2023 йил 27 ноябрь, Ўзбекистон Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорат тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги олиб орилаётган ишлар самарадорлиги ва натижакорлигини ошириш, ижтимоий масалалар хақидаги маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсад қилиб қўйилган.
Фармоннинг биринчи бандида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш бўйича берилган таклифи маъқулланди.
Йилнинг хар чорагида, Агентлик томонидан, давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятлар таҳлил қилиниши, ушбу йўналишдаги кўрсаткичлари ошган давлат органлари ва ташкилотларига нисбатан тезкор чора-тадбирлар белгилаш учун, Агентлик ходимлари томонидан ва иштирокида коррупцияга дахлдор кўрсаткичлари ошган ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиб борилиши белгиланди.
Хар ярим йилликда, Миллий кенгаш йиғилишларида, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида, коррупцион жиноятларнинг олдини олиш ва уларга ушбу жиноятларга имкон берган сабаб ва омилларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий муҳокама қилиб борилиши белгиланди.
Шунингдек, 2023 йилнинг 1 декабр санасидан бошлаб, очиқ маълумотлар портали ҳамда вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларига бошқа очиқ маълумотлар қаторида қуйидагилар ҳам жойлаштирилиши мажбурияти белгиланди:
- ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотлар,
- болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш навбати хақидаги маълумотлар, давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-тамоилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби,
- ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
- давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.
Қуйидаги жараёнлар интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади:
- фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун Илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);
- ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, «Темурбеклар мактаблари» ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;
- олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари:
- умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш;
- чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан, давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилди. Ушбу тадбирларни ўтказиш, давлат органлари ва ташкилотларидаги ишонч телефонларининг (Call-марказ) ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамларининг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги, қайта алоқанинг мавжудлиги, шу жумладан, тезкорлиги ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши даражасини текшириш мақсадида ўтказилади.
Шунингдек фармонда Агентликга хорижий экспертларни жалб қилган холда, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимларини очиқлик соҳасидаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари бўйича ўқитишга қаратилган онлайн малака ошириш тизимини электрон платформа асосида йўлга қўйиш вазифаси юкланди. Электрон платформа орқали ўқитилиши якуни бўйича ҳар бир тингловчи эгаллаган билим ва малакасини тест синовидан ўтказилиб, натижаларини тўпланган баллар рейтинги асосида очиқ эълон қилиб бориш тартибини жорий этилиши хам белгиланди ва электрон платформа модуллари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб, мунтазам такомиллаштириб бориладиган бўлди.
Коррупция билан курашиш борасидаги хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, коррупция билан курашиш ва олдини олиш, ёки соддароқ айтадиган бўлсак профилактикасида самарадорликни ошириш учун, ташкилотларнинг хисобдорлиги яхши натижалар берган.
Европанинг ривожланган давлатлари ва Сингапур, Жанубий Корея, Гонк Конг да давлат идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар ва жараёнлар транспарентлик, шаффофлик тамойили асосида олиб борилади. Тендерлар, навбатлар ва ташкилотларга ишга қабул қилинишида, “инсон фактори” олиб ташланиб, рақамлаштирилган холатда амалга оширилади. Бўлиб ўтаётган хар бир жараён хақида, фуқаролар интернет орқали, онлайн тарзда маълумотлар олиб туриши имконияти яратилган.
Коррупцияни бартараф қилиш давлатнинг иқтисодини ўсишига ва олиб келгани, коррупцияни бартараф қилган мамлакатларнинг мисолида кўришимиз мумкин. Айнан шундан келиб чиқиб, фармонда белгиланган вазифларда, коррупция билан курашиш борасида, хорижий тажрибадан ва хорижий экспертлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги белгиланган.
Коррупцияни бартараф қилишга масъул бўлган ташкилотлар, шунингдек давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамият ва жамоатчилик фаоллари томонидан, коррупцияга қарши курашиши ва коррупциявий мухит юзага келишини олдини олишида биргаликда харакат қилинса, Республикамизнинг иқтисодини ўсиши ва халқнинг фаровонлиги ва хаёт даражасини ошиб боришига олиб келади. Шунинг учун мазкур фармон хақида, унинг ижроси хақида билишимиз ва жойиз бўлган жойда бу курашда фаол иштирок этишимиз бизнинг фуқаролик бурчимиздир!
“Антикоррупция” ОАВ рахбари Б.Расулев