ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ БАРБОД ҚИЛИШНИНГ «ЯШИРИН ДАСТУРИ» ЁКИ БИЗ КИМНИНГ РЕЖАСИ АСОСИДА ЯШАЯПМИЗ?

Қадрли обуначилар, бугун сизлар билан бир неча йил аввал беларуслик таҳлилчи Дмитрий Сандаков томонидан эълон қилинган, лекин бугунги таълим воқелигимизга даҳшатли даражада мос тушадиган бир концепция ҳақида гаплашмоқчиман.

Машҳур фантаст ёзувчилар ака-ука Стругацкийларнинг асарларида «Прогрессорлар» деган тушунча бор — улар қолоқ сайёраларга яширинча кириб олиб, у ердаги жамиятни сездирмай ривожлантиради. Дмитрий Сандаков эса бунинг тескарисини ўйлаб кўришни таклиф қилади: Тасаввур қилинг, агар советлардан кейинги ҳудудда таълим тизимини батамом йўқ қилиш вазифаси юкланган яширин «Регрессорлар» (орқага тортувчилар) тўдаси ҳаракат қилаётган бўлса-чи? Улар буни қандай амалга оширган бўларди? Муаллиф таълимни ич-ичидан емиришнинг 7 та банддан иборат қўпорувчилик режасини ишлаб чиққан. Бугун фитна назарияларига умуман ишонмайдиган одам ҳам атрофга (мактаб ва олийгоҳларга) қараб, бу дастур ҳаётимизда қандай аниқлик билан ишлаётганини кўриб даҳшатга тушади.

Келинг, ўша яширин дастурнинг еттита бандини бирма-бир таҳлил қиламиз. Хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.

1️⃣ Муаллимларнинг ижодий руҳиятини камситиш

Агар ўқитувчи фидойи бўлса, у ҳар қандай қийинчиликка чидаб, болаларга сифатли билим бераверади. «Регрессорлар» бу ғайратни сўндириш учун устозларни тизимли равишда моддий ва маънавий камситишни йўлга қўяди. Профессор ёки мактабнинг олий тоифали устози оладиган маошни юк ташувчи, косиб ёки фаррошларники билан тенглаштириб қўйиш керак. Оқибатда бозорда оддий ҳунарманд муаллимга қараб: «Домла, 5 йил ўқиб шу маошни оласизми? Мен дипломсиз сиздан уч баробар кўп топаман» деб заҳарханда қилади. Устозлар эса жавоб тополмай ерга боқади. Ўқув масканларида устозларга оддий оқ қоғоз, маркер, принтер кукуни ёки компьютер каби асбобларни танқис қилиб қўйиш керак. Ўқитувчи ўз чўнтагидан пул сарфлаб чарчаши лозим. Бундай камситилишга учраган кучли кадрлар ё касбни ташлаб бозорга кетади, ёки тузумга нисбатан аламзада бўлиб, бошқа юртларга кўчиб кетиш режасини тузади.

2️⃣ Муаллимларни обрўсизлантириш

Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида шундай муҳит яратилдики, отасининг пулига керилиб юрган «бойвачча» ўқувчи ёки талабанинг бир кунлик харажати унга дарс бераётган устознинг ҳафталик маошидан кўп бўлиб қолди. Бола онгида ўз синфдошлари ёки талабалар олдида ночор аҳволдаги устозига нисбатан ҳурмат эмас, ачиниш ва очиқ нафрат пайдо бўлади. «Ўзини эплай олмаган одам менга нимани ўргатади?» деган фикр пайдо бўлдими — тамом, билим бериш жараёнининг қиймати сариқ чақага арзимай қолади.

3️⃣ Ўқув жараёнини расмиятчиликка (қоғозбозликка) айлантириш

Қадимгилар айтади: «Миясига бемаъни фикрлар келмаслиги учун болани доимо нима биландир банд қилиб қўй, ишининг фойдаси бўлмаса ҳам майли». «Регрессорлар» бу қоидани муаллимларга нисбатан ишлатади. Ўқитувчи дарсга тайёрланмасин, болалар устида ишламасин деб, уни ҳеч ким ўқимайдиган тонналаб ҳисоботлар, конспектлар, электрон кундаликлар ва платформаларни тўлдиришга мажбур қилинади. Бу ҳужжатлар ва дастурлар йилига икки марта янгиланади. Энг даҳшатлиси, юқори идоралардан топшириқ ҳамиша роса танг муддатда келади: «Ҳисоботни тез етказинг, муддат — кеча эди!» Ўқитувчи қоғозларга кўмилиб, тунларни уйқусиз ўтказади. У таълим берувчи эмас, «ҳисобот робот»ига айланади.

4️⃣ Ўқув жараёнини ҳаддан ташқари эркинлаштириш

Инсон табиатан танбал. Уни янгиликка ўргатиш ҳамиша қаттиқ интизом ва талабчанликни талаб қилади. Таълим сифатини пасайтириш учун эса ўқув жараёнини иложи борича эркинлаштириш, талаба ва ўқувчининг истаги асосига қуриш керак. Дарсларга эркин қатнашиш, имтиҳон ва «зачёт»ларни беҳисоб тарзда қайта топшириш имконияти, ўқишдан ҳайдашнинг деярли йўқ қилиниши. Бунинг устига турли шоулар (ҚВЗ, гўзаллик танловлари, машҳурлар билан учрашувлар) кўпайтирилади. Ота-она ва мактаб назоратидан чиққан ёшлар дарс қолдиришни одат қилади. Талаб йўқ жойда билим ҳам бўлмайди.

 

5️⃣ Ақлий муҳитни бузиб ташлаш

Юзлаб ақлли одамлар бир жойга тўпланса, у ерда ажойиб «ақл майдони» яратилади ва улар бир-бирини бойитади, аммо бу майдонни осонгина парчалаш мумкин: ичига бир нечта илмсиз, маданиятсиз ва жангари одамни қўшиб юборсангиз кифоя, улар ўз телбалик муҳитини яратади. Олийгоҳ ва мактабларда иқтидорсиз ёшларнинг кириб қолишига тўсиқларни йўқ қилиш лозим. Қабул квоталарини кескин кўпайтириб, сифат эмас, сон ортидан қувиш керак. Муаллимлар сони эса кўпайтирилмайди, балки уларнинг дарс соати (нагрузкаси) оширилади. Синф ва аудиторияларда болалар сони ҳаддан ташқари кўпайиб (35-40 тагача), соғлом таълим муҳити йўқолади. Муаллимнинг бутун энергияси дарс ўтишга эмас, синфдаги тўполонни жиловлашга сарфланади.

6️⃣ Раҳбар кадрларни «тўғри» танлаш

Таълим тизимидаги раҳбарлик мансабларига (вазирликдан тортиб мактаб директоригача) бу вазифага лойиқ бўлмаган одамларни тайинлаш тизимнинг тез ва кафолатли барбод бўлишини таъминлайди. Раҳбарликка биринчи навбатда ҳамкасблари орасида обрўси бўлмаган, ишни яхшилаш бўйича шахсий фикри йўқ, аммо эти қотган «хўжалик одамлари» қўйилади. Улар ўртамиёна, иқтидорсиз, лекин юқоридаги ҳомийларига бутунлай итоаткор, қўрқоқ ва очкўз бўлишади. Бундай раҳбарлар тизимдаги камчиликларни яширади, ижодкор ўқитувчиларни сиқиб чиқаради ва жамоада лоқайдлик муҳитини шакллантиради.

7️⃣ Бўяб-бежаб кўрсатиш (Кўзбўямачилик)

Бу дастур жамоатчиликнинг қаршилигига учрамаслиги учун уни тинимсиз «янгиланиш», «ислоҳот», «инновация» каби замонавий чўпчаклар билан бўяб-бежаб кўрсатиш лозим. Ижтимоий руҳшуносликда бир қоида бор: ёлғон қанчалар даҳшатли ва катта бўлса, одамлар унга шунчалик осон ишонади. Жамоатчилик эътиборини иккинчи даражали масалалар билан чалғитиш. Масалан, баҳолаш тизимини 5 балликдан 10 ёки 100 балликка ўтказиш, ўқиш муддатини 4 йилдан 5 йилга ёки аксинча қилиш, дарсликлар форматини тинимсиз ўзгартириш, таътил муддатини узайтириб-қисқартириш.

Бу каби ҳеч қандай фойдаси йўқ «ислоҳотлар» муаллимларнинг фаол қисмини чарчатади ва уларнинг ишдан ҳафсаласини батамом пир қилади.

Дмитрий Сандаковнинг фикрича, ушбу дастур 5-10 йилгамўлжалланган. Ана шу муддатдан кейин тизим «ўз-ўзини қўллаб-қувватлаш» (регресс) босқичига ўтади. Яъни, мана шу чала тизимдан чиққан, китоб ўқимаган, билимсиз битирувчиларнинг ўзлари мактаб ва олийгоҳларга қайтиб дарс беришни, дарсликлар ёзишни ва таълимни бошқаришни бошлайдилар. Шундан сўнг таълимнинг чириши ортга қайтариб бўлмайдиган жараёнга айланади.

Атрофга қаранг… Сизнингча, биз ҳозир бу дастурнинг қайси босқичида турибмиз?

https://t.me/baxasapaev

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.