200.000 сўм эвазига қўшмачилик қилган эркак судланди
Қўшмачилик ҳақида эшитганимизда кўз ўнгимизга жирканч иш билан машғул бўлмоқчи бўлган шахсларни қўшиб берган ёки уларни шу йўлга бошлаган шахслар кўз ўнгимизга келади. Бу иш билан ёш йигитнинг шуғулланиши эса барчани ўйланиб қолишга мажбур қилади.
Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида, Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, эндигина 23 ёшга кирган Б.Абдуллаев 2023 йил 25 апрель куни “Telegram” ижтимоий тармоғида ижарага уй бериши бўйича эълон бериб, 200.000 сўм эвазига, махсус тадбир иштирокчиларига ўзи яшаб келаётган хонадонда жинсий алоқа қилиш учун шароит яратиб, қўшмачилик қилган вақтида ушланиб, холислар иштирокида ундан тадбир учун ажратилган 50.000 сўм купюрадаги жами 200.000 сўм пуллар далилий ашё тариқасида олинган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида Б.Абдуллаевга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 131-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 240 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди. Жазони мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар томонидан белгилаб берилган жойларда ўташлик белгиланди.
Бу ҳолатда, Б.Абдуллаев ўзига керакли хулоса қилди ва бундан буёғига қонунга бўйсунган ҳолда яшайди деган яхши гумонда бўламиз.
О.Исмоилов Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси