Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига асосан, ишни кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланганидан кейин суд хусусий ажрим чиқариб, унда тегишли давлат органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, жамоат бирлашмаларидан, жамоалардан ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади.

Кодекснинг 299-моддасидан эса суриштирувчи, терговчи ёки прокурор жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома чиқаришини ҳам англаш мумкин. Шундай экан, тақдимнома ёки хусусий ажрим юборилган давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва кўрилган чораларнинг натижалари тўғрисида кечи билан бир ойлик муддат ичида тегишинча суриштирувчини, терговчини, прокурорни ёки судни хабардор қилиши шарт.

Қолаверса, тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда суд ҳукм чиқариш билан бир вақтда хусусий ажрим ҳам чиқаради.

Худди шундай хусусий ажрим апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари томонидан ҳам чиқарилади.

Тақдимнома ёки хусусий ажрим бажарилмаган ёки виждонан бажарилмаган тақдирда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг айбдор раҳбари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади. Шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари — суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, гувоҳ, мутахассис, эксперт, таржимон, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, халқ маслаҳатчиларининг келишига тўсқинлик қилганлик, жиноятнинг сабабларига ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларга барҳам бериш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг тақдимномасини ёки суднинг хусусий ажримини бажармаганлик ёхуд талаб даражасида бажармаганлик учун қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Бундан ташқари, қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида тақдимнома, суд эса хусусий ажрим чиқариши ҳам белгиланган. Яъни қайсидир фидоий, ўзини дахлдор деб ҳис қилган ҳамюртимиз қонун устуворлигига, жумладан жиноятни фош этишга кўмаклашган бўлиши мумкин. Шунда ўша фуқарони рағбатлантириш мақсадида унинг яшаш жойи ёки ишхонасига тақдимнома юборилади. Бинобарин, Жиноят-процессуал кодексининг 300-моддасида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор — тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарини ва жамоасини жиноятнинг олдини олиш ёки уни фош этишда фуқаро юксак онглилик, жасорат кўрсатгани, ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида хабардор қилиши белгиланган.

ЖИБ Фарғона шаҳар судининг архив мудири Ш.Арзиев