Президент томонидан 20.01.2023 йилдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-10-cон Қарор имзоланди.
Ҳужжат билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланмоқда. Кодекс ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга қаратилган.
Қарорга кўра, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилади.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш;
ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш;
ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш.
Ички ишлар вазирлиги Журналистлар жамоатчилик назорати