ANTIKORRUPSIYAни ташкил қилишдан асосий мақсад, жамиятдаги содир бўлаётган коррупция ва бюрократияга қарши кураш бўлган. Гурух расмий мақомга эга бўлмаган ва жамоатчилик асосида иш олиб борган. Шундай бўлсада гурухда коррупцияга оид ва порахўр рахбарларни фош қилишга оид мақолалар эълон қилиниб борилган, жамоатчиликнинг коррупцияга қарши курашга оид фикр ва мулоҳазалари тингланган, уларни мухокама ва доимий тахлил қилиниб борилган. Гурух энг аввало 100 – 150 кишидан иборат бўлган. Орадан бир йил ўтар ўтмас улар сони 1000 -1500 кишига етган. Обуначилари кўпайгани сайин гурухда ўзига яраша қоидалар ишлаб чиқилишига зарурат туғилган ва гурух бош администратори Баходир Сапаев томонидан 10 та банддан иборат махсус қоидалар ишлаб чиқилган.

Мавзу оммабоплиги туфайли бўлса керак гурух обуначилари сони кескин орта бошлаган ва битта админстраторнинг гурухга келиб тушаётган мурожаатлар ва постларни тахлил қилишга жисмонан вақти етмаган. Шу сабабли гурух бош администратори Баходир Сапаев томонидан гурух фаоллари ичидан ёрдамчи модераторлар ёллаш учун эхтиёж туғилган. Натижада гурухнинг дастлабки яъни Бобур Расулев, Бахтиёр Саидов, Шерзод Ботиров, Қувонжан Тилеукеевлар ва Жасурбек Эшчановлардан иборат администрацияси ташкил қилинган.

Орадан кўп вақт ўтмай гурух обуначилари сони 10.000 дан ошиб кетди. Энди гурухда малакали юристларга эхтиёж туғилди ва бу борада гурухда ўзини фаоллиги билан ажралиб турувчи Адлия вазирлиги ходими Ғофуржон Саломовга юзланилди. У киши хам ўз ёрдамини аямасдан администрация таркибига қўшилди ва гурух кўплаб дуч келинаётган муаммолар ва постларни ўз мутахассислиги бўйича тахлил қилиб мурожаатчилага ёрдам бериб борди.

Гурух обуначилари сони кескин ортишда давом этди. Обуначилар сони 15.000 дан ортгандан кейин гурух администрацияси диний мавзуларни тахлил қилинишига эхтиёж сезди ва бу борада гурухга Аброр Мухтор Алий домла модератор сифатида таклиф қилинди. Албатта Аброр Мухтор Алий домланинг гурух ривожланишида мехнатлари беқиёс. Аммо домла ўзининг шахсий блоглари ва диний ишлари билан кўпроқ машғул бўлганлиги туфайли бизга вақти етмас эди, шу сабабли ушбу масъулиятли вазифани гурухимизнинг яна бир фаоли Турсун Тохир Домлага таклиф қилинди. Домла йўқ демай таклифимизни қабул қилдилар.

Гурухимиз 20.000дан ошиб кетди. Шу давр ичида гурухни янада юқори чўққиларга кўтариш учун малакали администратор ва модераторлар керак бўлди, кунлардан бир кун гурухимиз ҳақида фикрларини билдириб фаолиятимизга бахо беришларини сўраб пост қолдирдик. Изохларни ўқиб энг танқидий фикр билдирган обуначимиз Жасурбек Эргашевни администрация таркибига таклиф қилдик ва унинг ташаббуси билан Коррупцияга қарши кураш агентлиги ходими Обиджон Латиповни, журналистлар Мавжуда Мирзаева, Анора Содиковаларни хам администрация таркибига қўшиб олдик. Шу қаторда Ёджон Примов исимли Қашқадарёлик йигитни хам қўшиб олдик. Адашмасам администрация таркибида ўша пайтда Отабек Сатторий хам бўлган.

Шу даврнинг ўзида Facebook ижтимоий тармоғида гурухимизга қўшимча тарзда унинг сахифасини очдик. Қисқа муддат ичида сахифамиз обуначилари сони 20.000 яқинлашиб қолди.

Гурух ҳақиқий оммабоп гурухга айланди, шу давр ичида гурухимизга ELMADAD ташкилоти рахбари Мардон Арслонов ўз ёрдамини таклиф қилди ва биз уни бажонидил администрация таркибига қўшиб олдик.

Гурухимиз 40.000 га яқинлашиб қолганда жиддий тус ола бошлади ва мурожаатлар сони кескин ортишда давом этди. Шу сабабли администрация таркибига Расул Кушербаевни таклиф қилдик. Расулбек оқкўнгил йигит экан. Эътироз билдирмади ва администрация таркибига келиб қўшилди.

Гурухимиз 60.000 дан ошиб кетди шу орада гурухимиз администрацияси таркибига Саййид Абдулазиз Юсупов қўшилишни таклиф қилди ва биз у кишини бажонидил администрация таркибига қўшиб олдик.

Шу давр мобайнида бизнинг сафимизга таниқли блогерлар Дима Қаюм, Шухрат Мусаев, Зафарбек Солижонов, Элёрбек Таджибаев, Ғайрат Абераев, Ислам Капарзо, Эмине Карамановалар келиб қўшилишди. Кейинроқ ҳуқуқшунос укамиз Шерзодбек Рахимов хам келиб қўшилди.

2022 йилга келиб гурухимиз 80.000 дан ошиб кетди. Телеграм, Youtube, Facebook ижтимоий тармоқларидаги умумий обуначилар сони 100.000дан ошиб кетди Энди гурухимизга расмий мақом бериш истаги пайдо бўлди. Мана шу паллада гурухимизни расмий тарзда рўйхатдан ўтказиш бўйича бир қанча муаммоларга дуч келдик, аммо хохиш бўлса хаммаси жойида бўлади, албатта мақсадга эришилади. Барча муаммоларни битта бетакрор инсон, дўстимиз Музаффар Алимовнинг беғараз ёрдами билан амалга оширдик.

 

Энг авваламбор:

«AK XALQPARVAR MCHJ» ташкил қилинди;

ўз штамп ва мухримизга эга бўлдик;

www.antikorr.uz вэб сайтини яратдик;

t.me/antikorruz telegram каналини ишга туширдик;

you tube ижтимоий тармоғидаги ANTIKORRUZ каналини ишга туширдик;

логотип ишлаб чиқдик;

логотипимизни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги интеллектуал мулк агентлигида давлат рўйхатидан ўтказдик;

ўз шахсий офисимзни очдик;

махсус мухбирлар фаолиятини таъмилаш учун моддий техник базасини яратдик.

Нихоят 13.07.2022 йил санаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси хузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида №1670 рақам билан ANTIKORRUPSIYA (www.antikorr.uz) оммавий ахборот воситаси сифатида расмий тарзда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Албатта гурухимиз администрациясида кўп ўзгаришлар бўлди, келувчи кетувчилар бўлди, буларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу ҳақда алоҳида мақола эълон қиламиз, аммо шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки гурухимиз таркибида фаолият кўрсатган ва унинг ривожига хисса қўшган администрация аъзоларини барчасига ўз ташаккуримизни билдирамиз.

 

Хурмат билан,

 

Администрация

Тафсия қилинганлар