Қуйидаги хужжатлар – “SAMO” МЧЖ си томонидан ишлаб чиқарилган таблеткаларининг дорихоналардаги сотувдаги чакана нархи 3000 сўм бўлгани ва худди шу дорининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган шартнома асосида икки баробардан ортиқроқ нархда сотилаётгани хақида. Давлат бюджети, яъний хар биримизнинг тўлаётган солиқларимиз ҳисобидан, таъсисчиларидан бири шубхали бўлган корхонадан, тендерлар ўтказмасдан сотиб олинишида коррупция элементлари сезиляпти. Бу ерда, коррупциянинг “откат” технологияси қўлланилгани эҳтимоли мавжуд. Содда қилиб тушунтиришга харакат қиламан. Компания махсулотни икки баробар нархга, давлат идорасига сотади, давлат идораси рахбарлари, пул ўзиники бўлмагани учун, бу махсулотни бир неча баробар қимматга сотиб олади, махсулотнинг асл нархи билан, ошириб сотиб олингандаги нархнинг фарқини эса икки томон бўлашиб олиб, чўнтакка уришади. Аслида бундай қилинмаслиги учун қонуний ечим мавжуд. Давлат идораси томонидан сотувчиларнинг бир нечтаси қатнашадиган “тенедер”, яъний танлои ўтказилади ва уларнинг ичида энг сифатли ва энг арзон махсулот таклиф қилинганлар танланади ва айнан шу корхонадан сотиб олинади. Аммо бу шартнома тузилишида тендер танлови хам ўтказилмагани хақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда айланмоқда. Шунча халқнинг пулини исроф қилиб, икки баробар нархда дорини сотиб олиб, болажонларга ичирилганига яраша, сифатли ва фойда берадиган дори воситаси тарқатилганида хам майли эди. Аммо мутахассис ва софдил врачларнинг фикрларича, таблеткаларнинг дозировкаси бир неча баробар (тахминан 10 баробар) ошириб тайёрланган. Бундан қандай мақсад бўлган, ёки корхона мутахассисларининг маъсулиятсизлигими ёки билимсизлигими, бунга яқин кунларда, уларнинг фаолиятини текшираётган жиддий ташкилотлар, ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб маълумот беришади деб умид қиламиз. Нарх наво масаласини хам четга суриб қўяйлик. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ходимларининг болажонларга бериладиган таблеткаларнинг дозировкаси масаласига бунчалик маъсулиятсизлик билан қарашгани сабабини эса, бугун панадан чиқиб, журналистларнинг барча саволларига жавоб бершга тайёрмиз деб айтган матбуот котибидан жавоб кутамиз. Айтганча, “Антиструмин” таблеткалари масаласида, болаларга берилганида, фақат дозировкадаги хатолик эмас, балки нарх навонинг икки баробардан ошиқ нархда, ХАЛҚнинг пулига сотиб олинганининг сабаби хақида хам жавоб кутамиз!