ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
Ҳ У К М

2024 йил март ойининг 18 куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи судья К.Рахимов, судья ёрдамчиси Ш.Арзиевнинг котиблигида, тарафлардан давлат айбловчиси – Фарғона шаҳар прокурори катта ёрдамчиси А.Хапизов, судланувчи А.Акбаров ва унинг ҳимоячиси – Тошкент шаҳридаги “Yuristkadr” адвокатлик фирмаси адвокати Х.Қосимовнинг иштирокида, Акбаров Алишер Аъзамжоновични айблаш ҳақидаги 1-1501-2404/85-сонли жиноят ишини кўриб чиқиб, қуйидагиларни жиноят ишини кўриб чиқди. Иш ҳужжатларига кўра:

Акбаров Алишер Аъзамжонович (Akbarov Alisher A’zamjonovich) 1985 йил 07 июнда Фарғона туманида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, тўрт нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, муқаддам, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 20 октябрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан ЖКнинг
59-моддаси 3-қисми тартибида иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда
3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, ЖКнинг 62-моддасига асосан қамоқда ўтирган кунларини чегириб, ўташ учун иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 7 ой 15 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2022 йил
21 апрелдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 3 ой 15 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган, Фарғона тусани туман, “Фарғона” МФЙ, Мевазор кўчаси, 117-уйда яшайди, иш бўйича “гаров” эҳтиёт чораси қўлланган, айблов хулосаси нусхасини 2023 йил 30 декабрь куни олган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” банди ва
228-моддаси 3-қисми билан айбланган.
Суд, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, тарафларнинг музокара сўзларини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, қуйидагиларни

А Н И Қ Л А Д И:

Судланувчи Акбаров Алишер Аъзамжонович 2023 йил 10 октябрь куни ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаб, АТБ “Мадад Инвестбанк”дан олинган жами 500.000.000 сўм миқдоридаги кредит пуллари учун гаров тариқасида қўйилган, “Local Industry Group” МЧЖга қарашли Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Ҳонқиз” МФЙ, Ҳонқиз кўчаси, 151А-уйда жойлашган, ер майдони 30.000 кв.м, бино-иншоотлар умумий майдони
1814.55 кв.м, фойдали майдони 338.73 кв.м, кадастр рақами 15:13:10:01:01:01:0189 бўлган молхона ва ишчилар дам олиш хоналари ҳисобланган бино-иншоотларни тақиқдан чиқариш мақсадида, АТБ “Мадад Инвестбанк” раиси О.Ю.Аширалиев, бош бухгалтер Н.Ш.Мўйдинов ва кредитлаш департаменти директори А.А.Сотволдиевларни имзоларини ручка ёрдамида ўзи қўйиб, АТБ “Мадад Инвестбанк”ига тегишли бўлган муҳрни яшаш уйидаги “НP” русумли принтер ва “ACER” русумли ноутбук ёрдамида чоп этиб, расмий ҳужжат ҳисобланган 09.10.2023 йил санаси кўрсатилган,
06-23/231-сонли сохта алоқа хатини тайёрлаган.
Бундан ташқари, А.Акбаров 2023 йил 02 ноябрь куни соат 16:00ларда ўзи томонидан тайёрланган ва расмий ҳужжат ҳисобланган 09.10.2023 йил санаси кўрсатилган, 06-23/231-сонли сохта алоқа хатини АТБ “Мадад Инвестбанк”дан олинган жами 500.000.000 сўм миқдоридаги кредит пуллари учун гаров тариқасида қўйилган, “Local Industry Group” МЧЖга қарашли Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Ҳонқиз” МФЙ, Ҳонқиз кўчаси, 151А-уйда жойлашган, ер майдони 30.000 кв.м, бино-иншоотлар умумий майдони 1814.55 кв.м, фойдали майдони 338.73 кв.м, кадастр рақами 15:13:10:01:01:01:0189 бўлган молхона ва ишчилар дам олиш хоналари ҳисобланган бино-иншоотларга қўйилган тақиқни бекор қилиш мақсадида Фарғона тумани, Водил қишлоғида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Хакимов Дилшодбек Шухратовичга қалбаки эканлигини билган ҳолда тақдим қилиб, ундан фойдаланган вақтда нотариус Д.Хакимов томонидан унинг жиноий қилмиши фош қилинган.
Ўтказилган судга оид хатшунослик экспертизасининг 2023 йил
06 ноябрдаги № 532-сонли хулосасига кўра, АТБ “Мадад инвест банк”нинг тақиқни бекор қилиш ҳақидаги 06-23/231-сонли алоқа хатидаги бошқарув раиси О.Ю.Аширалиев, бош бухгалтер Н.Ш.Мўйдинов ва кредитлаш департаменти директори А.Сотволдиевларнинг номидан қўйилган имзолар уларнинг ўзлари томонидан бажарилмаганлиги, балки бошқа шахслар томонидан ўхшатиш йўли билан қолдирилганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ўтказилган судга оид техник криминалистик экспертизасининг 2023 йил 06 ноябрдаги № 533-сонли хулосасига кўра, АТБ “Мадад инвест банк”нинг тақиқни бекор қилиш ҳақидаги 06-23/231-сонли алоқа хатида мавжуд бўлган юмалоқ муҳр рангли “струйной” принтер ёрдамида чоп этилганлиги кўрсатилган.
Судланувчи А.Акбаров суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, муқаддам, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил
20 октябрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси
3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан судланган вақтида жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида яқинлари шифер заводни Фарғона шаҳрида яшовчи Мирзаев Хасан хожига сотишганини, лекин уни пули тўлиқ бўлмаганини, шунинг учун АТБ “Мадад Инвест Банк”дан кредит олиш учун бир нечта турар ҳамда нотурар жойларини гаровга қўйганини, ўзлари ҳам оилавий келишиб, Фарғона тумани, Ҳонқиз қишлоғидаги “LOCAL INDUSTRY GROUP” МЧЖ балансида бўлган молхоналарини АТБ “Мадад Инвест Банк”дан 500.000.000 сўм кредит олиш эвазига гаровга қўйишганини, шундан сўнг зарарларни қоплашганини ва суд томонидан унга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганини, шундан кейин 2023 йил март ойига қадар Х.Мирзаев кредитларни тўлаб юрганини, 2023 йил март ойида Х.Мирзаев қамалиб қолганини ва банкдаги кредитлар тўланмай қолганини, натижада банк тақиқдаги кўчмас мулкларни мусодара қилиш ва гаровга қўйилган молхоналарини ҳам кредитни қоплаш учун банкни балансига ўтказиш мақсадида фуқаролик судига даъво ариза киритганини ва суд кредит зарарини гаровга қаратиш ҳақида қарор чиқарганини, ҳеч қаердан пул топа олмаганини ва молхонани нархи анча баланд бўлганлиги учун ўзида қолдириш мақсадида нотариусдан тақиқдан чиқариб юбориш учун банкда ишлаганлиги учун
2023 йил 02 ноябрь куни Фарғона тумани Ҳонқиз қишлоғидаги молхонани офисида “Мадад Инвест Банк” номидан ўзига тегишли ноутбукда нотариусга 06-23/231-сонли сохта алоқа хати тайёрлаганини, хатдаги раҳбарларни имзоларини ўзи ўхшатиб ручкада қўйиб, ўзига тегишли “НР” русумли рангли принтерда чиқариб, Фарғона тумани Водил қишлоғида жойлашган нотариал идорадаги нотариусга олиб бориб топширганини, нотариус Хакимов Дилшод “Мадад Инвест Банк”га қўнғироқ қилиб, банк томонидан тақиқни ечиш бўйича алоқа хати юборилган-юборилмаганини сўраган вақтда уни сохта алоқа хати тайёрланганини аниқланганини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида судланувчи А.Акбаров ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса-да, унинг содир этган жиноий ҳаракатлари қуйидаги далиллар билан ўз тасдиғини топади.
Гувоҳ А.Хамидов судда Фарғона шаҳарда жойлашган АТБ “Мадад инвест” банкининг юридик хизматлари департаменти бошлиғи лавозимида ишлаганини, 2023 йил 02 ноябрь куни иш жойида бўлган вақтида Фарғона туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Хакимов Дилшодбек банкнинг хизмат телефон рақамига қўнғироқ қилиб, 06-23/231-сон билан
2023 йил 10 октябрда фуқаро А.Акбаров алоқа хати билан келиб, унда унинг банкдан олинган жами 500.000.000 сўмлик кредит пулларига тақиққа қўйилган Фарғона туманидаги фермер хўжалиги бино иншоотларини тақиқдан чиқариш бўйича ҳужжатлар олиб келганлигини маълум қилиб, улардан алоқа хатини ҳақиқийлигини сўраганини, нотариусга улар тақиқдан ечиш бўйича ҳеч қандай ҳужжат беришмаганлигини айтганини, шундан кейин А.Акбаровнинг ҳаракатлари юзасидан ИИБга мурожаат қилишганини ва тергов органи А.Акбаров сохта ҳужжатлар тайёрлаб нотариус орқали тақиқни ечмоқчи бўлгани ва банк раиси О.Ю.Аширалиев, бош бухгалтер Н.Ш.Мўйдинов ва кредитлаш департаменти директори А.А.Сотволдиевларни имзоларини қалбакилаштиргани аниқланганини билдириб кўрсатув берди.
Гувоҳ Д.Хакимов судда, ҳақиқатдан ҳам Фарғона туманида хусусий амалиёт нотариуси бўлиб ишлаб келишини, 2023 йил 10 октябрь куни соат 16:00ларда иш жойига кейинчалик танигани Акбаров Алишер келиб, унга
АТБ “Мадад инвест” банк томонидан берилган алоқа хатини тақдим қилганини, ушбу алоқа хатини ўқиб чиққанида, унда бино-иншоотларни тақиқдан чиқариш тўғрисида бўлганини, ушбу алоқа хатини кўрган вақтида унда шубҳа пайдо бўлганлиги боис А.Акбаровдан алоқа хати “ҳақиқийми”-деб сўраганини, А.Акбаров алоқа хатини ҳақиқий эканлигини айтганини, шундан сўнг
АТБ “Мадад инвест” банкнинг юристига қўнғироқ қилганида, улар тақиқдан чиқариш юзасидан нотариусга мурожаат қилишмагани маълум бўлганини, сўнг банк ходимлари келганини, уларга А.Акбаров тақдим қилган 06-23/231-сонли алоқа хатини далолатнома асосида бериб юборганини билдириб кўрсатув берди.
Гувоҳ О.Аширалиев судда, ҳақиқатдан ҳам 2024 йил январь ойига қадар Фарғона шаҳридаги АТБ “Мадад инвест” хусусий банкининг бошқарув раиси бўлиб ишлаганини, Акбаров Алишер 2023 йил 02 ноябрь куни АТБ “Мадад Инвест Банк” номидан гаровга қўйилган Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида жойлашган “LOCAL INDUSTRY GROUP” МЧЖ балансида бўлган молхонани тақиқдан чиқариб юбориш учун сохта алоқа хати ясаб, муҳр ва имзоларни сохталаштириб Фарғона тумани Водил қишлоғида жойлашган Хакимов Дилшодга тегишли хусусий нотариусга олиб борганини, хусусий амалиёт нотариуси уларни банкига қўнғироқ қилиб тақиқдан чиқараётганлигини сўраганида, ҳеч қайси мулкни тақиқдан чиқаришга хат чиқаришмаганини, ушбу ҳолатни яхшилаб текшириб кўришни айтиб, фуқаро А.Акбаров олиб борган алоқа хатини текширишганида, сохта эканлиги аниқланганини, 06-23/231-сонли алоқа хатидаги унинг фамилияси қаршисидаги имзони у қўймаганини билдириб кўрсатув берди.
Судланувчи А.Акбаровнинг содир этган жинояти судда унинг ўзини айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, гувоҳларнинг суддаги кўрсатувлари ва жиноят ишида тўпланган ва судда текширилган алоқа хати, далолатнома, дастлабки тушунтириш хатлари, 06-23/231-сонли алоқа хати, ўтказилган судга оид хатшунослик экспертизасининг 2023 йил
06 ноябрдаги № 532-сонли ва ўтказилган судга оид техник криминалистик экспертизасининг 2023 йил 06 ноябрдаги № 533-сонли хулосалари, далилий ашёни олиш ҳақидаги баённома, нарсани кўздан кечириш баённомаси ва фотосуратлар ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар билан ҳам тўлиқ тасдиқланади.
Суд судланувчи А.Акбаровнинг жиноий ҳаракатларини квалификациясини муҳокама қилиб, дастлабки тергов органи томонидан унинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” банди, яъни “такроран” ва “хавфли рецидивист” белгилари билан нотўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” бандида, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 463-моддасида, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 78-моддаси 1-қисми в-бандига кўра, ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин – бир йил ўтгач; шахснинг судланганлик ҳолати тугалланиши, ушбу Кодекснинг 77-моддаси 4-қисмида, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлиши; 80-моддасида, агар шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан илгари озод қилинган ёхуд жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланиши қайд этилган.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи А.Акбаров жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 20 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг
167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан ЖКнинг 59-моддаси 3-қисми тартибида иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, ЖКнинг 62-моддасига асосан қамоқда ўтирган кунларини чегириб, ўташ учун иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 7 ой 15 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2022 йил 21 апрелдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 3 ой
15 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва ЖКнинг 78-моддаси в-бандига асосан 1 йил ўтгач, яъни 2023 йил 22 апрель кунидан судланганлик ҳолати тугалланган ва унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлган.
Бундай ҳолатда А.Акбаровнинг жиноий ҳаракатини “хавфли рецидивист” жиноят белгиси билан квалификация қилиб бўлмайди.
Бундан ташқари, суд тергов органи томонидан А.Акбаровнининг жиноий ҳаракатини “такроран”лик квалификация белгиси билан ҳам нотўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи А.Акбаров муқаддам, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 20 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми
“а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 32-моддасига кўра, ЖК Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилади.
Дастлабки тергов органи А.Акбаровнинг муқаддам, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 20 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан судланганида содир этган жиноятига нисбатан мазкур жиноят иши бўйича 2023 йилнинг октябрь ойида содир этган жиноятини “такроран” жиноят содир этган деган хулосага келиб, хатоликка йўл қўйган, қолаверса, А.Акбаров жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 20 октябрдаги ҳукмига кўра содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати ЖКнинг
78-моддасига асосан тугалланган ва унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлган.
Бундай ҳолатда А.Акбаровнинг жиноий ҳаракатини “такроран” жиноят белгиси, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми
“а” банди билан квалификация қилиб бўлмайди.
Шу сабабли, суд А.Акбаровнинг жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” бандидан шу модданинг
1-қисмига қайта квалификация қилишни лозим топади.
Шунингдек, суд А.Акбаровнинг ўзи томонидан тайёрланган ва қалбакилаштирилган, муайян ҳуқуқ берадиган ва муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжат ҳисобланган 09.10.2023 йил санаси кўрсатилган,
06-23/231-сонли алоқа хатини сохта эканлигини била туриб, ундан фойдаланганликдаги жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
228-моддаси 3-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 20-моддасида “Шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”лиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасига кўра, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил
03 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги;
4-бандида, қонун тайинланадиган жазо тури ва меъёрини айбдорнинг шахсини тавсифловчи объектив ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ қилиб қўйганлиги туфайли судлар жиноят ишларини кўриб чиқиш пайтида мазкур ҳолатларни аниқлашлари шартлиги, объектив омилларга, хусусан, айбдорнинг ёши, жинси, ҳомиладорлик ҳолати, ижтимоий омилларга – судланганлиги, оиладаги, жамиятдаги хулқ-атвори, машғулоти, давлат ёки ижтимоий мавқеи ва ҳ.к. лар кириши ҳақида тушунтиришлар берилган.
Суд, қайд этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонуни нормалари ва Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилиб, судланувчи А.Акбаровга нисбатан жазо тури ва меъёрини тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганини инобатга олиш билан бир қаторда жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олиб,
у айбланаётган моддалар санкциясида назарда тутилган жазо турларини муҳокама қилиб, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни ва тайинланган жазоларни ЖКнинг 59-моддаси 2-қисми тартибида қўшишни лозим топади.
Шу билан бир қаторда, дастлабки тергов жараёнида ашёвий далил тариқасида олинган судланувчи А.Акбаровга тегишли бўлган 1 дона “Acer” русумли ноутбук ва 1 дона “Нр-315” русумли рангли принтердан А.Акбаров мазкур жиноятни содир этишда фойдалангани аниқланганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасининг 1-бандида, “ҳукмда, шунингдек жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажримда ёки қарорда ашёвий далиллар масаласи қуйидаги қоидаларга риоя этилган ҳолда ҳал қилинади, яъни гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши керак”-деб кўрсатилганига асосланиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 17-сонли “Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги (Олий суд Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли, 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли, 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарорига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан) қарорининг 9-бандида, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасига мувофиқ жиноят ишини юритиш тамом бўлганда (ишни тугатиш ёки иш бўйича ҳукм чиқаришда) суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйилган нарсалар ва ҳужжатларнинг тақдирини белгилаши шарт. Қонунга кўра, ашёвий далилларга оид масала қуйидаги қоидаларга риоя этилган ҳолда ҳал этилади: жиноят қуроллари – гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлганда мусодара қилиниши керак ва улар тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади.”-деб кўрсатилган тушунтиришларидан келиб чиқиб, юқоридаги 1 дона “Acer” русумли ноутбук ва 1 дона “Нр-315” русумли рангли принтердан жиноят содир этишда айнан қурол сифатида фойдаланилганлиги сабабли суд, мазкур 1 дона “Acer” русумли ноутбук ва 1 дона “Нр-315” русумли рангли принтерни жиноят қуроли деб топишни ва давлат фойдасига мусодара қилишни ҳамда мазкур жиноят қуролларидан фойдаланиб тайёрланган
06-23/231-сонли сохта алоқа хатини жиноят ишида сақлашни лозим деб топди.
Юқоридагиларга кўра ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
454-457, 460, 463, 465-468, 471-473, 476-моддаларига асосланиб, суд

Ҳ У К М Қ И Л Д И :

Акбаров Алишер Аъзамжонович (Akbarov Alisher A’zamjonovich) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси
3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилсин.
Акбаров Алишер Аъзамжоновичга:
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми билан иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми билан иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси 2-қисмига асосан тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси корхона, муассаса ва ташкилотларда ўташи белгилансин.
Жазо ўташ муддати иш жойида ҳукм ижро этилиши бошланган, яъни маҳкум иш бошлаган кундан бошлаб ҳисоблансин.
Жазони ижро қилиш Фарғона туман ИИБ Пробация бўлинмаси зиммасига юклатилсин.
А.Акбаровга нисбатан қўлланилган “гаров” эҳтиёт чораси ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг бекор қилинсин ва Фарғона вилоят ИИБнинг “Ипотека-банк” АТИБ Фарғона вилоят филиалидаги депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 8.000.000 (саккиз миллион) сўм гаров пули гаровга қўювчи Акбаров Алишер Аъзамжоновичга қайтарилсин.
Ашёвий далиллар:
– 1 дона “Acer” русумли ноутбук ва 1 дона “Нр-315” русумли рангли принтер жиноят қуроли деб топилсин ва давлат фойдасига мусодара қилинсин;
– 06-23/231-сонли алоқа хати жиноят ишида сақлансин.
Ҳукмдан норози тараф ҳукм эълон қилингандан, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида шу суд орқали Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдиришга, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақли.

Раислик қилувчи: (имзо) К.Рахимов

Ҳукм нусхаси аслига тўғри

Тафсия қилинганлар