Куннинг муҳим хабари: Самарқандда қиймати 1 млрд 668 млн сўмлик 117 минг қутидан зиёд сигарет ва чилим учун тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди.
Бугун Самарқанд шаҳридаги марказий чиқинди полигонида божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди. Божхона қўмитасининг Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ташкил қилинган тадбирда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими вакиллари ҳам иштирок этди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида божхоначилар томонидан республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 114 минг 448 қути сигарет ҳамда чилим учун тамаки маҳсулотлари Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилгани фош қилинган эди.
Жорий йилнинг май ойида вилоятда аниқланган яна бир ҳолатда эса қиймати 48 млн. сўмдан 2760 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган эди.
Бугунги тадбирда эса айни шу иккала ҳолат юзасидан суднинг тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича қарори ижроси таъминланди. Тадбир давомида тамаки маҳсулотлари махсус техникалар кўмагида янчилди, сувга бўктирилди ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди. Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири доирасида журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди. Брифингда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Мухаммадиевнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 76,2 миллиард сўмлик салкам 4,9 млн. қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 млн. қутини ташкил қилган.
Самарқанд вилоятида эса жорий йилда божхона ходимлари томонидан аниқланган 16 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 2,1 миллиард сўмлик 148 минг 819 тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айланма солиқ, алкоголь ва тамаки акцизининг йиғилувчанлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш, хуфиёна айланмага қарши курашни кучайтириш юзасидан топшириқлар берилган эди.
Тамаки маҳсулотларини йўқ қилишга қаратилган тадбир эса ушбу топшириқ ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Давлат божхона қўмитасининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими.