Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш шаҳар ҳудудий Кенгаши аъзолари, пойтахтимизнинг тегишли ташкилот ва идоралари раҳбарлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан “Antikorr.Uz” ОАВ рахбари иштирок этдилар. Шунингдек, видеоконференция алоқа ёрдамида пойтахтимизнинг барча туманлари мутасаддиларининг иштироки таъминланди.
Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков очиб берди ва коррупция турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётгани, фақатгина бу ёвуз балонинг олдини олиш орқали, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш имкони пайдо бўлиши, умуман, жамиятнинг барча тармоқлари ривожланиши мумкинлигини таъкидлади.
Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Aкмал Бурхонов томонидан Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олиш масаласи кўтарилди.
Бундан сўнг, Тошкент шаҳар прокуратураси, Марказий банк Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси мутасадди раҳбарларининг ўз тизимларида коррупсия ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш юзасидан кўрган чоралари бўйича ахборотлари тингланди.
Коррупцияга оид жиноятчиликнинг ҳолати ва уни бартараф этиш бўйича кўрилаёитган чоралар, Тошкент шаҳрида банк соҳасида коррупция ҳолатларини олдини олиш масалалари, пойтахтдаги қурилиш соҳасида коррупция ҳолатларини олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар танқидий муҳокама қилиниб, масъулларга уларни жадаллаштириш, инсон омилини истисно қиладиган ечимларни излаш вазифаси юклатилди.
Муҳокамалар давомида аниқланган коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди. Бу иллатга қарши курашиш йўналишидаги ишларни янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.