Кўзим кўрмаганлиги сабабли тахминан пичоқни унга урдим.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида судланувчи С.Акбаров (исм-шарифи ўзгартирилган)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинди, суд ҳукмига кўра, муқаддам бир неча маротаба судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, ушбу жазоларни ўтаб чиққан С.Акбаров Фарғона шаҳрида жойлашган “Саховат” интернат уйида яшаб келиб, 2023 йил 25 февраль куни “Саховат” интернат уйи биносининг 1-бўлим, 12-хонасида мазкур интернат уйида яшовчи Х.Наримов билан бир-бирини ҳақорат қилганлиги юзасидан келиб чиққан адоват замирида ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб кетиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Х.Наримовни танасининг турли соҳаларига уриб, тан жароҳати етказган ва натижада Х.Наримов олган тан жароҳати билан шифохонага ётқизилиб, шифокорларни кўрсатган тиббий ёрдамига қарамасдан, 2023 йил 08 март куни олган тан жароҳатлари натижасида шифохонада вафот этган.
Судда, С.Акбаров айбига тўлиқ иқрорлик бўлиб, Фарғона шаҳар Гулистон кўчаси 9-уйда жойлашган “Саховат” интернат уйида яшаб келиши, 1-гуруҳ ногирони экани, 2013 йилдан кўзи кўрмай қолгани, Х.Наримов ҳам шу ерда яшаб, даволаниб келгани, Х.Наримов жуда кўпчилик билан жанжаллашиб келгани, 2023 йил 25 февраль куни соат 11:30ларда 1-бўлим коридорида юрган вақтда Х.Наримов ҳар хил гапларни гапириб, устидан кула бошлаганини, шунда у билан гаплашиб олишини айтиб, хонага киришни айтганида Х.Наримов дўқ қилиб гапира бошлаган, унга баланд овозда гапириб, бақир-чақир қилгани, шунда Х.Наримов юзига шапалоқ тортиб юбориб, уни онасидан ҳақорат қилиб, шахсиятига тегадиган гапларни гапирганидан жаҳли чиқиб, Х.Наримов С.Акбаровни ёнига келиб, унга ташлангани ва улар йиқилишгани, шунда кровати остида турган пичоқ қўлига кириб қолгани ва пичоқ билан Х.Наримовни танасини турли соҳаларига бир неча маротаба ургани, лекин неча маротаба ва қаерига пичоқ урганини билмаслиги, чунки кўзи кўрмаганлиги сабабли тахминан пичоқни унга ургани, Х.Наримов ҳам қаршилик қилгани, бақир-чақирни эшитиб, интернат уйида хизмат қилувчи ходимлар келиб, уларни ажратишгани, уни ўлдириш мақсади бўлмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳақида, шунингдек судда жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳлар воқеа юзасидан ўз кўрсатувларини беришган.
Суд, судланган С.Акбаровга жазо тури ва меъёрини тайинлашда содир этилган жиноят бўйича жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб топиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, уни кекса ёшдалигини, 1-гуруҳ ногирони эканини, кўзи ожизлигини, жабрланувчининг қонуний вакилининг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ва судланувчига енгиллик беришни сўраганлиги, жиноят содир этиш сабаблари ва унда жабрланувчининг салбий тавсифланганини ва жиноят содир этилишига бевосита сабабчи бўлганини содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар эканлигини эътиборга олиб, уни келгусида жиноий фаолиятини давом эттирмаслиги мақсадида суд ҳукми билан С.Акбаровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “в,д” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазони, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Камолиддин Рахимов, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси