Одил судловни “одил” амалга оширинг! (2)

Бош прокуратура ва Судьялар олий кенгашига!

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг 18.09.2024 йилдаги 3-1208-2403/3617-сонли қарорига асосан ҳуқуқбузар П.А.га нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) билан МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, БҲМнинг 3 (уч) баравари миқдорида, 1.020.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Мазкур қарор қабул қилинишида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги сабабли Бош прокуратура прокурор назоратини ўрнатиб, қуйидагиларга асосан унга протест келтириши, Судьялар олиш кенгаши эса судьянинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериши лозим бўлади:

Биринчидан, ишни кўриб чиқиш бошланишида суд таркиби ва ишни кўриб чиқаётган судья таништирилмади. Шунингдек, раислик қилувчи судья қандай иш кўриб чиқилишини, маъмурий жавобгарликка ким тортилаётганлигини эълон қилмади, ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари тушунтирилмади, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ўқиб эшиттирмади.

Такидлаш лозимки, МЖтКнинг 306-моддасига мувофиқ, ишни кўриб чиқиш шу ишни кўрувчи органнинг таркибини эълон қилиш ёки мансабдор шахсни таништиришдан бошланади. Ишни кўриб чиқувчи органнинг мажлисида раислик қилувчи ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахс қандай иш кўриб чиқилиши лозимлигини, маъмурий жавобгарликка ким тортилаётганлигини эълон қилади, ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва вазифаларини тушунтиради, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ўқиб эшиттиради. Мажлисда ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларнинг сўзлари эшитилади, келтирилган далиллар ўрганилади ва тушган илтимослар ҳал этилади. Ишни кўриб чиқишда прокурор қатнашган тақдирда унинг хулосаси ўқиб эшиттирилади.

Иккинчидан, ишни кўриб чиқиш давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини ҳамда ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ҳал этилишида аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқламади.

Бироқ, МЖтКнинг 307-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт.

Мазкур талаблар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 30.11.2018 йилдаги 35-сон “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 10-бандида ҳам белгиланган. Шунингдек, Пленум қарорининг 11-бандида суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бўлган, МЖтК 307-моддасида назарда тутилган барча ҳолатларни аниқлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Учинчидан, мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтида суд мажлиси баённомаси юритилмаган.

Маълумки, МЖтКнинг 308-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтида тегишли орган баённома юритади. Унда:
1) суд ишининг рақами, мажлиснинг санаси ва жойи;
2) ишни кўриб чиқувчи органнинг номи ва таркиби;
3) кўрилаётган ишнинг мазмуни;
4) ишда қатнашувчи шахсларнинг ҳозир бўлган-бўлмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;
5) ишни кўришда қатнашувчи шахсларнинг тушунтиришлари, уларнинг илтимослари ва бу илтимосларни кўриб чиқиш натижалари;
6) ишни кўриб чиқиш пайтида ўрганилган ҳужжатлар ва ашёвий далиллар;
7) қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттириш тўғрисидаги маълумотлар ва қарор устидан шикоят бериш тартиби ва муддатлари тушунтирилганлиги кўрсатилган бўлади.

Тўртинчидан, суд қарорида ҳуқуқбузар А.П суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришини сўраб кўрсатув берганлиги баён этилган.

Бироқ, Суд томонидан ҳуқуқбузарга ўзини таништириши ва фикрини ифода этиши учун сўз берилмаган, унга айбини тан олиши ёки йўқлиги ҳақида савол ҳам берилмаган. Шундай бўлсада, суд суд мажлисида аслида бўлмаган ҳолатларни тасвирлаб, суд қарорига ёлғон маълумотлар киритган. Бундан ташқари, суриштирув органига ёзган тушунтириш хатида ҳам ҳуқуқбузар ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлигини, бундай важларни инкор этишини таъкидлаган.

Бешинчидан, суд ҳуқуқбузар А.П шахсига аниқлик киритмаган бўлсада, суд қарорида уни ҳеч қаерда ишламаслигини белгилаган ва буни жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олган.

Бироқ, иш ҳужжатларида мавжуд бўлган суриштирув органига ёзган тушунтириш хатида ҳуқуқбузар ўз иш жойи ва лавозимини кўрсатиб ўтган. Расмий иш жойи ва лавозимини процессуал ҳужжатларда белгилаб ўтган бўлсада, судья суд мажлисида ундан шахсига аниқлик киритмаган бўлсада, қайси асосларга кўра уни суд қарорида ишсиз деб эътироф этганлиги номаълум. Бу эса ўз навбатида, судьяга нисбатан шубҳа уйғотиб, мазкур иш бир томонлама кўриб чиқилганлигини англатади.

Олтинчидан, суд А.П.га маъмурий жазо чорасини қўллашда унинг айбига иқрорлигини ва пушаймонлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиб, моддий аҳволини, бугунги кунда ҳеч қаерда ишламаслигини инобатга олиб, МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, МЖтКнинг 41-моддаси санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жарима жазосини тайинлаган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтилганидек, суд ҳуқуқбузардан айбини тан олиши ва унга иқрорлиги борасида савол бермаган, суриштирув органига берган ёзма тушунтиришида ҳам бу важларни инкор этган.

Бундан ташқари, суд ҳуқуқбузар А.П.ни гарчи унга доимий машғулоти ҳақида савол бермаган бўлсада, номаълум асосларга кўра ишсиз деб эътироф этиб, юқорида белгилаб ўтилган гўёки ўз айбига иқрорлиги ҳолатини инобатга олиб, мазкур ҳолатларни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиб, МЖтКнинг 41-моддаси санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жарима жазосини тайинлаган.

Пленум қарорининг 22-бандига кўра, суд муайян маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси ва турини белгилашда маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидаларига амал қилиши лозим, унга биноан жазони қўллаш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади (МЖтК 30-моддаси).

Еттинчидан, Пленум қарорининг 27-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарор МЖтКнинг 309-моддасида белгиланган талабларга жавоб бериши ва ишни кўриб чиқиш якунланганидан сўнг зудлик билан эълон қилиниши лозим.

Шунингдек, МЖтКнинг 311-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор ишни кўриб чиқиш тугаши биланоқ дарҳол эълон қилиниши ва у чиқарилган пайтдан эътиборан қонуний кучга кириши белгиланган бўлсада, бироқ, судья суд мажлиси тугаганида суд қарорини ўқиб эшиттирмади, процесс тугаганлигини ҳам билдирмасдан, бошқа ишни кўришга киришди.

Саккизинчидан, Пленум қарорининг 29-бандига кўра, МЖтКнинг 313-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитлар аниқланганда суд уларни бартараф қилиш юзасидан ҳуқуқбузарнинг ўқув, иш ёки яшаш жойига тақдимнома киритиши лозим.

Шунингдек, МЖтКнинг 313-моддасида ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаганда бу сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги тақдимномани тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига киритади. Раҳбар тақдим келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида уни киритган органга (мансабдор шахсга) кўрилган чоралар ҳақида маълум қилиши шарт.

Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқбузарнинг иш жойига мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги тақдимнома киритилмаган.

Тўққизинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Конституция ва Халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган ушбу инсоннинг шаъни ва қадр-киммати олий қадрият ҳисоблансада, суд мазкур ҳуқуқни қасддан поймол қилган ҳуқуқбузарга ишга ёлғон маълумотлар киритиб, уни бир томонлама кўриб чиқиб, адолатсиз жазо тайинлаган.

МЖтКнинг 321-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун: орган (мансабдор шахс) томонидан ишни тўлиқ бўлмаган ҳолда ёки бир томонлама кўриб чиқилиши; орган (мансабдор шахс) ҳал қилув қарорининг ва ушбу Кодекс Махсус қисмининг қўлланилган нормалари ва маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бошқа норматив ҳужжатлар ишнинг фактик ҳолатларига мос келмаслиги; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларининг жиддий бузилиши; қўлланилган маъмурий жазонинг адолатсизлиги асос бўлиб ҳисобланади.

Шу боис, ҳуқуқбузар доимий иш жойига эга эканлиги, аслида айбига пушаймон бўлмаганлигини инобатга олиниб, иш бўйича жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар ва тегишли модданинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинлашга асослар мавжуд эмас деб топилиб, қарор ўзгартирилиб, МЖтКнинг 41-моддаси санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинланиши ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун судья С.Рустамовнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим деб ҳисоблаймиз!

Гестапо.

Тафсия қилинганлар