Ассалому алайкум муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев. Мен Элликқалъа тумани Навоий ОФЙни ҳудудида яшовчи, Тангриберган бобо фермер хўжалиги раҳбари Камараддин Абдуллаев бўламан. Ушбу мурожаатим қуйидагилардан иборат, марҳум отам 2003 йилдан бошлаб Тангриберган бобо Фермер хўжалигини 40 гектар ер майдон билан ташкил қилиб, 2018-йил вафот этгунига қадар деярли қарзсиз ва режаларни ўз вақтида бажарган ҳолда фаолият юритиб келди. Отамни вафотидан кейин фермер хўжаликни бошқариш ҳуқуқи менга ўтди, шундан кейин 2019-йил, менга туман мутассадилари тамонидан, фермер хўжаликлар ерларини оптималлаштириш жараёни олиб борилиши учун ҳамда ерни албатта яна ўзимга қайтариб беришларини айтиб, ўз аризамга биноан вақтинча ерни топшириб туришим кераклиги сўралди ва беихтиёрий равишда аризамни ёздириб олдилар. Кейин оптималлаштириш натижасида, 20 гектар ер майдонимни қайтариб беришиб, қолган 20 гектар ер майдонимни бошқа фермерларга бериб юбордилар. Кейинчалик шу фермерлар ерни олишдан воз кечганликлари сабабли, мени яна туман ҳокимликига чақиришиб, аризам асосида 20 гектар ерни яна ўзимга қайтариб бердилар. Аммо мен ерларни экиш учун тайёр холатга келтирганимдан кейин, 2020-йил апрель ойида ҳокимлик ва кадастр хизмати вакиллари келиб, қўққисдан 13 гектарлик ер майдонимни, 5 гектарини Ҳанифа Аллабергановна Ф/Хга яни Атажанова Ҳанифага беришим кераклиги талабини билдирдилар. Мен бу тушунарсиз ҳолатга аниқлик киритиш жараёнимда, аслида бу тушунарсиз ҳолатнинг сабабчиси, ҳозирги вақтда туман ҳокимияти ҳуқуқшуноси бўлиб фаолият юритаётган, Юлдош Рўзимовнинг манфаати учун эканлигини англадим. Юлдош Рўзимов ўз хизмат ваколатидан ўз манфаати учун фойдаланган ҳолда, менинг фермер хўжалигимга тегишли бўлган, умумий 13 гектарлик ер майдоннинг, сув йўлига яқин ва ҳосилдорлиги баланд бўлган қисмидан 5 гектарини қисмга ажратиб олиб, ўзининг аёли номида бўлган Ҳанифа Аллабергановна Ф/Х ҳисобига ўтказиш ҳаракатларини амалга оширганлигини тушундим ва ҳокимият ҳуқуқшуноси Юлдош Рўзимов ҳамда аёли Ҳанифа Атажановага ўз эътирозларимни билдирдим. Аммо улар, ҳозирги кунгача ҳам мени эътирозларимни менсимасдан келиб, ўз хизмат ваколати ва таниш билишчиликлари асосида, мен пахта экиб қўйган умумий 13 гектарлик ер майдонимдан, 5 гектарини ажратиб олиб полиз экинлар экишни мақсад қилаяпдилар ва ҳозирда ўз мақсадларига эришиш учун, мени ҳар ҳил асоссиз бўҳтонлар билан айблаб, судга бериб қўйибдилар. Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев, Юлдош Рўзимов ва Ҳанифа Атажанованинг, мени ҳақ ҳуқуқларимни бузишга ва топташга қаратилган, ғайриқонуний ҳаракатлари учун, тегишли жавобгарликга тортилишларини таъминлаб беришингизни илтимос қиламан!
Қамараддин Абдуллаев