Судьялик – хаёт тарзидир
Президент мамлакатимиз судьялари билан учрашувида “судлар халқпарвар бўлмагунча курашни тўхтатмаймиз” деган фикрлари мустақиллигимизнинг янада мустаҳкамланиши, юритилаётган сиёсатнинг изчил ва бардавом эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда уқтирганидек, адолат бўлмоғи учун қонун устуворлиги зарур. Қонун устуворлиги бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, судьянинг маънавий савияси суст бўлган жойда адолат тантана қилолмайди. Шу боис, Президентимизнинг истиқболда юксак маънавий билим, савия ва фазилатга эга бўлган шахсларгина судьялик лавозимига тавсия этиладилар, деган сўзлари адолат тантанаси йўлида ташланган муҳим ва салмоқли қадам сифатида эътироф этилмоғи даркор.
Шу ўринда айтиш жоизки юртбошимиз куюнчаклик билан “Асосий вазифаси ва бурчи оқни – оққа, қорани – қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Адолат излаб қаерга боради?”, дея ҳақиқатни очиқ-ойдин гапирди. Тўғри-да, модомики одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши ҳаётий заруриятдир.
Қолаверса, ушбу фикрлар нафақат суд тизими ходимлари, балки Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун ўзини масъул, деб билган мансабдор шахслардан тортиб, оддий фуқарони ҳам ҳақиқатга тик боқишга, ислоҳотларга дахлдор бўлишга ундади десак, янглишмаймиз.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётгани, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб етаётгани яққол кўзга ташланмоқда.
Шу боисдан масъулият билан адолатни ўрнатишга судьялар эътиборини қаратар экан, адолат посбони саналадиган ушбу касб эгалари қабул қилаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши зарурлигини унутмаслиги шарт. Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш лозимлиги ҳақида билдирилган фикрлар эса адолатни таъминлаш йўлидаги яна бир қатъий қадам бўлди. Ҳақиқатан, судья ўз қасамёдига содиқ қолиб фақат қонунга бўйсунган ва ўз виждони олдида пок бўлган ҳолда иш кўриши керак. Суд ишига аралашув нафақат судьянинг қасамёди, ҳатто Конституциямизнинг “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган талаби бузилишига олиб келади. Бундай ҳаракат учун жавобгарлик муқаррар.
Судьялик – хаёт тарзидир. Чунки, бу касбни эгаллаган инсон нафақат билими, салоҳияти, балки ўзини, бутун борлиғини шу касбга бағишлаши лозим бўлади. Судья ҳар доим элнинг назарида, кўпчиликнинг эътиборида бўлади ва шу сабабли ҳам у ҳар қандай шароитда, жумладан ишдан ташқари вақтларда ҳам ҳамиша оғир-босиқ, маданиятли, масъулиятли бўлишга мажбур. Унинг кичкина қилган хатоси ёки нотўғри айтилган бир оғиз сўзи дарҳол муҳокамага сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам судья ҳар доим ва ҳамиша ўз устида ишлаши, билими, малакасини ошириб бориши зарур.
Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, судьялик касбини танлаган ёки шу касбда ишлаш истагида бўлган инсон энг аввало ўта масъулиятли, ҳалол-пок, ҳаромдан ҳазар қилувчи ахлоқ одобли покиза инсон бўлиши талаб қилинади ва шундай физилатларга эга бўлганларгина бу касбни эгаллашга маънан ҳақли бўлади.
Бу йил Ўзбекистон Судьялар Ассоциациясининг ташкил этилганлигига 26 йил тўлади. Шу давр ичида Ассоциация томонидан фахрий судьяларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ўгитлари асосида устоз шогирд анъаналарига риоя қилган ҳолда ёш судьяларимиз иштирокида уч авлод учрашувлари ташкил этиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки судьянинг адолатни қарор топтиришдек улкан вазифани муваффақиятли бажариши унинг маънавий дунёқарашига ҳам боғлиқдир.
Шунинг учун ҳам судья маънавий юксалиш ҳамда виждон, иродани тоблаш , бир сўз билан айтганда комилликка эришиш борасида ҳам ўз устида доимий ишлаши талаб этилади. Ва, бунда фикримизча умрнинг, эгаллаб турган амалининг ўткинчилигини унутмаган ҳолда ўз виждони олдида ҳисоб бериб боришни ўрганиши керак.
Тожидин Вахобов, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси