Ўзингизга ишонинг
Бу бола фақат синф эмас, бутун мактаб бўйича энг камбағал оиладан эди. Ўқитувчининг жаҳлини чиқарган нарса ҳам шу: ўзи нима аҳволда-ю, “Ким бўлсам экан?” мавзусида етти бетли иншо ёзибди. Ёнида илова-чизмаси ҳам бор – йилқичиликка мўлжалланган каттакон ферма. Иншо “0” баҳо билан эгасига қайтди. Бола ҳайрон бўлди. Дарс тугагач, ўқитувчининг олдига оқараб кириб, нега бундай баҳо қўйганини сўради. “Ёзганларинг ёшингга тўғри келмайди. Ҳолингга қараб орзу қилсанг бўлмайдими? Сен ўйлаётган ферма учун катта маблағ керак. Олдин ер сотиб олиш зарур, кейин отлар, ем-хашак… Хуллас, хом хаёлларингни қўйиб, иншони бошқатдан ёз”. Бола хафа бўлиб уйига қайтди. Узоқ ўйланиб ўтирди. Эртасига эса ёзганларини эски ҳолатда ўқитувчисига олиб борди: “Сиз баҳонгизни ўзгартирманг, мен эса орзуларимни…
”Йиллар ўтди. Энди нафақага чиққан ўқитувчи каттакон йилқичилик фермасига ҳайратланганча қараб турар, ичкарида бир пайтлар орзулари учун “0” баҳо олган собиқ ўқувчиси ҳашаматли уйда ўтирарди. Рўпарасидаги деворда, камин устида эса иншога илова қилинган йилқичилик фермасининг рамкага солинган чизмаси бор эди.