Журналист Элёр Тожибоев 4 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди
Марғилон суди мухбиримиз Элёр Тожибоевни 4 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. У туҳмат, ҳақорат, товламачилик ва бошқа бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳри суди 20 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида «ANTIKORRUPSIYA» нашрининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири Элёр Тожибоевга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.
Элёр Тожибоев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида айбдор деб топилди:
139-моддаси 3-қисми «г» банди (Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш);
165-моддаси 1-қисми (Товламачилик);
219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш);
227-моддаси 2-қисми «а» банди (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
244−6-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш).
Жазолар қўшилганда Тожибоевга 3 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ, Жиноят кодексининг 60-моддаси (Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61-моддасига асосан, суд аввалги жиноятлар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиб, 4 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
2021 йил ноябрь ойида суд ўша пайтда Effect.uz нашри мухбири бўлиб ишлаган Тожибоевни Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 236-моддаси (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиб, жазони манзил-колонияда ўташга ҳукм қилганди. Бунга Effect.uz нашри ходимлари ва жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раисининг хизмат хонасида жанжаллашиб қолгани акс этган видеоёзувнинг тарқалиши асос бўлган.
«ANTIKORRUPSIYA» (нашр 2022 йилда АК XALQPARVAR GURUHI томонидан рўйхатдан ўтказилган) маълумотларига кўра, 2025 йил 16 майга ўтар кечаси Элёр Тожибоевни ички ишлар ходимлари уйдан олиб чиқиб кетишган. Нашр суд жараёни чўзилаётганидан шикоят қилган.
Ўша йилнинг 29 апрель куни у ўзининг Instagram’даги саҳифасида Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловга видеомурожаат йўллаб, ўз ҳуқуқлари бузилаётгани, унинг шикоятларига ички ишлар органлари томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаётганини айтган.
Тожибоевнинг сўзларига кўра, март ойида Фарғона шаҳар 2-сонли ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан жиноят ишлари бўйича шаҳар судига ёлғон ва туҳмат материаллари юборилган. Иш расмийлаштирилиб, судга юборилган, бироқ кейинчалик ушбу материаллар бўйича иш юритиш қонунчиликка асосан тугатилган.
Иш тугатилгач, Тожибоев Фарғона вилояти ИИБга мурожаат қилиб, материалларни тайёрлаган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш, шунингдек, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқишни сўраган. Бироқ, у 47 кун давомида расмий жавоб олмаганини айтди.
29 апрель куни Тожибоев вилоят ИИБ фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлимига келиб, мутасадди раҳбарлар томонидан муносабат билдирилмаётгани унинг қонуний ҳуқуқларини бузаётганини айтган. Шунингдек, у Фарғона вилояти прокуроридан инсофсиз ходимларга нисбатан қонуний чора кўришни ва ҳуқуқларини тиклашда ёрдам беришни сўради.
ANTIKORRUPSIYA OAV