1999 йил Фарғона утманида туғилган Х.Маҳмудов қиш кунларининг бирида оилавий, кечки тамадди учун Фарғона шаҳрида жойлашган “Сетора” кафесига келишади. Овқатланиш пайти кафе хизматчиси М.Тожибоев билан ўзаро гап талашиб, жанжаллашадилар. Натижада ўз жаҳлини жиловлай олмаган Х.Маҳмудов М.Тожибоевнинг юз қисмига мушт билан уради, унга тан жароҳати етказади.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, М.Тожибоевда ўнг кўз пастки қовоғида қонталаш, ўнг лунж ички шиллиқ қаватида шилинма, чап қулоқ супраси ва бўйин соҳаларида тирналмалар аниқланиб, ушбу тан жароҳатлари 6 кундан кўп давом этмайдиган тез ўтиб кетувчи енгил шикастлар тоифасига киришлиги кўрсатилган.
Айбланувчи Х.Маҳмудов суд мажлисида ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, айбига ўз ихтиёри билан тўлиқ иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи билан бирон-бир тазйиқсиз ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.
Жабрланувчи М.Тожибоев ҳам суд мажлисида ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, айбланувчи Х.Махмудовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, аризани ўз хоҳиши билан ёзганлиги, унга бирон-бир тазйиқ бўлмаганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг дахлдор моддаларига мувофиқ жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин экани белгилаб қўйилган.
Суд Х.Маҳмудов ва М.Тожибоевнинг ярашилганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг дахлдор моддаларига таяниб Х.Маҳмудовга нисбатан юритилган жиноят иши тугатилиши ҳақида ажрим чиқарди.
Юқоридаги иш яхшилик билан якун топгани соз бўлди. Бироқ жаҳлни жиловлай олмаслик, ғазабнинг ақлдан устун келгани инсонни кутилмаганда мана шундай номақбул ишларга қўл уришига сабаб бўлиб қолмоқда. Шундай экан, миллатимизга хос бағрикенглик, воқеа-ҳодисани таҳлил этишда ақл, мушоҳада билан иш тутишлик ҳар кимга ҳам муносиб хулосага кела олиш имкониятини беришини унутмасак бўлгани.
Раҳматжон АЛИЯРОВ, Фарғона шаҳар жиноят суди судьяси.