Тўловга қобилиятсизлик жараёни: миллий амалиёт ва хорижий тажриба
Мамалакатимизда юридик ва жисмоний шахсларни тўловга қобилиятсиз деб эътироф этиш ва ундан кейинги жараёнлар “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Қонуннинг 5-моддасига кўра:
агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса;
шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса;
судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги ва ёки судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агар ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса – ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши тўловга қобилиятсизлик аломатлари ҳисобланади.
Ушбу аломатлар мавжуд бўлган ҳолларда қонунда белгиланган ваколатли шахслар томонидан судга мурожаат қилиш орқали тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилиши мумкин ва бу турдаги низолар иқтисодий судлар томонидан ҳал қилинади. Бунда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор корхонанинг ўзи, унинг кредиторлари ва бошқа ваколатлари давлат органлари эгадир.
Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик ҳолатининг кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш каби тартиб-таомиллари мавжуд. Айни босқичлар тўловга қобилиятсизлик ишини қўзғатиш юзасидан судга мурожаат қилган пайтдан бошлаб то қарздор юридик шахслар далват реестридан чиқарилгунига қадар бўлган босқичгача ва 2 йилдан ортиқ вақт давом этиши мумкин.
Мазкур таомиллар қарздор юридик шахснинг молиявий ҳолати ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажара олиш қобилиятидан келиб чиққан ҳолда суд томонидан белгиланади ва суд ҳужжатига асосан тайинланади. Ҳар бир таомил алоҳида ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, маълум бир муддатга тайинланади.
Айни чоғда, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг 50 ва 51-моддаларига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Бунда, шунингдек:
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги қарор;
қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор;
суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим;
тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим;
келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим каби суд ҳужжатлари қабул қилинади.
Бунга бир ҳаётий мисол келтирамиз. Яъни, “GRAND PHARM TRADE” масъулияти чекланган жамияти судга ариза билан мурожаат этиб, “TABLET MEDIC” масъулияти чекланган жамиятининг тўлов мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги сабабли соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатишни сўраган.
Қарздор корхонанинг бир қатор шартномавий муносабатлари натижасида кредитор олдида 212 202 635,40 сўм қарздорлик мажбурияти юзага келган. Бу ҳолат тегишли иқтисодий суднинг қарори асосида ундирилиши белгиланган, бироқ қарздор корхона тўлов қобилиятини йўқотганлиги, молиявий аҳволи сабаб қарзларни тўлай олмаган.
Қарздорлик юзасидан Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, қарздорни мол-мулки мавжудлиги аниқланмагани сабабли, ижро ҳужжати давлат ижрочиси томонидан ижро этишни имкони бўлмаганлиги учун ундирувчига ижросиз қайтарилган. Натижада ариза қаноатлантирилиб, “TABLET MEDIC” масъулияти чекланган жамияти банкрот деб топилган ва корхонага нисбатан тугатишга доир иш юритиш бошланган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўришнинг бош мақсади корхонани тугатиш эмас, балки уни соғломлаштириш ва тўловга қобилиятини тиклаш ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, давлати иқтисодиётининг ривожи учун муайян ҳисса қўшади.
Миллий қонунчиликка таклиф: қонунда мавжуд бўлган судгача санация институтини ривожлантириш керак, яъни қарздор ва кредиторлар ўртасида судгача санация тартиби жорий қилинса, ушбу ҳолатда ҳам қарздорнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан, банк қарздорлиги ва улар бўйича неустойка қарздорликларини судгача санация муддатига тўхтатиб туриш амалиётини жорий қилиш лозим. Ҳозирда судгача санация институти деярли қўлланилмайди ва бу тартиб-таомилда қарздор учун давлат томонидан ҳеч қандай молиявий кўмак назарда тутилмаган.
Корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолати масаласида жаҳонда илғор хорижий тажрибалар мавжуд бўлиб, ушбу ҳуқуқий муносабатлар Европа қитъасининг бир қатор мамалакатларида алоҳида банкротликка оид кодекслар, Америка Қўшма Штатларида эса АҚШ кодекси ва Банкротлик жараёнлари федерал қоидалари билан тартибга солинади. АҚШ ва айрим европа мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, тўловга қобилиятсизликка доир барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жамлаган ҳолда “Тўловга қобилиятсизлик кодекси”ни ишлаб чиқиш лозим. Чунки, ушбу соҳа ҳам кодекс билан тартибга солинадиган бошқа соҳалардан кўлами ва долзарблиги жихатидан кам эмас. Шунингдек, Японияда ҳам юридик ва жисмоний шахсларни тўловга қобилятсиз деб топиш жараёни мукаммал тартибга солинган деб ҳисоблаймиз. Кун чиқар мамлакатда тўловга қобилиятсизликка доир масалалар ҳукумат томонидан амалга оширилади. Суд орқали эмас. Ушбу жихатни миллий қонунчиликка жорий қилиш лозим, яъни тўловга қобилиятсиз деб топиш жараёнини суд орқали эмас, балки маълум бир ижро ҳокимяти томонидан амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш лозим. Мисол учун, солиқ органлари. Соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсизликка доир ишларни солиқ органлари томонидан амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, умумий тартибдаги тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ ишлар суд иш юритувида қолиши лозим. Ўз навбатида, Осиё қитъаси давлатларида ҳам бу борада муайян ижобий тажриба тўпланган. Масалан, Сингапурда тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолган корхоналарни соғломлаштириш ва тугатиш билан боғлиқ хизматлар давлат томонидан бериладиган лицензия асосида кўрсатиладиган махсус хизмат мавжуд.
Шундай қилиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, бизнинг муҳим вазифамиз кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборатдир. Шундай экан, бу борада корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлик масаласини қонуний тартибга солиш механизми долзарб аҳамият касб этади.
Саида Махмудова,
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси