ШОҲНИ ТОЖИДАН УШЛАШ

Осиё давлатлари Ғарбга қараганда ўзига хос характерга эга. Қариндош уруғчилик каби фазилатлар кутилмаганда иллатга айланиши мумкин.

Тўсатдан кимнингдир қариндоши Президент бўлиб қолса, лотереядан жек пот чиққани уша кун бўлади. Афсуски бундай қариндош уруғчилик мана шу кундан бошлаб айнан Президент бўлган шахс учун салбий иллатнинг бошланиши бўлади. Қўлидан бирон бир иш келмайдиган кадрлар махсус тасодифий учрашувлар орқали мансабнинг энг юқори чўққисига чиқа бошлайди. Бу Президентнинг жияни, хотинини қариндоши ва бошқалар бўлиши мумкин. Мана Шарқона сиёсатнинг емирадиган жиҳат!

Энди янада яқинроқ яъни тор доирани кўриб чиқамиз. Президентнинг оила аъзолари ҳақида гап кетса агар бу ўта долзарб доира ҳисобланади. Ҳар бир оиланинг аъзоси Президентнинг хавфсизлигини қўриқлаш хизмати томонидан алоҳида ҳимояланади. Шу билан бирга чет эл разведка хизматлари Президентнинг оиласидагиларнинг куч қудратини баҳолайди. Уларнинг нозик ва кучли томонлари ҳақида маълумот тўплайди. Хоби, қизиқиш ва севимли машғулотлари ўрганилади. Айнан ушбу қизиқишлар орқали чет эл разведка хизматлари ўз режасини амалга оширишни йўлга қўяди.

Бирданига машҳур инсонлар ташрифи, санъат юлдузлар давраси, учрашув ва тадбирлар чет эл махсус хизматнинг махфий режаси асосида ишлаб чиқарилади.

Буни қандай ёмон томони бор?-деб сўрашингиз мумкин. Президент фарзандларининг фикри агар қайсидир соҳани ўзгартиришга қодир бўлса, демак мана шу ҳам ёмон томон ҳисобланади. Агарда уларнинг фикри ислоҳотларда бир тийинга эга бўлмаса у ҳолда Президентга таъсир ўтказиши мумкин эканлигини инобатга олсак, у ҳам ёмон томондир.

Бу маълумотларни ўқиб туриб дарров хаёлингизга амалдаги Президент ва унинг оиласи келмасин ва уларга нисбатан шубҳа пайдо бўлмасин. Уларнинг хайрия ишларида фаол бўлиши таҳсинга лойиқ. Аммо ҳар қандай эҳтимоллик инобатга олиниши ва керак бўлса Конституцияда белгилаб қўйилиши лозим.

Аввалги, ҳозирги ва келажакдаги давлат раҳбарларининг мана шундай оила масаласидаги заиф томонлари қонун билан мустаҳкамлаш талаб этилади.

Ёвуз кучлар йўқ деб ҳеч ким айта олмайди. Шоҳни тожидан ушлашга ҳеч қандай куч қодир бўлмаслиги керак!

Нафақат Ўзбекистон балки бошқа давлатларда ҳам бундай механизмларини кузатиш мумкин. Ҳар қандай ислоҳотлар халқ ҳокимияти атрофида ҳал этилиши учун қонун ишлаб чиқарувчи органлар ихтиёрида бўлсагина тараққиёт бардавом бўлади.

Ўйлайманки, бу маълумотлардан ижобий хулоса чиқариб оладиган ватанпарвар инсонлар топилади. Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин!

Мардон Аслонов

Тафсия қилинганлар