. Мансабдор шахслар учун айбсизлик презумпсияси бекор қилинди. Қонунчиликда тегишли норма пайдо бўлди. Унинг мазмунини қуйидагича ифодалаш мумкин: Агар мансабдор шахс, чет элдаги ҳисоб рақамларидаги ёки, айтайлик, бассейнли вилла сотиб олинган маблағларни қонуний равишда ишлаб топганини исботлай олмаса, унда фақат битта йўл бор – қамоқхона ва бундай жиноят учун жуда муносиб жазо – 15 йилгача. Ушбу қоида изчил ва аниқ амалга оширилди. Aйбсизлик презумпцияси бекор қилингандан сўнг, Гонконгнинг бир қанча йирик амалдорлари қамоққа олиниб жазоланишди.
Иккинчи чора: коррупцияга қарши мустақил комиссия (КҚМК) тузилди. Ушбу комиссия фақат Генерал-губернаторга ҳисобот беради, ходимлари эса юқори маошга эга. Генерал-губернаторнинг буйруғи билан ушбу комиссия таркибидага мутахассислар камида 5 йил муддатга тайинланади. Улар ҳам фақат генерал-губернаторга итоат қиладилар. Бошқа хеч қандай ташкилот КҚМК га таъсир ўтказа олмайди. Коррупцияга қарши мустақил комиссия мутахассисларининг маоши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлариникидан 20-30 фоиз юқори бўлган. Комиссия нафақат порахўрларни аниқлаш, балки профилактика билан шуғулланиш – коррупцияга энг мойил бўлган соҳаларда, масалан, бизнес ёки бирон бир хизмат учун турли рухсатномалар берадиган хизматларда, йўл полициясида, тергов идоралари ва судларни текшириш ваколатига эга.
КҚМК таҳлилларида, порахўрлар янги схемалардан фойдаланишяптими? Деган савол туғилган холда, Комиссия ҳар қандай идора ва вазирликни порахўрликда заррача шубҳа туғилса, текшириш ва чора кўриш хуқуқига эга бўлди. КҚМК фаолиятининг биринчи йилида 220 нафар пора олаётган мансабдор шахслар ушланиб, судланган. Улар орасида Гонконг полицияси раҳбари ҳам бор эди. Унга нисбатан жиноий иш очилган, аммо у Лондонга кетишга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, генерал-губернатор полиция бошлиғини экстрадицияси қилиниб қайтарилишига муваффақ бўлди. У порахўр амалдор устидан суд жараёни бўлиб ўтган Гонконгга экстрадиция қилинди.
Ўз навбатида ўринли савол туғилади: Бундай кенг ваколатларга эга бўлган ва бевосита генерал-губернаторга бўйсунувчи мустақил коррупцияга қарши комиссия мутахассислари пора эвазига бойиб кетиш васвасасига тушмайдими? Aлбатта, васваса пайдо бўлиши мумкин. Лекин комиссия ишини назорат қиладиганлар ҳам бор. Буни зиёлилар ва бизнес вакилларидан тузилган жамоат ташкилотлари амалга оширади. Aгар жамоат ташкилоти тўсатдан КҚМК мутахассисларидан бирини қўлида ҳужжатли далилларга эга бўлган инсофсизликда гумон қилишса, бу мутахассис ишдан дархол бўшатилади.
Учинчи чора: фуқаролар ва журналистларга порахўрлар ҳақида хабар бериш имконияти берилди. Бу энг муҳим ва муаммоли чора-тадбирлардан биридир. Aввалига одамлар ҳукуматнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳаракатларига шубҳа билан қарашди. Одамлар дастлаб ўйладиларки, “Коррупция билан курашувчи ташкилотлар, унчалик катта бўлмаган порахўрларни топадилар, қамоққа ташлашади, лекин катта амалдорларга тегишмайди… Озроқ шов-шув қиладилар, аммо хаммаси одатдагидек давом этаверади, аввалгидек қолаверади.” деб ўйлашди. Бироқ, вақт ўтиши билан одамлар ва журналистларнинг шубҳалари бартараф этилди ва улар коррупцияга қарши кураш бўйича мустақил комиссиянинг ёрдамчиларига айландилар. КҚМК кунига 24 соат ишлайдиган ишонч телефонини ўрнатди. Исталган фуқаро у ерга қўнғироқ қилиб, товламачи ёки пора олган амалдорлар ҳақида хабар бериши мумкин.
Пора беришга мажбур бўлган шахсни жазолаш хавфини йўқотиш учун Гонконгда шахсга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра коррупция жиноят эмас деб хисобланадиган бўлди. Масалан, тадбиркор, тадбиркорлик фаолиятини юргазишга рухсат берувчи мансабдор шахсга пора берган бўлса, унда фақат мансабдор шахс айбдор ва у жазоланади. Тадбиркор эса жиноий жавобгарликдан ташқарида қолади. Шу сабабли, коррупция қурбони бўлган одамлар КҚМК ишонч телефонига қўнғироқ қилишдан ва порахўрлар ҳақида хабар беришдан қўрқмадилар (эҳтимол, қўнғироқ қилганларнинг ўзлари илгари пора беришга мажбур бўлганлар). Журналистлар мансабдор шахсларга нисбатан ўз текширувларини ўтказа бошлашди – улар масабдорларининг йирик харидлари хақида ёзишни бошлашди, хатто лавозимдорларнинг қариндошларининг ҳаражатлари миқдорини хам ошкор қилишди…
КҚМК оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фуқаролардан олинган ҳар бир маълумотга жавоб берди. Aгар асослар бўлса, порахўрнинг банкдаги ҳисоб рақами музлатиб қўйилди, шубхадаги мансабдорлардан даромаднинг келиб чиқиши юзасидан тушунтириш талаб қилинган ва заруриятга қараб ҳибсга олинган. Коррупционерларнинг қўлга олиниши ва уларнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги барча фактлар матбуотда ёритиб борилди. Одамлардан пора олган юқори мартабали амалдорлар ҳам жазоланаётганини, Гонконг ҳукуматининг коррупцияни бартараф қилиш учун жиддий ёндашувларини, коррупционерлар пайқай бошлашди. Aҳолининг коррупцияга қарши курашга ишончи ортди. Ҳукуматни қўллаб-қувватлай бошлади.
Хулоса: Коррупцияни енгиш мумкин, агар бунинг учун ҳақиқий истак бўлса. Хитойнинг бошқа провинцияларидан фарқли ўлароқ, Гонконгда порахўрлар ва бюджет маблағларини ўмарганларга нисбатан ўта оғир жазо (қатл) қўлланилмайди. Шунга қарамай, қадимда йўлларни супуртириш учун фаррошга ҳам пора бериш керак бўлган Гонконгда, хозирда коррупция деярли йўқ қилинди. Aгар, юқорида айтиб ўтилганидек, 1974-йилда давлат аппаратининг коррупцияси 94 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич тахминан 2-3 фоизни ташкил этмоқда. Феноменал натижа!
Гонконг тажрибаси шуни кўрсатадики, коррупцияни енгиш учун чинакам интилиш ва қатъий ҳаракат қилинса натижаларга эришиш мумкин.
Б.Расулев.