Банк тизимидаги қаллобликлар, ҳоким ёрдамчилари ва нопок схемалар

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон банк тизимидаги қаллоблик ҳолатлари жиддий ижтимоий муаммога айланиб бормоқда. Бу жиноятларнинг энг хавфли томони — улар тизимли тус олгани ва айрим мансабдор шахслар иштирокида амалга оширилаётганидир. Айниқса, ҳоким ёрдамчилари институти бу жараёнларда салбий рол ўйнаётгани ҳақида жамоатчиликда жиддий эътирозлар пайдо бўлмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, имтиёзли кредитлар аслида аҳолини қўллаб-қувватлаш воситаси бўлиши керак эди, аммо айрим ҳоким ёрдамчилари ушбу кредитларни чиқаришда воситачига айланиб, улардан шахсий улуш олишни одат қилган. Баъзан эса кредитлар фуқаролар номига расмийлаштирилиб, амалда уларнинг маблағлари бошқа манфаатлар йўлида ишлатилмоқда. Натижада, кредит расмий эгаси бўлган фуқаро қарздор бўлиб қолмоқда, пул эса бошқалар қўлида айланмоқда. Бу — молиявий адолатга очиқдан-очиқ хиёнатдир. Яна бир хавфли ҳолат — KPI кўрсаткичларини сунъий ошириш амалиёти. Норасмий банд аҳоли қатлами номига деҳқон хўжалиги ерлари расмийлаштирилиб, улар «расмий иш билан таъминланган» сифатида ҳисобга олинмоқда. Амалда эса бу фуқаролар ердан ҳам, даромаддан ҳам бехабар.
Оқибатда, улар солиқ органлари олдида қарздор бўлиб қоляпти. Давлат бюджети эса қоғоздаги ҳисоботлар орқали талон-тарож қилинмоқда. Бу ерда мақсад битта — ҳисобот чиройли, ҳақиқат эса аччиқ. Энг ташвишли жиҳатлардан бири — фуқароларнинг банк карталари, электрон калитлари ва шахсий маълумотлари айрим ҳоким ёрдамчилари ва банк ходимлари қўлида жамланганидир. Аҳолининг кўп қисми молиявий ва рақамли саводхонликка етарли даражада эга эмас. Бу эса қаллоблар учун «очиқ эшик» вазифасини ўтамоқда. Пластик карталардан пулларнинг ўғирланиши кўп ҳолларда айнан банк тизимидаги нопок ходимлар ва маҳаллий даражадаги мансабдорлар ўртасидаги тил бириктириш натижасидир. Сўнгги вақтларда яна бир хавфли схема авж олмоқда, яъни «фирибгар банкирлар ва ҳоким ёрдамчилари» фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг кўчмас мулкини гаровга қўйдириш орқали банклардан йирик миқдорда кредитлар расмийлаштирмоқда. Кредит маблағлари амалда фирибгарлар томонидан ўзлаштирилади, оқибатда эса қарз юки ва банк босими мулк эгаси зиммасига тушиб қолмоқда. Бу ҳолатларда энг кўп жабр кўраётганлар — соддадил, ҳуқуқий ва молиявий саводхонлиги етарли бўлмаган фуқаролардир. Улар ишонган одамларининг фирибгар эканлигини фақат суд чақируви қоғози ёки банк огоҳлантириш хатидан кейин билиб қолишяпти. Натижада одамлар уй-жойидан, хотиржамлигидан, баъзан эса ҳаётга бўлган ишончидан айрилмоқда.
Энг аччиқ ҳақиқат шундаки, кўп ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби жиноятларнинг олдини олишда ҳам, содир этилган фирибгарликларни очишда ҳам самарали чора кўра олмаяпти. Фирибгарлар жазосиз қоляпти, жабрланувчилар эса адолат излаб сарсон.
Бу ҳолат жамиятда қонунийликка бўлган ишончни сусайтиради. Адолат ўз вақтида тикланмаса, у адолат бўлмай қолади.
Банк тизими — иқтисодиётнинг юраги. Агар юракда вирус бўлса, бутун организм оғрийди. Шунинг учун ҳам бу соҳадаги қаллобликларга нисбатан муросасиз муносабат бўлиши шарт. Ҳоким ёрдамчилари институтини қайта кўриб чиқиш, банкларда ички назоратни кучайтириш ва киберхавфсизлик чораларини қатъийлаштириш — кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.
Акс ҳолда, ишонч йўқолади. Ишонч йўқ жойда эса тараққиёт ҳам бўлмайди.

Баҳодир Сапаев ANTIKORRUPSIYA асосчиси

Мурожаат учун
👇
@Antikorrmurojaat_bot

Каналимизга обуна бўлинг
👇
http://t.me/antikorruz

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.