ОҚ КЎЙЛАК ВА ҚОРА ШИМ КИЙИБ ОЛГАН ШАХС БЕШ ЮЗ МИНГ БЕРИШИ КЕРАК ЭДИ
Ф.Акбарова (исм-шарифи ўзгартирилган) судда, 2023 йил 13 июнь куни соат 07:00 ларда қариндошини кўриб келиш учун турмуш ўртоғи Ш.Юсупов билан бирга уни “Жигули” русумли автомашинада йўлга чиқишгани, соат 13:00да Боғдод тумани Дурмонча қишлоғига холаси Кароматни ҳовлисига етиб боришган, у ерда соат 17:30га қадар улар билан суҳбатлашиб ўтиришган, турмуш ўртоғи уларни ташлаб Қувасой шаҳридаги уйига бир ўзи кетган, соат 18:00ларда туман марказининг мол бозори бўладиган жойдаги йўл ёқасида турганида олдига бир нафар ёши 40-45 лар атрофидаги бўлган шахс олдига келиб ундан “синглим қаерга борасиз” деб сўраган, Фарғона шаҳрига кетаётганлигини айтгани, бу шахс қўлида дўконда ишлатиладиган қора полетилен пакетда бир нарса кўтариб олгани, у шахс унга агар Фарғонага кетса қўлидаги юбориладиган сумкаси бор эканлиги, шуни олиб кетишини, уни Олтиариқ тумани марказидаги Фарғона шаҳрига қатновчи автомашиналар турадиган жойда музқаймоқ сотидиган жойда оқ кўйлак ва қора шимда бир нафар шахс ўзи келиб олишини, эвазига унга 500.000 сўм беришини айтгани, пулга зориқиб қолгани учун, уни таклифига рози бўлиб, унга берилган нарсани нима эканлигини ҳам сўрамасдан, нарсани олиб машинага чиқиб кетгани, нарсани оладиган шахсни исмини ва телефон рақамини ҳам айтмагани, у шахс унга Олтиариқ тумани марказига бориб, музқаймоқхона ёнига бориб турганида у ерда ўзи келиб олиб кетишини тушунтиргани, йўловчи “Дамас” машинасида Олтиариқ туманига соат 19:30ларда етиб келиб Фарғона шаҳрига қатновчи машиналари жой яқинидаги музқаймоқхона ёнига бориб тургани, фарзанди ҳожатхонага бормоқчилигини айтгани учун уни бирга олиб бозор томонга қараб юргани, шу вақтда уни олдига Божхона хизмати ходимлари келиб ўзларини таништириб, холислар иштирокида қўлидаги сумкани кўргани, шу вақтда сумкадаги болалар кийимларининг устида турган бир дона қора целлофан пакетдаги йўлда учраган шахс берган нарсани холислар иштирокида очиб кўриб, уни гиёхванд модда эканлигини аниқлашгани, ушбу нарсани нима эканлигини билмаслиги, ушбу моддани хеч кимга сотиш нияти бўлмагани, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити оғирлиги, ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўраб кўрсатув берган.
Ф.Акбарова муқаддам жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг 2017 йил 10 февраль кунги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари, 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, ЖКнинг 59-моддаси 3-қисми тартибида 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2019 йил 25 февраль кунги ажримига кўра ЖКнинг 74-моддаси тартибида ўталмаган 2 йил 3 ой 9 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг 2019 йил 23 декабрь кунги ажримига кўра ЖКнинг 75-моддаси тартибида ўталмаган 1 йил 8 ой 13 кун аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилинганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддаси 3-қисми “а” бандида илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади деб кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 2023 йил 4 декабрдаги ҳукмига кўра, Ф.Акбарова Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ЖК 34-моддаси 3-қисмининг “а” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.
Судланувчи қилмишидан пушаймон бўлиб, аёллигини инобатга олишларини сўраб берган апелляция шикояти апелляция инстанцияси томонидан кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.
Вахобжон Сиддиков, Фарғона вилоят судининг судьяси