ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
Ҳ У К М
2024 йил апрель ойининг 05 куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи судья К.Рахимов, судья ёрдамчиси Ш.Арзиевнинг котиблигида, тарафлардан давлат айбловчиси – Фарғона шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Ж.Отажонов, судланувчи С.Иброҳимов ва жабрланувчи Г.Очилованинг иштирокида, Иброҳимов Соҳибжон Муроджон ўғлига оид 1-1501-2404/473-сонли жиноят ишини кўрди. Иш ҳужжатларига кўра:
Иброҳимов Соҳибжон Муроджон ўғли (Ibrohimov Sohibjon Murodjon o’g’li) – 1994 йил 13 апрель куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 1 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил
22 ноябрдаги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, муқаддам судланмаган, Фарғона шаҳар, Янги аср кўчаси, 90-уй, 75-хонадонда яшаган, иш бўйича “муносиб ҳулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилган, айблов далолатномаси нусхасини 2024 йил 28 февраль куни олган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан айбланган.
Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳни кўрсатувини, тарафларнинг музокара сўзларини тинглаб, жиноят ишида тўпланган далилларни суд мажлисида синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб, судланувчининг музокара, ҳимоя ва охирги сўзларини эшитиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И:
Судланувчи Иброҳимов Соҳибжон Муроджон ўғли фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 17 февралдаги
2-1501-2301/9613-сонли суд буйруғига кўра, 2018 йил 20 июнда туғилган Муроджонов Собиржон Сохибжоновични моддий таъминоти учун ундирувчи Очилова Гулмира Азамат қизи фойдасига фарзанди вояга етгунга қадар ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент пули ундирилиши белгиланган бўлиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган бир нафар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан
2023 йилнинг 20 апрель кунидан 2023 йилнинг 20 ноябрь кунига қадар, яъни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида бўйин товлаб келганлиги учун жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 22 ноябрь кунги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси
1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, 2023 йил 21 ноябрь кунидан 2024 йил 20 февраль кунига қадар жами 3.472.281 сўм қарздорлик юзага келган, шу билан бирга маъмурий жавобгарликка тортилишидан аввалги алимент қарзи ҳисобланган 7.702.921 сўм ҳам қўшиб ҳисобланганида, жами қарзи 11.135.202 сўм миқдорида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
Судланувчи С.Иброҳимов судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам 2017 йилда Очилова Гулмира билан турмуш қурганини, биргаликдаги турмуши даврида 2018 йилда туғилган Муроджонов Собиржон исмли фарзанди туғилганини, 2022 йилда у билан ажрашганини, шу сабабли улар алоҳида-алоҳида яшашганини, 2023 йил 17 февралда фуқаролик судининг суд буйруғига асосан ундан ундирувчи Г.Очилова фойдасига
1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланганини, лекин у алимент пулларини тўлай олмаганини ва жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 22 ноябрдаги қарорига кўра, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини, жазони ўтаб чиққанидан сўнг яна алиментларни вақтида тўлай олмаганини ҳозирда уни алиментдан бўлган жами қарзи 11.135.202 сўм бўлганини, суд давомида 739.500 сўмини тўлаганини, алимент қарздорлигини бир йўла тўлаб беришга имкони йўқлигини, имконияти бўлиши билан қарздорликни бартараф қилишини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи Очилова Гулмира Азамат қизи судда, 2017 йилда Фарғона шаҳар, Юлдуз МФЙ, Янги аср кўчаси, 90-уй 75-хонадонда яшаган Иброҳимов Соҳибжонга шаърий никоҳ асосида яшаган, турмушлари давомида 2018 йилда Муроджонов Собиржон исмли фарзанди туғилганини, 2022 йилдан кейин оилавий келишмовчиликлар сабабли бирга яшамай қўйганини, шу сабабли суд буйруғига асосан 2023 йилда С.Иброҳимовдан уни фойдасига фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланганини, шундан буён С.Иброҳимов алимент тўловларини тўламасдан келишини, бир неча маротаба уни кечирганини, 2023 йил ноябрь ойида алиментдан бўлган 7.702.921 сўм қарзини тўлашдан бўйин товлагани учун суд унга 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини, лекин маъмурий қамоқ жазони ўтаб чиққанидан сўнг ҳам умуман алимент тўловларини тўламаганини, 2023 йил 21 ноябрь ойидан ҳозирга қадар ҳам 3.427.281 сўм алиментдан қарди борлигини, у умуман алимент тўловларини тўламаганини, С.Иброҳимовни алимент тўловларини тўлашига ишонмаслигини, суд давомида фақат 739.500 сўм пулларни пластик картасига ўтказганини, уни алиментдан қарзи 10.395.702 сўм эканини, шу сабабли суддан ундан алимент қарздорликни тўлиқ ундириб беришни ва унга қонуний чора кўришни сўради.
Гувоҳ О.Қосимов судда, ҳақиқатдан ҳам Мажбурий ижро бюроси бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси эканини, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 17 февралдаги суд буйруғига асосан қарздор С.Иброҳимовдан ундирувчи Г.Очилова фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлганини, С.Иброҳимов билан бир неча бор суҳбатлар олиб борилганини, унга қарздорликни ўз вақтида тўлаб бориши кераклиги ҳақида огоҳлантирилганини, С.Иброҳимов ҳеч қаерда ишламаслиги сабабли алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 22 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини, шундан кейин ҳам у 2023 йил
21 ноябрь кунидан 2024 йил 20 февраль кунига қадар жами 3.472.281 сўм қарздорлик юзага келган, шу билан бирга маъмурий жавобгарликка тортилишидан аввалги алимент қарзи 7.702.921 сўмни қўшиб ҳисоблаганида, жами қарзи 11.135.202 сўм миқдорида алимент пуллари бўлганини, куни кеча ундирувчи Г.Очилованинг пластик картасига 739.500 сўм ташлаганини, қолган қисмини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганини, шунинг учун унга нисбатан бўлган ҳужжатларни қонуний ҳал қилиш учун суриштирув органига топширганини билдириб кўрсатув берди.
Судланувчи С.Иброҳимовнинг айби уни ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчи Г.Очилова ва гувоҳ О.Қосимовларнинг суддаги кўрсатувлари ҳамда терговда тўпланган ва судда текширилган давлат ижрочисининг билдиргиси, жабрланувчининг аризаси, огоҳлантириш хати, далолатнома ва фотожадваллар, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг буйруғи, алимент қарзини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорлар, ижро иши юритишни қўзғатиш қарори, маъмурий жавобгарликка тортиш қарор нусхаси ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.
Суд, судланувчи С.Иброҳимовни содир этган жиноий ҳаракатини квалификация қилиш масаласини муҳокама қилиб, дастлабки суриштирув органи томонидан унинг жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди, чунки у моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб, уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил
22 ноябрдаги қарорига асосан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат, яъни 2023 йил 21 ноябрь кунидан 2024 йил 20 февраль кунига қадар тўламаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида – шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги; 78-моддаси 2 ва 3-қисмларида – боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қайд қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7-моддасида – жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарурлиги ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши кераклиги; 8-моддасида – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги; 54-моддаси 2-қисмида – суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши лозимлиги қайд қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил
03 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорини 1-бандида, жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиниши лозимлиги ҳамда 3-бандида, жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Суд, юқорида қайд этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят кодекси талаблари ва Олий суди Пленуми қарори тушунтиришларига риоя қилиб:
– судланувчи С.Иброҳимовга нисбатан жазо тури ва меъёрини тайинлашда содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда шахсини эътиборга олиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, жазосини оғирлаштирувчи ҳолат йўқлигини, шунингдек, жабрланувчи Г.Очиловага етказилган зарар қопланмаганлигини ва унинг талабини инобатга олиб, у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган жазо турларини муҳокама қилиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашнинг имкони йўқ деган хулосага келиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни;
– Фарғона шаҳар прокурори томонидан киритилган даъво аризани муҳокама қилиб, С.Иброҳимов алиментдан бўлган қарзлари қопламаганлиги сабабли даъво аризани қаноатлантириб, судланувчи С.Иброҳимовдан жабрланувчи Г.Очилованинг фойдасига 10.395.702 сўм миқдорида моддий зарар ундиришни лозим топди.
Суд, юқоридагиларга кўра ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
454-457, 460, 463, 465-468, 471, 473-моддаларига асосан
Ҳ У К М Қ И Л Д И:
Иброҳимов Соҳибжон Муроджон ўғли (Ibrohimov Sohibjon Murodjon o’g’li) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин.
Иброҳимов Соҳибжон Муроджон ўғлига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин.
Жазони манзил-колонияларда ўташи белгилансин.
Жазони ўташ муддати 2024 йил 05 апрель кунидан бошлаб ҳисоблансин.
С.Иброҳимовга нисбатан қўлланилган “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан қамоққа олинсин ҳамда Ўзбекистон Републикаси ИИВ ҳузуридаги жазони ижро этиш Департаменти 2-минтақавий ҳудуд 10-сон тергов ҳибсхонасига жойлаштирилсин.
Фарғона шаҳар прокурорининг даъво аризаси қаноатлантирилсин ва судланган С.Иброҳимовдан жабрланувчи Очилова Гулмира Азамат қизининг фойдасига 10.395.702 сўм моддий зарар ундирилсин.
Ҳукмдан норози тараф ҳукм эълон қилингандан, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида шу суд орқали Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдиришга, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақли.
Раислик қилувчи: (имзо) К.Рахимов
Ҳукм нусхаси аслига тўғри