Фарғона шаҳрида яшовчи А.Ў аввал ҳам шундай қилмиши учун жавобгарликка тортилган бўлишига қарамай, шу йилнинг 8 январь куни соат 20:30ларда ўз ихтиёрида бўлган шаҳарнинг А.Навоий кўчасида жойлашган кўпқаватли уйлардан бирининг 2 та хонадонида жами 700.000 сўм эвазига икки нафар эркакка қизлар билан жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, қўшмачилик қилган. У Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган “Орият-2023” тадбири давомида ушланиб, ундан 700.000 сўм миқдоридаги пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
2023 йилнинг 11 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида юқоридаги жиноят иши кўриб чиқилди. Унда А.Ў ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Фарғона шаҳар А.Навоий кўчасида жойлашган кўпқаватли уйнинг 13 ва 16-хонадонларини ўзи “ижарада туриш учун” деб олиб, интернет тармоғи орқали ушбу уйларни ижарага бериш ҳақида эълон берганини айтди. 2023 йил 8 январь куни бир одам унга қўнғироқ қилиб, “ака мижозизман, ўтган сафар ҳам жой қилиб берган эдингиз, яна тинчроқ жойдан уй керак, шунга телефон қиляпман, кечга яқин сизга боғланишади, қаердан бўлади бу сафар уй, сизга шу номердан боғланади” деб айтади. Берилган рақамдан қўнғироқ бўлади ва у уй борлигини айтади.
Кечки пайт шаҳардаги кафелардан бирининг олдида “мижозлар” билан учрашиб, уларга Фарғона шаҳар А.Навоий кўчасидаги кўпқаватли уйнинг 13 ва 16-хонадонларига киришлари мумкинлигини айтади. Эвазига уйлардан бирига 300.000 сўм иккинчиси эса 400.000 сўм пул берилишини айтганида, улар нариги машинадаги шериги тўлашини айтиб, бошқа машинада ўтирган шеригидан 700.000 сўм пул олиб келиб беради.
Шундан сўнг фуқаролик кийимида бўлган бир нечта шахслар келиб, ўзларини ИИБ ходими эканлигини, “Орият-2023” тадбири ўтказилганини маълум қилишади. Шунда у олган пулларини ўз ихтиёри билан ИИБ ходимларига топширган ва ходимлар ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган. Ҳозирда қилган ишларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, пулга муҳтож бўлиб, шу ишни қилганини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Судда гувоҳлик берган Р.С (аёл)нинг айтишича, 2023 йил 8 январь куни “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги профилига нотаниш йигит хабар ёзиб, танишиб, кўришишни таклиф қилганини, суҳбат давомида жинсий алоқа қилишни сўраганида, 200 АҚШ доллари эвазига жинсий алоқа қилишини айтади. У рози бўлиб, дугонасини ҳам олиб келишини, 400 АҚШ доллари беришини айтади. У жой ҳам топишни, пулини беришини айтиб, бир танишидан “А” исмли йигитни “Телеграм” профилини юбориб, шу билан жойни гаплашишни айтади. Унга қўнғироқ қилиб жой сўраганида, у кафелардан бирининг номини айтиб, ёнига келиб телефон қилишни айтади. Кечки пайт у ерга бориб, қўнғироқ қилишганида А.Ў чиқиб жой борлигини, 500.000 сўмдан ижарага бераётганини, лекин уларга арзон қилиб беришини айтади. Сўнг дугонаси И.Х.га қўнғироқ қилиб, уни ҳам чақиради.
Шунда А.Ў Фарғона шаҳар А.Навоий кўчасидаги кўпқаватли уйнинг 13 ва 16-хонадонларига киришларини, уйлардан бирига 300.000 сўм иккинчисига эса 400.000 сўм бериш кераклигини айтади. Ўзи билан келган йигит нариги машинадаги шериги тўлашини айтиб, бошқа машинада ўтирган шеригидан 700.000 сўм пул олиб келиб беради. Шундан сўнг хонадонга кириб, у билан жинсий алоқада бўлган пайтида ИИБ ходимлари томонидан ушланганини, шунда олган пулларни ўз ихтиёри билан топширганини маълум қилди.
Суд ишни кўриб чиқиб, А.Ў.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 131-моддаси 4-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шунингдек, унга Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2022 йил 28 февралдаги ҳукмига кўра тайинланиб, кейинроқ шу суднинг 2022 йил 26 декабрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси тартибида ўталмаган 1 йил 4 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишнинг шартлилиги бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60 ва 61-моддалари тартибида мазкур ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини қисман қўшиб, узил-кесил 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судья ёрдамчиси Қодиров Самандар Ҳакимжон ўғли.