Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Откорма аҳоли пунктида 160 та оиланинг янги ипотека уйлари термитлар ҳужумидан яшаш учун яроқсиз ҳолга келмоқда, бу вазият маҳаллий ҳокимият учун оддий зараркунандага қарши кураш эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий фавқулодда ҳолатдир.
Аҳоли ваҳимада, масъуллар эса нима қилишни билмай боши қотган. Ваҳоланки, бундай ҳолатлар учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳукумат қарорлари ва тартиблари мавжуд.
Откормадаги вазиятни ҳал қилиш учун туман, республика даражасидаги мулозимлар зудлик билан ва қонуний тартибда вазиятни расман тан олиши ва комиссия тузиши шарт. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича маъмурий регламентлари мавжуд. Туман ҳокимияти зудлик билан ушбу регламентга мувофиқ махсус Комиссия тузсин. Комиссия таркибига қурилиш, кадастр, СЭОЖС (Санитария-эпидемиологиосойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати) вакиллари киритилиши керак. Комиссия ҳар бир уйни аниқ кўздан кечириб, термитдан зарарланиш даражаси ва уйнинг техник ҳолати бўйича расмий Далолатнома тузади. Комиссиянинг хулосаси асосида, агар зарар танқидий даражада бўлса, 160 та уйни «яшаш учун яроқсиз» деб топиш бўйича расмий қарор чиқарилсин. Ҳукумат қарорларига кўра, термитлар томонидан бузилган уйларнинг эгаларига Давлат уй-жой фондидан янги турар жой ажратилиши ёки зарар қопланиши мумкин. Бу мулозимлар учун ҳаракат қилишнинг энг асосий ҳуқуқий асосидир. Туман ҳокимияти республика Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва кредит берган тижорат банклари билан зудлик билан музокара олиб борсин. Зарарланган уй эгаларига камида 1 йил муддатга кредит таътиллари (каникул) берилиши ёки кредитларнинг қайта молиялаштирилиши таъминлансин. Бу, айниқса, ипотека уйлари бўлгани учун мажбурийдир. Туман ҳудудида термитларнинг ўчоғини аниқлаш ва кенг кўламли антитермит ишловларини бошлашсин. Бу вазифага Республика Фанлар Академияси ҳузуридаги Республика Термитларга Қарши Курашиш Маркази (агар фаолият юритаётган бўлса) ва СЭОЖС жалб этилсин.
Откорма аҳолисига! Ваҳима ва ғазабга берилмасдан, ҳуқуқий ва қонуний йўллардан фойдаланиб ҳаракат қилинг. Барча 160 та уй эгалари бирлашиб, битта жамоавий ариза тайёрланг. Аризани Элликқалъа тумани ҳокимиятига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига расмий тарзда, кириш рақами билан рўйхатдан ўтказиб топширинг. Ҳар бир уйнинг зарарланган жойларини (еб битирилган ёғочлар, деворлардаги йўллар) фото ва видеога туширинг. Уйнинг носоз ҳолатини кўрсатувчи ҳужжатларни (масалан, қурилишдан қолган сифатсиз ёғочлар бўлса) сақлаб қўйинг. Булар комиссия иши учун асос бўлади.
Комиссия хулосасини кутиш жараёнида, химикатларни эҳтиёткорлик билан ишлатинг! Солярка ёки керосин каби ёғли моддалар фақат вақтинчалик ёрдам беради, лекин уйнинг ёғоч қисмларини ва атроф-муҳитни бузади. Мутахассис тавсиясисиз кенг кўламли кимёвий ишлов берманг. Қурилиш хатоларини аниқланг, агар уйларни қуришда термитларга қарши ишлов бериш талабига риоя қилинмаган бўлса, бу пудратчининг айби ҳисобланади. Буни аниқлаш учун Комиссияга ёрдам беринг.
Ҳукуматнинг тегишли қарорлари фуқароларни термит зараридан ҳимоя қилиш, яшаш учун яроқсиз уйлар эвазига янги уй-жой бериш ёки зарарни қоплаш мажбуриятини юклайди. Откормадаги муаммо шунчаки «ҳашарот» муаммоси эмас, балки давлатнинг қурилиш сифати, аҳолининг ҳаёт хавфсизлиги ва ижтимоий масъулияти масаласидир.
Хурматли мулозимлар! Қонунчиликни ўрганинг ва зудлик билан чора кўринг! Агарда мен депутат бўлганимда аҳоли бундай азият чекиб, қаерга боришни билмай, нима қилишни билмай юрмаган бўларди! Аммо Сизлар саводли кадрларни нимагадир депутатлик фаолиятига яқинлаштирмайсиз. Тайинлаган номзодларингиз нафақат аҳолининг бундай муаммоси борлигини билади, ҳаттоки аҳоли уларни аксариятини танимайди ҳам.
Хурматли фуқаролар!
Ваҳима қилмасдан, жамоавийлик билан ва қонуний талаблар асосида ҳаракат қилинг!
ANTIKORRUPSIYA Сиз билан бирга!
Баходир Сапаев ANTIKORRUPSIYA OAV асосчиси блогер хуқуқшунос ва иқтисодчи.
Каналимизга обуна бўлинг
👇
http://t.me/antikorruz