Лев Толстой ижодининг сирли ва буюк томони шундаки, у китобхонга ўз савияси ва интеллектуал салоҳиятига қараб эшик очади. Лев Толстойнинг «Тирилиш» романини юзаки ўқиган одам суд аъзоси Матвей Никитичнинг хонага кириб келиши ва қадамларини санаши тасвирланган эпизодни эътиборсиз қолдириб, ўтиб кетиши мумкин. Аммо айнан шу микро-эпизод адибнинг даҳолигини ошкор этувчи энг ўткир кўзгудир. Суд залига кириб келаётган судьянинг хаёлида нима бор деб ўйлайсиз? Панжара ортида турган, тақдири қил устида турган инсоннинг айбсизлик далилларими? Судланаётганнинг оиласи ва ҳаётими? Асло йўқ. Судьяга ҳозирги бўлаётган жараён ва инсонлар тақдири мутлақо қизиқ эмас. У ўз муқаддас бурчи ва мажбуриятидан мутлақо оғиб, фақат шахсий муаммоси — меъда касали ва доктор тавсия этган янги даволаш усули ҳақида бош қотирмоқда. Энг даҳшатлиси, у ўз соғлиғини ҳам, одил судловни ҳам оддий ирим-сирим ўйинига айлантиради. Агар кабинет эшигидан креслогача босган қадамимнинг сони учга қолдиқсиз тақсимланса, янги тартиб касалимни даволайди, агар тақсимланмаса, наф тегмайди… Судья хонага қараб юради ва кутилмаганда қадамлар сони 26 та (3 га бўлинмайдиган, салбий натижа) бўлиб қолаётганини англайди. Бу дегани — янги даволаш усули бекор, у даволанмайди. Аммо ичидан янги усулнинг ижобий натижа беришини жуда-жуда хоҳлаган судья атайлаб охирги қадамини қисқароқ қилиб ташлайди ва сунъий равишда қадамлар сонини 27 тага етказиб, хотиржам креслосига ўтиради! 27 сони 3 га қолдиқсиз бўлинади. Судья «хурсанд» ва хотиржам. Бу — ўзини, ўз иримларини ва адолатни алдашга уринаётган ўта кетган иккиюзламачи одамнинг образидир. У холис ҳақиқатни ёки реалликни қабул қилишни хоҳламайди. У ўзига керакли ва ўзи орзу қилган хулосага эришиш учун фактларни (қадам узунлигини) атайлаб ўзгартиради ва манипуляция қилади. Толстой атиги бир неча сатр орқали ўша давр суд-ҳуқуқ тизимининг нақадар худбин, юзаки ва ичидан емирилганини яққол кўрсатиб беради. Судья холис қарорга келиш ўрнига, фактларни ўзига маъқул келадиган шаклга сунъий мослаштираиган шахс образида гавдаланади. Жамият адолати ва инсон тақдири бундай судьянинг кичик ҳаловати ҳамда сохта хотиржамлиги олдида сариқ чақалик қийматга эга эмас.

PS:Орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бугунги жамиятда ҳам ўз «27-қадамини» атайлаб ташлаётган, реал фактларни ўз манфаатига мослаб сохталаштираётган «судьялар» ва мансабдорлар учраб турмаяптими? Суд ва ҳуқуқ тизимида инсон тақдиридан кўра шахсий манфаат ва формализм олий ўринга чиқиб қолмаяптими?

Толстой тасвирлаган ушбу психологик ҳолат — тизимнинг иллатими ёки инсон табиатидаги иккиюзламачиликнинг манзарасими?

Фикр ва мулоҳазаларингизни изоҳларда кутиб қоламан.

Баҳодир Сапаев блогер

#Адолат #Тирилиш #ЛевТолстой #ИнсонТақдири #СудВаҲуқуқ #ЖамиятТаҳлили #Фалсафа

 

https://t.me/baxasapaev

Тафсия қилинганлар