Ассалому алайкум азиз ватандошлар! Балки ноламиз Аршига етиб борар, балки етиб бориб ҳам, Ердаги соялари хоҳлагандай бир иш бўлар, аммо фикрни айтмай, томошабин бўлиб туриш ҳам бизга эп кўринмайди.
Бу мамлакатнинг валломатлари қиладиган иш, танлайдиган йўллари чуқур илм сифатида ўрганилиши керак. Уларнинг мияларига келадиган фикр ва ғоялар қандай пайдо бўлиши, шаклланишини илмий ўрганиш керакка ўхшайди. Мен ҳозир улар бошлаган ғайри-оддий “юришлар” нинг ҳаммасини санаб беролмаслигим мумкин. Мен бир рўйхат тутиб уларнинг “қовун”ларини ёзиб юрмаганман. Бироқ халқ ўзи жуда яхши билади. Йўқ жойдан бир иш бошлашади, ақлинг етмайдиган ташаббус ва “почин”лар ихтиро қилиб юборишади. Одамлар норози бўлади, йўлига юрмайди, танқид қилади, аюҳаннос солади. Кейин, ҳалиги “оламшумул” янгиликлари ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади… Барака топгурлар, шундай экан, бир қарорга келгунча ўша масалани сал торозга қўйиб кўрайлик, у ёқ-бу ёғининг ўлчовини олайлик. Бирламчи бўлса ҳам одамларнинг фикрини эшитайлик. Ана ундан кейин ўзи маълум бўлиб қолади масала.
“Маданият ва маърифат” каналини қуритиб, ўша тўлқин, ўша чўнтакда бошқа канал бунёд қилмоқчи бўлишибди. Нимага айнан шунақа қилишмоқчи эканликларини айтишмайди. Бу канал бирон айб қилган бўлса, унга чора кўрилиши мумкин, ёпиб ташлаш шарт эмас, кимнидир жазолаш керакдир, унга ҳам йўл бор. Аммо ўзини “адекват” одам деб ҳисоблайдиган ўзбекистонлик кўрадиган биттаю битта канал ўзи шу. Тўғри, балки кўп нарсага улгура олмаётгандир, бугунги кун талабига етказиб кўрсатувлар тайёрлай олмаётгандир. Раҳбарияти ўтроқ бўлиб олиб, ўз майлига қараб хотиржам бўлиб қолгандир. Лекин буларни осонгина ҳал қилиш мумкинку. 30 га яқин телеканаллар ишлаб ётган бир мамлакатда янги бир канал очиш унчалик қийин иш эмаску. Хазинада пул тиқилиб ётган бўлса, керак-нокерак тадбирларга миллиардлар сарфлаб ётган бўлишса, битта канал ташкил қилиш чўт эмаску! Хусусий канал очадиган одам йиллаб сарсон бўлиши мумкин. Аммо давлатга шунақа канал керак бўлса, унинг бир таркиби бўлган вазирлик ўйнаб-кулиб очади бунақа канални! Нега “Маданият ва маърифат” каналининг ўрнида очиш керак?
Бошқа каналлар бу каналда берилаётган кўрсатувларни тайёрлашни ҳам билмайди, билса ҳам тайёрламайди — уларнинг форматига тўғри келмайди! Бошқа каналларнинг муҳаррир ва режиссёрлари бунақанги кўрсатувлар тайёрлаш ишидан чиқиб кетишган. Раҳбариятларига эса керак ҳам эмас.
Бу канал мамлакатимиз адабий ва маданий ҳаётида бўлаётган воқеа, ҳодиса, янгилик, ташаббус ва тадбирлардан иборат бўлган мағизи тўқ кўрсатувлар тайёрлайди. Балки бир оз зерикарлироқдир, балки бир оз вазминроқдир. Бунга қўшилиш мумкин. Лекин мавзуларнинг ўзи шуни талаб қиладида! Бу ерда ўйин-кулги, ҳазил-мазақ ва бачканалик кетмайди. Навоий ҳақида ҳингиллаб гапириб бўлмайди, Амир Темур ҳақида ликкилаб, қийшонглаб қандай сўз айтиш мумкин? Замаҳшарий ҳаёти ҳақида кўрсатувга қип-қизил шим кийган жиблажибон “йигит” ва сочини ёйиб, лабини шишириб олган “мадам”ча бошловчи бўла оладими? Ўйлаш керак-да!
Мана шу канал Ўзбекистон қалам аҳлини, журналистлари ижодини, рассомлари изланишларини, мусиқачилари дурдоналарини, умуман маданият ходимларининг кундалик ишларини тарғиб қилади, мақтайди, кўкларга кўтаради, 365 кун маърифат улашади. Аммо қизиғи, унинг ҳимоясида фақат оддий одамлар туришади…
Туризм яқин келажакда Ўзбекистон иқтисодига чексиз тушумлар олиб келадиган катта, жиддий соҳа. Бунга шубҳа йўқ. Бунинг учун алоҳида битта канал бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Керак! Аммо илтимос, у “Маданият ва маърифат” каналини йўқ қилиш эвазига бўлмасин. Анови канал ёмон, ўшани ёпинглар, демоқчимасман. Лекин юқоридаги гап — тарозу палласига қўйиб, заргарлар тоши билан ўлчаб кўрилса, ўзи маълум бўлади. “Республика маънавият ва маърифат маркази” ташкил этилсаю, шу номдаги телеканал ёпилса, мантиқсизлик бўлмайдими? Ахир телевидение катта кучку! “Маънавият маркази” бир йилда қиладиган ишни бу телеканал бир ой, бир ҳафтада қилиб қўйиши мумкин. Унинг миллионлаб томошабин мухлислари бор.
Аллақандай қишлоқ клубига юз-икки юз одам тўплаб уюштирилган тадбирдан экран олдидаги битта кўрсатув кучлироқ экани оддий ҳақиқатку! Мен бугун бўлажак актёрларга дарс бериб турган ўқитувчиман. Ёш талабалар Олим Хўжаев, Шукур Бурхонларни танишмаяпти! Эртага улар Эркин Комиловни ҳам, Гулчеҳра Жамиловани ҳам унутиб юборишади. Мақсуд Юнусов десам, танимайди, Ҳайбат Алиев десам тили калимага келмаяпти. Чунки билишмайди, эшитишмаган, кўришмаган!.. Шуми, “Учинчи ренессанс” қиладиган келажагимиз? Биз шуларга ишониб топширамизми, маданиятимиз, маърифатимизни?
“Маданият ва маърифат” канали ўша буюкларимиз яратиб кетган адабий-бадиий меросимизни жамлаган “Олтин фонд” дан телеспектакллар, видеофильмларни бериб боради. Бадиий картиналаримизни намойиш қилади. Кечаги алломаларимиз ҳақида бугунги алломаларимиз тили билан келажак алломалари учун кўрсатувлар тайёрлайди. Бошқа қайси каналда бор бу мақсадлар? Шуларни танимай, билмай, яхши кўрмай, эргашмай қанақа ренессанс яратиш мумкин!? МТРК таркибида бошқа каналлар ҳам бор, кам эффект бериб ишлайдиган. Уларнинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмайди. Ўшалар ҳам бюджет маблағларини сарфлаб ўтиришибди. Менимча, вектор йўналишини ўшалар томонга қараб ўзгартириш керак. Ўшанда ҳам етти ўлчаб бир кесишни эсдан чиқармаслик лозим.
Ёзишга ёздиму, яна кўнглим сезиб турибди — доимгидай биз гапириб-гапириб қолаверамиз, улар ўз билганларидай қилаверадилар!
Муслимбек Йўлдошев.