Гиёҳвандлик моддаларига муккасидан кетган, бусиз яшай олмай ўз ҳаловатини йўқотган кимсаларни кўрганимизда қалбимизда оғриқ туради. Бир марталик кайф ортида турган ҳар қандай кўнгилсизликлар, ҳаттоки мудҳиш воқеалар бизни гиёҳванд моддаларини экиб ўстираётган, ундан заҳарли моддаларни тайёрлар савдога олиб чиқаётган разил кимсаларга нисбатан нафратланамиз.
Гиёҳвандлик. Бу сўз бунчалар жудаям совуқ янграмаса. Бугун бутун дунё аҳлини бирдай хавотирга солаётган гиёҳвандлик иллатига қарши барча бирдай кураш олиб бормоқда, тарғибот-ташвиқот ишларининг жадал тус олаётганини эътироф этса бўлади. Эндигина улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни билиб-билмай гиёҳвандликка чалиниб қолишларини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ўз самарасини бераётир. Бироқ ҳали ҳамон кутилмаганда оғу таҳсирига берилиш эса ўзининг салбий оқибатларини намоён этмоқда. Кўплаб жиноятларнинг содир бўлаётгани, носоғлом болаларнинг туғилаётгани эса энг оғриқли ҳолатдир.
Маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, кайф берувчи гиёҳванд моддани истеъмол қилиш, чекиш, ҳидлаш, қон томирига юбориш билан ифодаланадиган касалликдир. Наша, героин, марихуана каби гиёҳванд моддаларни аввал ҳавас, сўнгра хуморни босиш учун истеҳмол қилаётган одам унга жисмонан ва руҳан боғланиб қолади. Гиёҳванд моддани бир марта татиб кўрган шахснинг руҳиятида бора-бора салбий ўзгаришлар рўй беради. Инсон организми наркотик моддани ўз вақтида қабул қилса, аввалига хушкайф, ҳушчақчақ ҳамсуҳбатга айланади. Кейинчалик бўлса оғу сабаб инсон бадани узра оғриқлар ҳукмронлик қилади, истеъмол дозасини оширгач, эса вужудини янада кучлироқ заҳарлай бошлайди. Бундай кишиларда уйқусизлик, хотира пасайиши, доимий стресс ва асабийлик ҳолатлари юқори нуқтага чиқади. Сўнгра қайт қилиш, ҳазм тузилишининг бузилиши, нафас қисиши, тез-тез юрак безовталиги кузатилади. Оқибатда, гиёҳванд қандай ҳолат бўлмасин “оромижон”ни топиш учун ўзини ҳар ишга уради. Кўзига ҳеч нарса кўринмайди, ўзини идора қила олмай, ҳаттоки жиноят кўчасига бош суқади. Иродасиз ва мақсадсиз гиёҳванднинг умри завол бўлиб, мудҳиш якун топиши кузатилади.
Гиёҳвандлик оғир аммо бедаво дард эмас. Бу йўлда сарсон кезаётган беморларни соғлом ҳаётга қайтишларига ёрдам қўлини чўзайлик. Беморларнинг аксарияти гиёҳвандликка тасодифан аралашиб қолганлари сир эмас. Шундай экан бир-биримизни эҳтиёт қилайлик. Айниқса, эндигина баркамоллик остонасига қадам қўяётган ёшларимизни бу балодан асрашимиз лозим. Тушунтириш ва тарғибот ишларини янада жонлантирсак, яхши инсонларнинг июратли тақдир йўлларини ўрнак қилиб кўрсатсак, мақсад сари интилишларида кўмаклашсак, ўйлайманки, бу иллат уларни йўлдан оздира олмайди.
Хожакбаров Жасурбек Улуғбекович, Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судья ёрдамчиси