1991 йил 31 август куни давлат мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси жаҳон халқаро ҳамжамиятининг, халқаро ташкилотлар ва уюшмаларининг фаол аъзосига айланди. Дастлабки йилларда Олий Мажлис, сўнг Сенат томонидан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ асосий халқаро ҳужжатлар, шартнома ва актлар ратификация қилинди. Мазкур ҳалқаро ҳужжатлардаги устувор принциплар жиноят ва жиноят-процессуал кодексларига татбиқ этилди, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунлари “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклерацияси”, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”, мазкур пактга Факультатив протокол, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция” ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги стандартларга мувофиқлаштирилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашда асосий масъулият суд ва ҳуқуқни муқофаза қилувчи органлар зиммасида экани ҳаммага маълум. Шу сабабли, юқоридаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган халқаро ҳужжатлар билан бирга, айнан ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва одил судловни амалга оширувчи суд тизимига ҳам соҳага тааллуқли халқаро ҳужжатлар нормаларидан кенг фойдаланиш ҳамда уларни айниқса суд тизимига кенг жорий этиш, мамлакатимизда судлар томонидан одил судловни амалга ошириш фаолияти миллий қонунчилик билан бир қаторда халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам тартибга солиниши, суд тизими ва судьяларнинг ҳуқуқий ҳолатини, процессуал мавқеини ва энг асосийси мустақиллигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.

Одил судловни амалга оширишда судьяларнинг фаолияти принципларини белгиловчи ва уларни мустаҳкамловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардир :

— Жиноятлар ва ҳокимиятни суистеъмол қилиш қурбонлари учун одил судловнинг асосий принциплари деклерацияси;

— Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари;

— Мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий тартиботни сақлаш борасидаги ахлоқ кодекси;

— Одил судловни амалга ошириш соҳасидаги инсон ҳуқуқлари: ушлаш ёи турмага қамаш жазосига тортиладиган шахсларнинг ҳимояси;

— БМТнинг вояга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга дори минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари);

— Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари ва бошқалар.

Одил судловни амалга оширишга тааллуқли юқоридаги асосий принциплар ва шартномаларда судьялар томонидан одил судловни амалга ошириш фаолиятига оид халқаро андозалар мустаҳкамланган. Халқаро ҳужжатларда суд органларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосий принциплари сифатида, судьяларнинг мустақиллиги, уларнинг алмаштирилмаслиги, дахлсизлиги, фавқулодда судлар тузишнинг тақиқлангани, суд жараёнида томонларнинг тортишуви ва уларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгиланган.

Судьяларнинг мустақиллиги одил судловнинг энг муҳим принципи бўлиб, бу ҳуқуқий давлатнинг муҳим жиҳатидир. Мазкур принципга қуйидагилар тегишли :

— Судьяларнинг фақат Конституция ва қонунларга бўйсуниши, судьяларнинг фақат ўз ички ишончига асосланиб фаолият олиб бориши;

— судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятида ҳеч кимнинг олдида ҳисобдор эмаслиги;

— ишлар кўриб чиқаётганда судьяга бошқа шахслар ва ташкилотлар томонидан ҳар қандай таъсир ўтказишнинг истисно этилиши;

— одил судловнинг амалга оширишнинг алоҳида белгиланган тартиб-тамойили мавжудлиги;

— судьялар ваколатини тўхтатиш ва тугатиш тартиби белгилангани;

— судьяларнинг истеъфога чиқиш ҳуқуқи;

— судьяларга ҳақ тўланиши;

— судьялар ҳамжамияти органларининг тузими;

— судья иммунитети, уни давлат томонидан алоҳида ҳолларда ҳимоя этилиши;

— судьяларнинг тайинлашнинг махсус тартиби ва уларнинг алмаштирилмаслигидир.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, ҳар бир давлат суд органлари ўз вазифаларини лозим даражада бажара олишлари учун тегишли восита ва шароит билан таъминлаши шарт. Судьялар ҳам бошқа фуқаролар каби сўз, диний эътиқод, уюшмалар тузиш ва йиғинлар ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланишади. Мамлакатимизда ҳам Судьялар Ассосацияси тузилган бўлиб, бу тузилма судьяларнинг иҳтиёрий тузилмасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди. Ҳамда мазкур таклифга мувофиқ Олий Мажлис ҳузурида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси тузилиб, ўз фаолиятини амалга ошира бошлади. Ушбу комиссиянинг асосий вазифалари этиб одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш кабилар белгиланди. Мазкур Комиссиянинг ташкил этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш, суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилаб, нуфузини янада кўтариш, судлар тузилишини такомиллаштириш ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Халқаро ҳуқуқ нормалари имтиёзлар билан бир қаторда судьялар олдига юқори профессионал ва аҳлоқий талаблар қўяди. Мазкур талабларга мувофиқ, судьялар ҳуқуқ соҳасида пухта тайёргарлик кўрган, малака ортирган ва юксак ахлоқий ҳислатлар ва қобилиятга эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Шунингдек, халқаро нормаларда судьяларнинг ваколат муддати, фаолият олиб бориш ва лавозимда кўтарилиш кабилар билан бирга, судьяларнинг профессионал сири ва иммунитетига ҳам таалуқлидир. Судьялар ўз ишлари бўйича профессионал сирни ва вазифаларни бажариш вақтида олган махфий ахборотларни ошкор этмаслиги лозимлиги, судьялик фаолиятини амалга оширишда нотўғри ҳатти-ҳаракатлари ва хатолари учун тақибга нисбатан шахсий иммунитетдан фойдаланиши ҳам юқоридаги халқаро нормаларда белгиланган. Халқаро уқуқ судьяларнинг жазолаш, лавозимдан четлатиш ва ишдан бўшатиш масалаларини ҳам қамраган. Белгиланган талабларга мувофиқ, судьяга нисбатан айблов ёки унинг устидан тушган шикоят тегишли тартиб-тамоилга мувофиқ дарҳол ва холим кўриб чиқилиши лозим. Агар судья шундай илтимос билан мурожаат қилган бўлса, шикоятни  дастлабки тарзда кўрилиши маҳфий ўтказилиши керак. Судья ўзига нисбатан шикоятни адолатли муҳокама этилиши таъминлашни талаб этиш ҳуқуқига эга.  Судья ўз вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда ёки уларнинг ҳулқ-атвори эгаллаган лавозимига мувофиқ бўлмай қолган тақдирдагина лавозимдан вақтинча теклатилиши ёки ишдан бўшатилиши мумкин. Судьянинг жазолаш, интизомий жазога тортиш, судьялар учун белгиланган хулқ-атвор қоидаларига мувофиқ бўлиши зарур.  Судьянинг интизомий жазога тортилиши, лавозимдан четлатиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор мустақил текширувдан ўтказилиши лозимлиги ҳам юқоридаги халқарор нормалар талабларида белгиланган.

Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклерацияси”да тенглик, айбсизлик презумпцияси принциплари ва одил судлов қонунга мувофиқ таъсис этилган мустақил ва холис суд томонидан адолатли ва ошкора кўриб чиқилиши мустаҳкамланган.  Мазкур, Деклерациянинг 8-моддасида “ҳар бир инсон унга Конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган. “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”да асоссиз равишда пайсалга солинмай судланиш ҳуқуқи кафолатланган.  “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция”да давлатларнинг қийноқларни тақиқлаш, уларни қўлламаслик, қийноқ остида олинган кўрсатмаларни далил сифатида қабул қилмаслик тартибини ўрнатиш мажбурияти белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, ўтган асрнинг иккинчи ярмида одил судловга нисбатан халқаро ҳуқуқнинг таъсири ошганини эътироф этиш лозим. Бу ҳол, халқаро ҳуқуқ нормаларининг одил судлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларга, жумладан, фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига ва одил судлов принципларига, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг суд тизимини ташкил этиш ва унинг фаолиятини асосий жиҳатларига кўрсатаётган таъсирида намоён бўлмоқда. Жумладан, мамлакатимизда судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципи сўнги йилларда янада тараққий этганини эътироф этиш даркор.

2017 йил 7 апрель кунги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Конституциянинг 80, 81, 93 ва 111-моддаларига суд фаолияти билан боғлиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу конституциявий нормалардаги ўзгаришлар, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ва нуфузини оширишга, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.  Конституциянинг 111-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятиинг мустақиллиги конституциявий принципига рио этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади”-деб қайд этилди. Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилганлиги унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширилишининг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади. Халқаро стандартларда ҳам бундай вазифани амалга оширувчи органга конституциявий тартибга солиниши юксак эътироф этилади. Шу сабабли ҳам аксарият ривожланган демократик давлатлар конституциясида бундай вазифани амалга оширувчи органлар фаолияти тартибга солинган. Шунингдек, мазкур органнинг ташкил этилиши ва фаолияти аввалгидек давлат раҳбарининг фармойиши билан тасдиқланган Низом асосида эмас, балки қонун билан белгиланганини ҳам таъкидлаш лозим.

Юқоридаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий суд тизимига жорий этиш замирида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассамлигини эътироф этиш зарур.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси Т.Вахобов