“Кўчаларни ўғриси” деган гапи қаттиқ таъсир қилди
Б.Актамов 2015 йилдан бошлаб Данғара туманида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари бозорига тадбиркорликка чиқиб, у ерда Қўқон шаҳрида яшовчи Б.Раззаков ва Данғара туманида яшовчи Ўктам исмли шахслар билан танишган, кейинчалик Б.Раззаковдан Ўктам ака ҳақида ёмон гапларни эшитиб, Б.Раззаковни “кўчаларни ўғриси” деган гапи унга қаттиқ таъсир қилгани, сабаби Ўктам акани қаттиқ ҳурмат қилгани, шундан сўнг орадан вақтлар ўтиб ўша вақтда Б.Раззаков нотўғри гапирганлигини тушуниб етгани, шундан кейин Б.Раззаковни уриб, ақлини киритиш нияти пайдо бўлган.
Б.Актамов 2023 йил 15 июнь куни соат 10 ларда ўзининг автомашинасига эҳтиёт қисмлари олиш учун Б.Раззаковга қўнғироқ қилиб, ҳозирда пули йўқлиги сабабли автомашинасига эҳтиёт қисм олиши кераклиги, шунинг учун Б.Раззаковдан унга керакли бўлган эҳтиёт қисмларини олиб бериб туриши, пулларини бироз муддат ўтиб беришини телефон орқали сўраганлиги, шунда Б.Раззаков унга келаверишини, эҳтиёт қисмларини олиб беришини айтганлиги, шундан сўнг орадан бироз вақт ўтиб, соат 11 ларда Данғара тумани марказида жойлашган “Барака бозор” номли авто эҳтиёт қисмлари бозорига бориб, Б.Раззаковнинг дўконига ўтганлиги, кейин Б.Раззаков билан бирга гаплашиб ўтириб, яна ўша Ўктам ака ҳақида гапирган нотўғри гаплари эсига тушиб, Б.Раззаковни олдига келишдан аввал автомашинасида доимий олиб юрадиган сувенир пичоғини ўзи билан олгани, бу орада Б.Раззаков унга керакли бўлган эҳтиёт қисмларини пешин намозига бориб келганларидан сўнг олиб беришини айтгани ва у билан бирга Б.Раззаковга тегишли бўлган Жигули русумли автомашинасида Данғара тумани марказида жойлашган жоме масжидига йўл олганликлари, йўлга чиққан вақтларида йўлда Б.Раззаковни таниши уларга қўшилиб олганликлари, кейин иккалалари ҳам таҳоратлари йўқлиги учун ушбу масжиднинг таҳоратхонасига кирганлари, у ерга кирган вақтида Б.Раззаковни яна ўша Ўктам ака ҳақида гапирган нотўғри гаплари эсига тушиб, бундан жаҳли чиқиб, ўзини бошқара олмасдан, ёнида бўлган пичоғини олиб, Б.Раззаков таҳорат қилиб ўтирган жойига ортидан бориб бир неча маротаба танасининг бош ва бел қисмларига пичоқ урганлиги, шундан сўнг орада Б.Раззаков унинг нафсониятига тегиб, сўкингани, бундан янада ғазабланиб унинг танасига яна бир неча маротаба пичоқ уриб ташқарига чиқиб кетгани, кейин пичоқни олиб, “Навбаҳор” МФЙ биносига кирганлиги ва пичоқни у ердаги фуқарога бериб, ИИБ профилактика инспекторини топиб, бўлиб ўтган ҳолатни айтиб берган.
2023 йил 2 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг ҳукми билан Б.Актамовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми “л” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Б.Актамов қилган ишидан пушаймон бўлиб, вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб вилоят судига апелляция тартибидан шикоят киритган бўлсада, унинг жазоси ўзгаришсиз қолдирилган.
Рустамжон Зарипов, Фарғона вилоят судининг судьяси