Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.
Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади”.
Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.
Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу жиноятга “Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.
Бугунги кунда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар адлия органлари тизимида ҳам ҳали-ҳамон учраётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида судлар томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судья ёрдамчиси Ш.Алиёров