Кредит шартномаси ва унинг моҳияти
Бугунги кунда судларда кредит ва қарз муносабатларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан мурожаатлар сони кўпайган. Таъқидлаб ўтиш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар бирор бир молиявий мақсадига тезроқ эришиш масаласини банкдан кредит олиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қилади. Шунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар томонидан банк кредитларидан кўплаб фойдаланилмоқда
Кредит муносабатлари кредитор ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси тузиш орқали амалга оширилади. Кредит шартномаси бу қарзнинг алоҳида, мустақил кўринишидан бири бўлиб, шу ўринда унинг тушунчасига таъриф беришимиз жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддасида кредит шартномасининг тушунчаси белгиланган бўлиб, унга кўра кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Қонун талабига кўра кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Кредит шартномаси кредиторга ҳам, қарз олувчига ҳам мажбуриятлар юклайди. Ҳар бир томон иккинчи томон фойдасига мажбурият олади, масалан, кредитор қарз олувчига пул суммасини беришга мажбур ва келишилган муддат ўтганида, берилган кредит суммаси ҳамда унга ҳисобланган фоизларини талаб қилиш ҳуқуқига эга, қарз олувчи эса кредит шартномасида назарда тутилган кредит суммасини берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиб шу билан бирга берилган кредит суммасини келишилган муддатда устамаси билан қайтаришга мажбурдир.
Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасида кредитнинг мақсади, яъни нима мақсадда кредит маблағи ажратилаётганлиги, кредитнинг шартлари, шартноманинг амал қилиш муддати, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кредит қайтарилишини таъминланиши, низоларни ҳал этиш тартиби кўрсатилади. Шунингдек тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасида кредитни қайтариш жадвали ҳам кўрсатилади ёки кредитни қайтариш жадвали тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасига илова қилинади.
Қарз олувчи кредит шартномасида кўрсатилган кредит маблағини кредитни қайтариш жадвали асосида ўз вақтида тўлаб бориши шарт. Акс ҳолда кредитор қарздорга нисбатан кредит шартномаси бўйича юзага келган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш, тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратиш талаблари билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 746-моддасида, кредит бериш ёки олишдан бош тортиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.
Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчига ажратилаётган кредит маблағларидан қарз олувчи мақсадли фойдаланиши, шунингдек кредит шартномаси орқали тарафлар зиммасига юклатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз вақтида бажарилиши кредит шартномасининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Фарғона вилоят судининг иқтисодий
ишлар бўйича судьяси
Умматова Мавлудахон Қодировна