Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2023 йил 11 апрель куни қабул қилинган қонун айни шу ишларнинг мантиқий давоми ва албатта, кенг жамоатчиликни узоқ муддат давомида орзиқиб кутган воқелиги бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзига хос муҳим ўзгаришлар қабул қилинди.
Хусусан, кодексга янги модда, яъни 1261-модда киритилиб, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса жиноий жавобгарлик белгиланди.
Мазкур қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Шунингдек, ушбу модда билан бир қатор қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, булар хусусан хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга енгил, ўртача ёки оғир тан жароҳатлари етказганлик учун;
– шу билан бирга, юқоридаги тан жароҳати етказиш ҳаракатлари оғирлаштирувчи ҳолатлар, яъни:
икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
ҳомиладор аёлга нисбатан;
ўта шафқатсизлик билан;
ғаразли ниятларда, диний таассублар замирида;
бир гуруҳ шахслар томонидан;
такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари Кодекснинг 97, 104 ва (ёки) 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
ўта хавфли рецидивист томонидан;
қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб;
жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса жиноий жавобгарликлар белгиланди.
Содда қилиб айтганда, ҳар бир оилавий муносабатларга киришган ва айни вақтда қонуний статусидан қатъий назарда биргаликда яшаб келаётган шахслар, эр, хотин ва уларнинг умумий ва умумий бўлмаган фарзандларига нисбатан содир этилган ҳар қандай жисмоний тазйиқ ўтказиш, тан жароҳатлари етказганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланди. Мазкур ўзгаришнинг ўзига хос томони шундаки, қонунда ҳар бир содир этилган жиноий қилмиш алоҳида қисм ва банд сифатида ажратилиб, жиноий жазо ҳам шунга яраша оғирлашиб боради.
Қайд этилган қонун ўзгаришлари Ўзбекистон Республикаси қонунларига хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Мазкур ўзгартишлар албатта, энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.
Шу ўринда яна шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2023 йил 10 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 15-бандида, “Жамиятда аёл юристлар роли ҳақида ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари тўғрисида” шаҳар суди судьялари томонидан тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.
Жумладан, Фарғона шаҳар, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган тадбирда ҳам юқоридаги мавзулар кенг тарғибот қилиниши билан бирга сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг
1261-моддаси билан айбланган М.К. га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 661-моддаси тартибида, тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Одилжон Исмоилов,
Аброрхон Акрамов,
Жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судялари

 

Тафсия қилинганлар