Ҳе инновациянгдан ўргилдим.
Ушбу расмдаги (06.10.23. 14:55 да олинган), яма деймизми, ўпирилган, қопқоғи ўмарилган қудуқ деймизми, диаметри бир метрдан кўп бўлса керак, пайдо бўлганидан бери анча сувлар оқиб, юз минглаб мошинлар ўтиб кетдиёв! Шу десангиз, тўсиқни англатувчи хоразмча айтганда шоҳанинг барглари бор эдиёв, энди кўраётганингиздек хазонлари буришиб ётибди. Ахлатга ҳам тўлмоқда… Ишқилиб шу вақтгача бу билан боғлиқ бирор кор-ҳол бўлмаган бўлсинда. Ахир бу йўл тана-пана йўл эмас, Урганчнинг “Машъал” чорраҳаси, шаҳар бандлик идорасини олди бўлса, яъни, дим ўтар-кетар ердаги йўл қисмининг бундай аянчли кўринишига қачон барҳам берилади? Айтганча, ЙПХ ва транспорт бошқармаси ходимлари бу жойни яхши кўришганидан бу ерда тез-тез рейдга турадилар, йўл қопламаси носозлиги уларнинг ваколатига кирмаса керагов, бўлмаса аллақачон тузатиларди… Автодорчилар наҳотки шу йўлдан ҳеч юрмаган бўлсалар? Ҳадемай совуқ кунлар, ёғин-сочинлар бошланади, ана унда ҳар қандай носозликни тузатиш кўшимча дардларни туғдирадида, “ниначи”га ўҳшаб қийналмасинлар деймизда! Инкогнито қудуқ ва йўл эгалари мазкур ҳолат зудлик билан бартараф этилгани тўғрисида бизга албатта хабар берадилар деган ўй билан Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига ушбу мақоламизни илиндик. Расмий муносабат кутиб қоламиз. Шунгача, бу ерда бирон кор-ҳол бўлмагай деб дуода бўлиб турамизда!
©Қаҳрамон Эшчанов, мустақил журналист, ANTIKORRUPSIYA OAV учун махсус тайёрланди.