“Катта Гулдурсун” қалъаси ҳақида
Ҳозирги кунда “Катта Гулдурсун” қалъаси ҳақида кўплаб нотўғри ривоятлар айтилиб келинади, энг ачинарлиси бу айрим дарсликларга ҳам кириб кетган.
Гулдурсун – шу қалъа ҳукмдорининг қизи, мўғул саркардалари фойдасига сотқинлик қилган қиз деб…
С.П.Толстовдан кейин хозирги кунгача тарихчиларимиз бу махобатли қалъанинг тарихини тўлиқ тасвирлаб берувчи китоб ёзишмаган. Ёш авлодларга бу ерларда сотқинлар яшаган деган ривоятларни сингдириш кимларга керак бўлди экан?
Яқинда яна бир китоб қўлимга тушиб қолди, ундаги ёзилган ривоят юқоридаги ривоятнинг мутлақо аксини тасвирлайди. Ўқиб хурсанд бўлдим. Китобни китобхонларимиз, хозирги ва келажак ёшларимиз учун тайёрлаб босмахонадан чиқаришда жонбозлик кўрсатган тарихчиларимиз ва мутасадди рахбарларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шу китобдан парча.
«Ривоят қилишларича қадимги давлат ҳукмдорларининг катта ўғли Ҳасаншох ов қилиш учун 40 та отлиқ билан Жайхун(Амударё) нинг шимол томонига ўтадилар. Эрта тонгдан то пешингача ов қилган чарчаган ҳукмдор ўғли узоқда она кийикни кўриб орқасидан қувиб кетади. Шериклари кун ботаяпти, энди ҳавфли йиртқичлар ҳужум қилиши мумкин деган гапларига қулоқ солмасдан она кийикни қувишни давом қилдиради.
Узоқ қочган ва чарчаган она кийик бирдан катта саксовул тагида тўхтаб қолади. У бир Ҳасаншохга, бир ерга мунгли қараш қиларди. Шох ўғли ўқ-ёйини пастга тушириб яқинроқ борса ҳам она кийик жойидан жилмасди. Кийик тўхтаган саксовул соясида 3-4 кунлик ёш гўдак йиғлаб кийикка талпинар эди. Бир зум тикилиб турган шох ўғли ҳайратдан қотиб қолди. Уни орқасидан келган навкар (отлиқ)ларнинг ғала-ғовури карахт ҳолатдан уйғотди. Отлиқлар кийикка ёпирилиб уни тутганларидан кейин Ҳасаншох овозининг борича юборинглар кийикни деб буйруқ берди. Ва гўдакни қўлига олиб бир зум тикилдида, кетдик дея отига минди.
Гўдакни саройга олиб бориб сарой бекалари, канизаклар қўлига топширдилар. Унга гўдакнинг қиз бола эканлигини айтишади. Шунда Ҳасаншох отасига “агар рухсат берсангиз бу менинг қизим бўлади” деб шарт қўяди. Отаси рози бўлиб у қизни невараси сифатида тан олади ва унинг шарафига базм уюштиради.
Орадан йиллар ўтиб давлат ҳукмдори оламдан ўтади. Васиятга кўра ҳукмдорлик сулоланинг тўнғич ўғли Ҳасаншохга ўтади. Шу даврда унинг асранди қизи ҳам балоғатга етади ва сарой маликаси деб эълон қилади. Ички зиддият, қарама-қаршилик ва кўролмаслик натижасида сарой канизакларидан бири шохнинг асранди маликасига унинг саройга келиши тарихини айтиб беради. Шунда малика бир ҳафта ҳеч ким билан гаплашмасдан, еб-ичмасдан ётиб қолади. Ҳеч бир табиб унинг касалига даъво топаолмайди.
Шунда шох қизи (малика) ёнига кириб, “қизим мени кечир, бу тарихни сенга менинг ўзим айтишим керак эди. Мендан нима тилайсан деб ялиниб-ялворибди. Сарой тарбиясини кўрган қиз “Ота мени топиб олган ерни обод қилиб, гулларга бурканган 40 устунли катта бир қалъа қурдирасиз” деб шарт қўйибди. Шох дарҳол шундай гул(нақш) ишланган 40 та устунли қалъа қуриш ҳақида фармон берибди ва қалъа қурилишини энг моҳир усталарга топширибди. Тез орада қалъа қурилиши ҳам бошланиб қизи ҳам соғайиб кетибди.
Халқ орасида шу қалъа қурилиш бошлангандан “Гулустунли” (устунлари гулдан бўлган маъносида) қалъа деб донғи кетган экан. Асрлар давомида халқ орасида ҳамда ҳужжатларда “Гулдурсун” деб ўзгарган.
Археологик қазилмалар натижаларига асосан шу ерда қалъа 3 маротаба, яъни дастлабкиси эрамиздан аввалги IV-III асрларда ва яна 2 маротаба янгидан қурилган. Ҳозирги “Катта Гулдурсун” қалъа (ХII аср бошида) учинчиси ҳисобланади.»