ЎҚИНГ ДОЛЗАРБ!
Кеча мустақиллигимизнинг 32 йиллигини нишонладик. Мени фикримча мустақилликга эришганимиз, хаётим давомидаги энг бахтли воқеа ва қадрият. Онгли, Ватанни қадрлайдиган инсонлар, мен билан хамфикр деб ўйлайман. Бунинг сабаблари жуда кўп
Мустақилликга эришишимиздан 4-5 йил аввал, талаба вақтимда, СCCР пропагандасига шубха билан қарай бошлаганман. Чунки Совет Иттифоқи инқирозга юз тута бошлаган даврларда, ОАВ орқали берилаётган маълумотлар билан реал хаётимиздаги фарқ жуда катта бўлиб кетган эди. Телевидение орқали аҳолининг бахтиёр ва тўқ хаёти хақида кўрсатувларни кўриб сўнг кўчага чиқиб транспортда юрсангиз, гастрономга кирсангиз ва бўш пештахталарни кўрсангиз, шуни ўзи хулоса чиқариш учун етарли эди.
Бундай вазият фақат ўша даврлардагина бўлмаган, Сталин давлат рахбари бўлган даврларда унинг сўзларини эшитганимисиз? “Жить стало лучше, жить стало веселее!” “Хаётимиз яхшиланди, хаётимиз қувноқлашди!”. Худди шу даврларда СССР бўйлаб 3 миллион халқ қамоқхоналарда бўлган ва уларнинг аксарияти сиёсий қарашлари ёки тухмат сабабли жазоланган. Қатағон даврида отишга хукм қилинганларни эса сонини билмайман, лекин бизнинг энг яхши ёзувчию-шоирлар, олиму-зиёлиларнинг қанчаси отишга махкум қилинганини эсланг. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори, Бехбудий . Менинг онам томонидан додам – Миркарим Мирахмедов, қатағон даврида 16 йил қамоқ жазосини ўтаган эдилар. Айблари мавхум, тухмат сабабли қамалган эдилар. Аслида, улар биринчи ўзбек зиёли педагогларидан бири бўлиб 1930 йилда ўзбек алифбосини Оқилхон Шарафий билан биргаликда яратган эдилар. Додам рахматлик жазони биринчи ўзимизда, кейин эса Енисей дарёсида жойлашган лагерда дарахтларни кесиб, азоб уқубатда ўтаганларлар, қамалганларидан 16 йил ўтиб, 1954 йилда, Сталинни ўлимидан сўнг озодликка чиқарилиб, оқланганлар. (Бу хақда 3 йил муқаддам мақола ёзган эдим)
Ўша даврларда бизнинг жадид ва зиёлиларимизни йўқотишларидан мақсадлари, миллатни, халқни “Бошини олиш” бўлган. Ўзбек халқининг хақ-хуқуқларини химоя қилишга қодир бўлганларни, вақти соати келиб мустақилликга олиб чиқиши мумкин бўлган зотларни қамаш ва ўлдириш орқали, мустақил бўлишимизни олдини олиш ва “профилактика” қилиш, ўша даврларнинг ўзида Совет Иттифоқининг стратегик мақсади бўлган эди.
Хозир уйдаман, даволанаётган вақтимда YouTube орқали хар хил кўрсатувларни кўриб ётибман. Мени хайрон қолдирган ва Сизлар билан бўлашишга арзигулик икки-уч масала мавжуд экан, уларни баён қилмоқчиман;
Юртимизда яшаётган, ўзига хос нуфузли бир инсондан интервью олишаётганда, “Совет Иттифоқи қулаган вақтда, бизни ташлаб қўйишди, тақдир тақозоси ташлаб қўйди”, деб айтгани мени жуда хайрон қолдирди. Фикри қисман тўғри, албатта, мустақилликга чиқишимиз учун, худди Болтиқ бўйи республикалари каби харбий зиддиятлар кузатилмаган ва юзага келган вазиятдан тўғри фойдаланиб, мустақилликга эришган эдик, лекин буни “Бизни ташлаб кетдилар” деганда, ачиниш хисси бордек туюлди менга, балким адашгандирман. Лекин афсуски, худди шу хиссиёт билан яшаётган инсонлар хам топилади. Чунки мустақил бўлганимиздан сўнг, иқтисодиётда юзага келган янги вазиятга мослаша олмаганларга қийин бўлди. Мен хам хаётимда жуда кўп қийинчиликларни бошимдан кечирганман, лекин шунга қарамай, мустақил давлатда яшаш бахтига эришганим учун, хаммасига чидашга тайёр эдим ва вазиятга мослашишни уддаладим.
Яна бир видеолавхада, бундан хам қизиқарли ва мен учун янги бўлган маълумотларга эга бўлдим. Африкадаги Бурунди давлати хақидаги лавхада, қора танликларни, тарихда қулликни бошларидан кечирганлари хақида сўз борди. 1600 -1800 йилларда Африкадан Шимолий ва Жанубий Америкага қора танлиларни кемаларга жойлаб, Атлантика океани орқали олиб кетишиб, қулликга, қийин ва жабрли хаётга махкум қилишганлари хақида кўп эшитган ва буни амалга оширган Америкаликларга ёмон кўз билан қарар эдик. Кўрсатув авторининг сўзларига қараганда, ўша даврдаги Африкадаги майда қиролликлар бунга сабабчи бўлишган экан. Улар, бир-бирлари билан уруш қилишар, ютуқга эришган қироллар эса, душман қиролни ўлдириб, аскарларини эса қул қилиб, Африкани ўзида сотишар экан. Колумб Американи очиб, у ерга Европаликлар аста секин кўчиб ўтишаётган вақтда, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, кейинроқ саноат соҳаларида мехнат кучи кўплаб керак бўлган. Бу вазиятда, текин мехнат кучи жуда қўл келган ва шу даврда, Африканинг Бурунди давлати ва унинг атрофидаги давлатлар худудларидан, қулларни арзимаган пулга сотиб олиш имкониятидан хабар топган “учарлар”, қулларни ғолиб бўлган қироллардан арзон нархга сотиб олиб, Америкага олиб бориб қимматроққа сотишни бошлашган экан. Маълумотларга қараганда, ўша даврлар давомида 10 миллионга яқин қора танликларни сотиб юборишган. Нархларга эътибор беринг. Тамакининг бир халтасига 15 та қул, ўша даврдаги замбарак учун эса 20 бақувват қул алмаштирилган. Хозирги Бурундининг давлат рахбари, бўлиб ўтган воқаларни эслаб, халқидан уша даврдаги қиролларнинг ишлари учун кечирим сўраган ва шу сабабли жуда катта мухокамаларга сабаб бўлган экан. Бурунди 1960 йилгача Франциянинг колонияси бўлган, хозиргача ахолиси мехмонлар билан, инглиз тилида эмас француз тилида гаплашар, баъзилари Францияга бориб, ўқиб, ишлаш имкониятига эга бўлаётган эканлар. Лекин Франция пропагандаси таъсири доирасида эмас эканлар. Хатто киноларни хам Африка давлатларида ишлаб чиқарилганини кўпроқ кўришар экан.
Мен буни нима учун ёзяпман. Бугунги кунда планетамизда катта ва кучли давлатлар кўп. Уларнинг хар бири, ўзларининг сиёсатини оқлаш учун, ўз халқи ва халқаро жамият олдида рост ва ёлғон маълумотларни сиздириб, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринишади.
Бизнинг Ватанимиз – туғилиб ўсган, яхши хаёт ва қийинчиликларни бошимиздан кечирган, бир бурда халол нонимизни топиб, бола чақамизни боқаётган ва шу жойга кўмиладиган масканимиз хисобланади. Албатта хар бир жойда ўзига хос қийинчиликлар мавжуд. Ўша халол нонимизни топиш учун, бошқа давлатларга чиқиб, мехнат қилаётган Ватандошларимизни хам тўғри тушунаман, лекин нон топаётган давлатларнинг таъсирида бўлишлари шарт эмас, аксинча бизнинг Ватанимизнинг келажаги стратегиясини билишимиз, иштирок этишимиз мухим деб хисоблайман. Бошқа давлатларнинг ўз халқи учун тайёрлаган “овқат”ини еб (маълумотлар ва тарғиботини ўзлаштириб) уларнинг таъсирига тушиб қолишдан сақланишимиз керак.
Юқоридаги маълумотларни нима учун тақдим қиляпман. Ўзга, кучли давлатларни сиёсатини оқлайдиган, бошқа давлатларга қарам бўлса хам, улар учун муҳими қорнилари тўқ бўлишини орзу қилаётганларни “Қуллик психологияси” қамраб олганлигини ва бу хато эканлигини тушунтириш учун ёзаяпман. Ёзганларим сабабли, мени хақорат қилиш, ўзларининг позицияларини оқлашга тайёр турганлар бордир, лекин уларнинг бирортаси, маълумотларимни таҳлил қилишса ва ўз қарашлари ва фикрларини ўзгартиришса, бу ёзганларимни оқлайди ва фойдали бўлади деб ўйлайман.
Хаёт ва ўлим орасидаги масофа – бир қадам. Яқинда бунинг ўзим гувоҳи бўлдим. Оллох берган умримизни қачондир яшаб бўламиз ва бу дунёни тарк этамиз. Келгуси авлодларимизга, қорнимиз оч бўлганми ёки тўқ бўлганми бунинг ахамияти йўқ. Биздан озод, ривожланган ва мустақил давлат қоладими ёки бошқа давлатга қарам, иқтисоди оқсаган, мустабид қоладими шуниси муҳим ва бу масала бизга хам боғлиқ. Шунинг учун биз, фақат ва фақат мустақиллигимизни қадрлашимиз, асрашимиз, худо кўрсатмасин унга тахдид уйғонса, жонимизни беришга тайёр бўлишимиз керак. Чунки бизнинг Ватанимиз МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН!
Бобур Расулев