Давлат харидлари қонунчилиги
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65 ва 67-моддаларига асосан давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.
Конституцияда кафолатланган тамойилларни рўёбга чиқаришга амалдаги давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳам хизмат қилади. Ушбу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий мақсади – давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ бойлиги бўлган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, уларни тежаш, талон-тарож қилишни олдини олиш, рақобат муҳитини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг имкониятлар яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, коррупция ҳолатларни олдини олишдан иборат.
Амалиётда ханузгача айрим шартномалар “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига зид равишда тузилиб, бюджетдан пулларни ундириш мақсадида судга даъво аризаси билан мурожаат этиш ҳолатлари учрамоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ маҳсулот етказиб бериш, пудрат ишларини бажариш, ижарага олиш ва бошқа хўжалик шартномаларини фақат электрон дўкон, танлов, тендер, аукцион ва бошқа давлат харидлари натижаларида тузиш назарда тутилган бўлса, лекин шартнома давлат харидлари тарти-таомилларига зид равишда тузилганида тузилган битим Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас битим деб топилади.
Масалан, буюртмачи Бувайда тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва пудратчи “Ingirchoq Qurilish Invest” МЧЖ ўртасида тўғридан-тўғри пудрат шартномаси тузилиб, тумандаги мактаб биноларда пудрат ишлари бажарилган. Пудрат ишлари ҳақи тўланмагани учун пудратчи 250 254 900 сўмлик бажарилган таъмирлаш ишлари қийматини ундиришни сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат этган.
Ушбу пудрат шартномаси давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка зид равишда тузилган ҳисобланади. Шартнома ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтмагани учун суд даъво талабини рад этиб, битимни ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаган ва тўланган давлат божи ва почта харажати даъвогар зиммасида қолдирган.
“Давлат харидлари” тўғрисидаги Қонунни 74-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларига асосан давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри тузилган шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши лозим. Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар тўғрисидаги ахборот шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштирилиши шарт. Тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди.
Ўзининг манфаатларини бошқа тадбиркорлар манфаатидан устун қўядиган юридик шахслар қонунга зид равишда тузилган шартномалар бўйича бюджетдан пулларни ундириш мақсадида судга мурожаат этганида суд ишни кўриш давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича давлат муассасаларига қонунларни тушунтириш ва уларни бузилиши олдини олишга қаратилган чораларни кўриш мақсадида, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш учун хусусий ажримлар киритилмоқда.
Фарғона вилоят суди
иқтисодий судлов ҳаъйти судьяси Д. Акрамова