* Жамиятнинг 2025 йил 15 декабрдаги 369-сонли буйруғига асосан Элликқалъа филиалида ўтказилган хатлов натижасида 1214 минг сўмлик 1 дона 10 тонналик сиғим мавжуд эмаслиги юзасидан:
* Хатлов жараёнида филиалнинг нефть маҳсулотларини сақлаш марказий омборхонасида жойлашган ҳажми 10 тонналик бўлган сиғимликнинг мавжудлиги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан филиалнинг масъул ходимларидан сўралганда, масъул ходимлар томонидан ушбу сиғимлик икки дона 5 тонналик сиғимликларга бўлиниб, филиал омборхонасида жойлашганлигини ва мавжудлигини билдириб тушунтириш берган.
* Филиалга қарашли бўлган ФЁТШларида нефть маҳсулотларининг камомадлари аниқланганлиги юзасидан:
* «Тахиатош нефть базаси» масъулияти чекланган жамияти «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги жамият ҳисобланиб, жамият таъсисчисининг Бошқарув қарори билан тасдиқланган «Тасарруфдаги корхоналар томонидан республика истеъмолчиларга нефть маҳсулотларини сотиш бўйича ички тартиб»ида белгилаб берилган тартиб ва қоидаларга мувофиқ нефть маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиб беради. Ушбу қоидаларда «Алоҳида ҳолларда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг рухсати билан олдиндан тўловсиз етказиб берилиши мумкин»лиги кўрсатилган.
* Шунга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисига «2025 йил ҳосилидан етиштирилган пахта хом-ашёси якуний ҳисоб-китоблари ҳисобидан қоплаб бериш эвазига «Тахиатош нефть базаси» МЧЖ томонидан шудгорлаш ишлари олиб бориши учун кластер ва фермер хўжаликларини олдиндан тўловсиз дизель ёнилғиси билан ўз вақтида ва узликсиз таъминлашда амалий ёрдам берилишни сўраб» хат билан мурожаат қилинган.
* Ушбу хатга асосан, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг нефть базалар, жумладан «Тахиатош нефть базаси» МЧЖга туман ҳокимликларининг кафолат хатларига асосида «Бухоро НҚИЗ» МЧЖга тегишли ва масъул сақлашда бўлган қолдиқ доирасида комиссия шартномалари тузган ҳолда етказиб берилишини ташкил этиш топшириғи берилган. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида кластер ва фермер хўжаликларига кечиктириб бўлмас шудгорлаш ишлари учун дизель ёнилғиси етказиб берилган. Ушбу маҳсулотлар 2025 йил декабрь ойининг 20-21 саналарида етказиб берилган, шу кунлар дам олиш кунлари ҳисобланганлиги сабабли, жамиятнинг 1С бухгалтерия дастурида электрон тарзда расмийлаштириш имкони бўлмаган. Маълумотда камомад сифатида кўрсатилган барча миқдорлар бўйича белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ушбу миқдорлар дебитор қарз миқдорлари сифатида жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботларида акс эттирилган ва барча маълумотлар ҳамда тегишли ҳужжатлар мавжуд.
* Элликқалъа филиалининг 2025 йил 30 октябрдаги 103-сонли буйруғига асосан 2025 йил 1 ноябрда филиал омборхонасида сақланаётган нефть маҳсулотлари хатловдан ўтказилганда аниқланган камомадлар юзасидан:
* Аниқланган камомадлар жавобгар масъул ходим томонидан нақд пул кўринишида жамиятнинг банк ҳисоб рақамига тўлови амалга оширилган, аниқланган камомад бартараф қилиниб, камомаднинг юзага келишига сабабчи бўлган масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
* Элликқалъа филиали бошлиғи жамият директорига камомадларни дебитор қарздорликка расмийлаштириб, камомад бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермаслик эвазига пул таклиф қилганлик ҳолатлари мавжуд эмас.
* Бу тўғридан-тўғри туҳмат ва асоссиз маълумот, сабаби дебитор қарздорлик эвазига маҳсулотлар етказиб берилиши тўғрисида топшириқ хатлари мавжуд.
* Жамият директори 2026 йил 15 январда орадан 20 кун ўтиб ўз айбини яшириш учун гўёки қонуний иш кўрадигандай ҳуқуқ-тартибот органларига хат чиқарганлик ҳолати мавжуд эмас.
* Бу жамият раҳбарларини обрўсизлантириш мақсадида асоссиз ва ҳеч қандай маълумотларга эга бўлмаган шахснинг ҳаракатлари.
* Жамият директори «Тахиатош нефть базаси» МЧЖ сиғимлар боғида жойлашган 2-рақамли сиғимда сақланаётган АИ-80 русумли автобензини сифати жиҳатдан яроқсиз ҳолатга келишига сабабчи бўлганлиги юзасидан:
* Жамиятнинг нефть маҳсулотларини сақлаш омборхонасида жойлашган №2 сиғимда АИ-80 автобензини сақлашда бўлиб, ушбу маҳсулотдан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси масъул ходимлари томонидан 12.12.2025 йил санасида намуналар олиниб, «Ўзенергоинспекция» Тошкент марказий назорат-кимё лабораториясига юборилган. Лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, таҳлил қилинган маҳсулот намуналари O‘zDSt 3031:2015 давлат стандарти талабларига мос келганлиги тўғрисида 19.12.2025 йилдаги сифат паспорти тақдим қилинган (сифат паспорти мавжуд).
* Декабрь ойида байрам келаётгани муносабати билан ишчилар ойлик маош, байрам пуллари сўраганига қарамай ҳеч қандай чора кўрилмаганлиги юзасидан:
* Жамият ва унга қарашли бўлган барча ходимларнинг декабрь ойи учун иш ҳақи миқдорлари тўлалигича жорий йилнинг 10 январь санасида тўлаб берилган. Янги йил байрами учун байрам мукофот пуллари тўланиши тўғрисидаги жамиятнинг буйруғи 2025 йил 25 декабрда чиқарилган ва жамиятнинг ҳисоб рақамида мавжуд пуллар биринчи навбатда декабрь ойи учун иш ҳақига қаратилганлиги ҳамда ҳисобда етарлича маблағлар мавжуд бўлмаганлиги учун мукофот пуллари тўлови жорий йилнинг 20 январь санасида тўлалигича амалга оширилган.
* Элликқалъа филиалида ишлаётган 2 та фарзанднинг ёлғиз боқувчиси бўлган ходима Е.З.ни камситиб, 1 та совға берилганлиги юзасидан:
* Филиал ходимасидан сўралганда, 2026 йил янги йил совғалари берилган пайтда, яъни декабрь ойининг охирги кунларида унинг катта опаси бевақт вафот этганлиги сабабли, унинг маракаларида бўлганлигини, «Тахиатош нефть базаси» МЧЖ касаба уюшмаси томонидан берилган янги йил совғаларини 5 январь ишга чиққан куни 2 та совғани тўлиқ олганлигини ёзма равишда билдирган.
Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларнинг барчаси асоссиз ва фақат жамият ҳамда филиал раҳбарларини обрўсизлантириш мақсадида қилинганлигини билдирамиз.
Шу мақсадда «ANTIKORRUPSIYA to‘rtinchi hokimiyat» телеграм канали ходимларидан маълумотларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришдан аввал журналистик суриштирув ўтказиб, мурожаатчилар томонидан берилган маълумотларга аниқлик киритилгандан сўнг жойлаштирилишни сўраб қоламиз.