Фуқаролик судларида бепул адвокат кимларга берилади?
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам бу- тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиши учун адвокат фақат жиноят ишлари бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан жалб этилар эди. Эндиликда қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам бепул адвокатлар қатнашиш жорий қилинди. Бу 2023 йил 16 июнда қабул қилиниб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун билан мустахкамланди.
Ушбу Қонуннинг 9-моддасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар белгиланган тартибда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди. Ушбу Қонуннинг 11-моддасига асосан фақат ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги, ишга тиклаш ҳақидаги, иш ҳақини ундириш тўғрисидаги, алиментларни ундириш ҳақидаги, уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги, меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишлар юзасидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.
Унга кўра ҳозирги кунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилган. Мазкур адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими http://e-advokat.uz орқали тасодифий танланади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали юборилади. Фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан юборилади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни юборишда ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахснинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турганлиги ҳақидаги маълумотлар «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали автоматик равишда текширилади. Агар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади ва кўриб чиқиш учун махсус ваколатли давлат органига юборилади. Агар жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турмаган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров юқоридаги Қонун талабларига мувофиқ бўлмаганда;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза жисмоний шахснинг вакили томонидан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмасдан берилганда;
психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси мавжуд бўлмаганда;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлмаганда;
жисмоний шахс (унинг вакили) томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри ахборот мавжуд бўлганда;
жисмоний шахсга илгари фуқаролик ишлари ёки маъмурий ишлар бўйича айни ўша тарафлар ўртасидаги низо юзасидан айни ўша предмет тўғрисидаги ва айни ўша асослар бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари қўлланилган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (бундан янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳоллари мустасно).
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсни ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров юборган ваколатли органни (мансабдор шахсни) рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилганлиги устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
Қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдамни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Агар фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахснинг фойдасига қабул қилинган бўлса, суд иккинчи тарафдан адвокатнинг ёрдамига ҳақ тўлаш бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қонунчиликда белгиланган миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети фойдасига ундириб олади, бундан иккала тараф ушбу Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар деб эътироф этилган ҳоллар мустасно. Жисмоний шахс ўзининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар тоифаларидан бирига киритилиши мақсадида ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги факти аниқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни юридик ёрдам олган жисмоний шахс томонидан қопланади.
Хулоса қилиб айтганда бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирилиши ва шаффофлаштирилиши фуқароларга одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Элёржон Исмоилов, фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг раиси