Янги таҳрирдаги жиноят-процессуал кодексига
иммунитет институтини киритиш зарурияти
Иммунитет – (лот immunitas) бирор нарсадан халос, озод бўлиш, қутилиш маъносини билдиради.
Ҳуқуқий институт сифатида иммунитетнинг пайдо бўлиши Рим қонуни билан боғлиқ бўлиб, у биринчи навбатда солиқлардан ёки давлат божларидан озод қилиш, шахсга, тоифага ёки жамият бир қисмига Сенат ёки император томонидан берилган махсус ҳуқуқ сифатида мустаҳкамланиб, жиноятчининг ва жабрланувчининг ижтимоий ҳолатига қараб ҳуқуқий жавобгарлик тарзида тарихда биринчи марта иммунитет тушунчасини берди.
Ўзбекистон Республикаси жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий тизимларини ислоҳ қилиш йўлидан борар экан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини конституция даражасида мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Бундай механизмлардан бири иммунитет институти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят-процессуал кодексида аста секин ҳуқуқий камол топмоқда.
Жиноят ҳуқуқида иммунитет – давлат ва жамиятда касбий вазифаларни бажаришда алоҳида мақомга эга шахсларни, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашишдан, босим, шу жумладан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишдан ҳимоя қилиш, дахлсизлигини таъминлашдан иборат ҳуқуқий кафолатдир.
Жамиятимизда имменитетга эга шахсларни хизмат фаолиятини мустақил ва адолатли амалга оширишига тўсқинлик қилиш ёки ушбу шахслар томонидан ўз иммунитет имтиёзини суистеъмол қилиш ҳолатлари учраётгани иммунитет билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солиш заруриятини вужудга келтирмоқда.
Иммунитетни институт сифатида жиноят процессига олиб кириш, унинг субъектлари ва турлари кўпайтириб, унга адвокат, терговчилар ва бошқа махсус субъектларни қўшиш, жиноий процессуал нормаларни иммунитети бор шахсларга нисбатан таҳлил қилиш, процессуал иммунитет тушунчаси, мазмуни ва маъносига янги ёндашувлар ишлаб чиқишни ҳаёт тақозо қилмоқда.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 4, 223, 239, 596-моддаларида иммунитетга эга шахсларга оид нормалар мавжуд бўлиб, ушбу нормалар хозирги жиноий ҳуқуқий тизимдаги муносабатларни тўлиқ тартибга сола олмайди.
Чунончи, прокурор ва унинг терговчисида иммунитет мавжуд холатда, прокурор терговчисида ушлаб туриш жараёнида иммунитет мавжуд эмаслиги, аксинча бошқа идора терговчилари, адвокат, ҳисоб палата аудиторларида эса умуман иммунитет мавжуд эмаслиги, иммунитетга эга шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар бўйича олиб қўйиш, тинтув, лавозимдан четлаштириш ва бошқа тергов ҳаракатлари ҳамда процессуал мажбурлов чоралари ўтказишнинг алоҳида тартибини белгиланмагани, омбудсманнинг гувоҳлик дахлсизлиги (ўз ваколатларини амалга ошириши муносабати билан унга маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида кўрсатма бермаслик ҳуқуқи) белгиланмагани, иммунитет ҳуқуқига эга шахслар лавозимдан озод этилгач ушбу лавозимдаги фаолияти бўйича иммунитет ҳуқуқидан фойдаланиш зарурлиги, иммунитетга лавозим вазифаларини бажаришда эга бўлиши керакми ёки ишдан ташқари шахсий ҳаётидаги муносабатларда ҳам иммунитетга эга бўлиши керакми деган саволлар туғилган.
Судлар, адвокатура ва прокуратура тўғрисидаги қонунларга кўра, жиноят иши қўзғатиш судьяга нисбатан Бош прокурор томонидан, адвокатга нисбатан Бош прокурор, Қорақалпоғистон прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари томонидан, прокурор, унинг терговчиси ва суриштирувчисига нисбатан прокуратура органларининг томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Судлар тўғрисидаги қонунга кўра, туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судларнинг судьяларига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли.
Юқоридаги қонунларда акс этган нормалар Ўзбекистон Республикаси ЖПКда акс этмаган, ваҳоланки ЖПКнинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби Жиноят процессуал кодекси билан белгиланади.
Шунинг учун янги таҳрирда қабул қилинадиган Жиноят-процессуал кодексига алоҳида шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишнинг, процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг, тергов ҳаракатлари ўзказишнинг махсус тартиби ва ўзига хос хусусиятларини ўз ичига оладиган “Иммунитет ёки имтиёзга эга шахсларга нисбатан иш юритиш” номли янги боб билан тўлдиришни таклиф қилинмоқда. Ўйлаймизки, киритилаётган ушбу институт иммунитетга эга шахсларнинг ўз вазифаларини бажаришларида ҳар қандай босимлардан ҳимоя қилиб, келгусида янада такомиллашиб боради.
Бегзод Хайдаров, Фарғона вилоят суди судьяси