Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратиляпти.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди деганидек, айрим пайтларда аёллар томонидан содир қилинаётган жиноий қилмишлар, хусусан ўғирлик жиноятининг содир этилиши бироз ўйланиб қолишга мажбур қилади.
Фарғона шаҳрининг “Совурбулоқ” маҳалласида яшаб келган З.Тоирова 2023 йил 22 февраль куни соат 22.40ларда яшаш хонадонига меҳмон сифатида келган таниши Б.Юсупов билан ўзаро оғзаки гап талашиб, жанжаллашиб кетиб, жанжал давомида Б.Юсуповга тан жароҳати етказиш қасди шаклланиб, ётоқхонаси печкаси устида турган, совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ўткир тиғли ошхона пичоғи билан Б.Юсуповни баданига бир маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Суд-тиббий экспертизанинг 2023 йил 6 мартдаги 973-сонли хулосасида, Б.Юсуповда кўкрак қафаси чап томонидан кўкрак бўшлиғига тешиб кириб, чап ўпкани шикастланган санчиб-кесилган яраси ва чап томонлама гемоторакс аниқланиб, ушбу тан жароҳатлари оғирлик даражаси ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судинин 2023 йил 26 июлдаги ҳукмига кўра, суд, З.Тоировага нисбатан жазо тайинлашда, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида унинг шахси, аёллиги, ёши, муқаддам судланмагани, ҳомиладор экани, оилавий шароити, жабрланувчининг моддий ва маънавий зарарлар юзасидан даъвоси йўқлиги, айбига қисман иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳамда жиноий қилмишини жабрланувчининг ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида содир этганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, сутканинг соат 20.00дан 6.00гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқишини чеклашдан иборат 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
З.Тоированинг зиммасига кўнгилочар жойлар (кафе, ресторан, бар, тунги клуб, чойхона)га бормаслик, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Фарғона вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмасликдан иборат қўшимча тақиқ (чеклаш)лар юклатилди. Жазони ўташ даврида ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ЖК 481-моддасининг 6-қисмида белгиланган оқибатлар юзага келиши, яъни жазоси оғирроқ турдаги жазога алмаштирилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Бу ҳолатда, З.Тоирова ўзига керакли хулоса қилди ва бундан буёғига қонунга бўёсунган ҳолда яшайди деган яхши гумонда бўламиз.
Сроджидинова Дилафруз Махаммаджоновна,
Жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судья ёрдамчиси