“Гашиш” гиёҳвандлик воситасининг оғирлиги 2.87 граммни ташкил қилган
У.Мирзаев (исм-шарифи ўзгартирилган) судда, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам бир неча ойдан буён “гашиш” гиёҳванд моддасини истеъмол қилиб келгани, 2023 йил 26 апрель куни таниши Жамшид телефон қилиб, бир танишига “гашиш” гиёҳванд моддаси кераклигини, айтган пулини беришини айтганни, шунда Жамшид билан хар бир грамм гиёҳвандлик моддасини 250.000 сўмдан келишиб, 2023 йил 28 апрель куни унга нотаниш рақамдан бир аёл телефон қилиб, уни телефон рақамини Жамшиддан олганлигини, ўзига гиёҳванд моддаси кераклигини, ушбу гиёҳванд моддалари учун пул беришини айтгани, шунда у аёлга 3 грамм атрофида гашиш гиёҳванд моддаси борлигини айтиб, у аёл хохлаган таксини гаплашиб, ўша машинада Фарғона шаҳрига келишини, ўзи маст бўлиб қолганлигини, уни олдига бора олмаслигини, Фарғона шаҳар марказидаги “Эвос” номли кафе олдида кўришишларини айтган, шундан сўнг у Фарғона шаҳридаги “Эвос” номли кафенинг олдига келиб, у аёлга телефон қилиб кўришиб, у аёл ундан қанча миқдорда гиёҳванд моддасини олиб келганлигини сўраганида, унга тахминан 3 грамм атрофида олиб келганини айтганда, у аёл 900.000 сўм беришим керакми деб сўрагани ва у йўл ҳақи билан 900.000 сўм бўлишинин айтганида, аёл гиёҳванд моддасини олганидан сўнг, унга 450.000 сўм пулларни бериб, қолган пулларни бир таниши олиб келишини айтганлиги, орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг, фуқаролик кийимида бўлган ИИБ ходимлари холислар билан келишиб, хизмат гувохномаларини кўрсатишиб, унга нисбатан тадбир ўтказилганлигини маълум қилишган.
Суд-кимёвий экспертизанинг 2023 йил 29 апрель кунги хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган ўткир хидли, тўқ жигар рангли, пресланган ҳолдаги модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва унинг соф оғирлиги 2.87 граммни ташкил этишлиги кўрсатилган.
У.Мирзаев 2022 йилнинг куз ойларида Олтиариқ тумани, Гулобод қишлоғи ҳудудида жойлашган дала майдонидаги ариқ бўйларида ўсиб чиққан ёввойи “наша” ўсимлиги баргларидан териб олиб, қўллари билан ишқалаш йўли билан “гашиш” гиёҳвандлик воситасини тайёрлаганлигини маълум қилиб, ҳозирда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини, оилавий шароитини инобатга олиб, енгиллик беришни сўрасада жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 21 майдаги ҳукми билан У.Мирзаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Феруза Сиддикова, Фарғона вилоят судининг судьяси