Жиноят процесси ҳуқуқининг далиллар назариясида гувоҳлик кўрсатувлари ўзига хос ўрин тутади. Шу ўринда гувоҳ ва унинг кўрсатувларига тўхталишдан аввал далиллар ўзи нима қандай маълумотлар далил ҳисобланиши ва унинг аҳамияти ҳақида тўҳталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекснинг 81-моддасида далил тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган ва бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбдор ёки айбсиз эканлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунда белгиланган тартибда аниқлашларига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар жиноят иши бўйича далил ҳисобланади.
Далиллар исбот қилиш жараёнида тўпланади, текширилади ва баҳо берилади. Ва шу билан далиллар «биринчи манба» ва «иккиламчи манба» лардан олинганига қараб тавсифланади. Гувоҳлик кўрсатувлари юқоридаги тансифлашнинг биринчисига мансуб бўлиб, бунда гувоҳнинг шахсий кузатувлари асосида берган кўрсатувлари ҳамда уни сўроқ қилиш дастлабки далил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 65-моддасида гувоҳ тушунчасига «Жиноят иши бўйича аниқланиши лозим бўлган бирор ҳолатни билиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ сифатида кўрсатув бериш учун чақирилиши мумкин» деган таъриф берилган.
Гувоҳлик кўрсатувлари жиноят процессининг исботлаш босқичида муҳим рол ўйнайди. Сабаби у содир этилган жиноят ҳақида дастлабки маълумотларни беради. Шунинг учун гувоҳ томонидан берилаётган маълумотлар диққат билан ўрганишни талаб этади. Авваламбор, гувоҳни сўроқ қилишда улар томонидан берилаётган маълумотлар маълум бир изчилликда ва кетма-кетликда берилаётганлигига аҳамият қаратиш лозим. Шу билан бирга маълум бир жиноят шоҳиди воқеаликни ўзининг интелектуал қобилиятидан келиб чиқиб идрок этади. Ва уни қайта ишлаб, ҳолат юзасидан ўзи идрок этган маълумотларни беради. Лекин гувоҳлик кўрсатувларини аниқлик даражасига субъектив ва объектив омиллар ўз таъсирини ўтказиб қолмайди. Сабаби ҳар бир шахсда борлиқни идрок этишига уларнинг психологик соғломлиги ва жисмоний қобилиятларини қайдаражада ривожланганлиги ўз таъсирини ўтказади.
Гувоҳлик кўрсатувларига таъсир қилувчи объектив омилларга қуйдагилар киради.
а) Мавсумий шарт-шароитлар (қиш, баҳор, ёз ва куз), сутканинг аниқ вақтлари (тун, кеч, тонг ва кундуз);
б) Жойларни ҳолати- тоза майдон, шаҳар ва қишлоқ шароитлари;
в) Тез ҳаракатланувчи транспорт воситалари ва техникалар;
г) Об-ҳаво шароитлари (иссиқ, совуқ, ёмғирли ёки қорли);
д) Объектларни ҳолати;
Юқоридаги ҳолатлар гувоҳлик кўрсатувларини қанчалик тўғри эканлиги ва улар томонидан ҳодиса ҳолати юзасидан бераётган маълумотларининг аниқлик даражасига таъсирини ўтказади. Шунинг учун гувоҳ кўрсатувларини олишдан аввал уларнинг кўрсатувларига таъсир қилувчи объектив омилларга аниқлик киритиб олиш зарур. Бу эса исбот қилиш субъектининг гувоҳнинг кўрсатувлари орқали маълум бир маънода ҳодиса ҳолатини тасаввур қилиши ва уни тиклаши учун имкон беради.
Гувоҳлик кўрсатувларига таъсир қилувчи субъектив омилларига шахснинг жисмоний (ёши, соғлиги, жинси ва ҳакозо) ва руҳий ҳолатини киритиш мумкин. Юқоридаги ҳолатлар шахснинг ҳодиса ҳолати юзасидан берадиган маълумотларига ўзи таъсирини ўтказади.
Гувоҳлик кўрсатувларига таъсир қилувчи субъектив омил сифатида шахснинг жисмоний ҳолатига тўхталадиган бўлсак, иш юзасидан гувоҳ сифатида ёш бола, кекса ёшли одам, шахсининг жинси ва унинг соғлиқ даражаси ҳам муҳим ўрин тутади. Сабаби ушбу ҳолатлар шахснинг бирор-бир ҳодиса юзасидан берадиган маълумотлари унинг интелектуал қобилиятларига, соғлиғининг ҳолати (кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш) ва жинсига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Субъектив омил бу шахснинг руҳий ҳолатидир. Инглиз ҳуқуқшуноси, адвокат Рихард Гаррис ўзининг «Адвокатура мактаби» номли асарида муаллиф гувоҳларнинг 21 та турига психологик таъриф беради, уларни тавсифлайди. Булар: 1) ёлғончи; 2) тили ботир (тап тортмас); 3) бўйсунмас; 4) қатъиятсиз; 5) асабий; 6) хушчақчақ; 7) айёр; 8) иккиюзламачи ва мунофиқ; 9) ёлғонни, кўп гапирадиган гувоҳ; 10) қатъиятли; 11) равон қалб; 12) ярим профессионал (чала мулла) шахс; 13) ҳокимият вакили (полиция назоратчиси); 14) полициячи; 15) ҳақиқатгўй; 16) шифокор; 17) дағал;
18) каторгачи (сургундаги шахс); 19) табиатан изқувар; 20) кўчмас мулк баҳоловчиси; 21) графолог (хатшунос).
Ушбу таърифлар орқали муаллиф суд муҳокамаси иштирокчилари бўлган гувоҳларнинг психологик кўринишларини (профилларини), шунингдек коммуникация (алоқа) тизимини яратиш ҳамда одил судлов масалаларини ҳал қилиш чоғида маълумотлар олиш учун физиогономик мезонларни ҳам тақдим этади. Айни вақтда, ўз асарида муаллиф сўроқ қилиш чоғида гувоҳнинг “руҳий ҳолати”га алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаш билан бирга унинг руҳий ҳолатини юридик жиҳатдан муҳим даврдаги вазиятга оид объектив гувоҳликларнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.
Жиноят процессуал қонунчилигида иш юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган шахсга нисбатан бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар юкланади. Бу шуни кўрсатадики, у ўзига маълум бўлган ҳолат юзасидан фақат ҳақиқатни сўзлаб бериш мажбурияти юклатилиб, ёлғон гувоҳлик берганлик ва кўрсатув беришдан бош тортганлик юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
238, 240-моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилишлиги ҳақида огоҳлантирилади.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 96-108-моддаларида гувоҳни сўроқ қилиш тартиби берилган бўлиб, ушбу қоидалардан келиб чиқиб, гувоҳлик кўрсатувлари олинади ва қайд қилинади. Ушбу нормаларда кўрсатилган тартиб ва қоидаларга риоя этмаслик, гувоҳ кўрсатувларини иш юзасидан далил сифатида инобатга олинишига йўл қўйилмайди. Юқорида келтириб ўтилган нормаларда сўроқни давом этиш муддатлари тўғрисида маълумот келтириб ўтилган бўлиб, ушбу нормага асосан сўроқнинг умумий давом этиш вақти, дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда саккиз соатни ташкил этишлиги умумий қоида сифатида келтириб ўтилган. Шу билан бирга вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчининг сўроқ қилишга кетган умумий вақт ЖПКнинг 553-моддасига асосан дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда олти соатдан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Шу ўринда савол туғилади. Агар гувоҳ ўн саккиз ёшга тўлган бўлса, уни сўроқ қилиш жиноят процессуал қонунчилигида белгилаб қўйилган қоида асосида амалга оширилади. Агарда сўроқ қилинувчи гувоҳ вояга етмаган бўлса, уни сўроқ қилиш тартиби қандай бўлиши амалдаги Жиноят процессуал кодексда ўз аксини топмаган. Амалиётда эса, вояга етмаган гувоҳни сўроқ қилиш ЖПКнинг 553-моддасида кўрсатилган қоидалар асосида амалга оширилиб келинмоқда. Афсуски ушбу моддада вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчининг сўроқ қилиш вақти тўғрисида сўз юритилган. Шу ўринда амалдаги жиноят процессуал кодекснинг юқоридаги бобига вояга етмаган гувоҳнинг сўроқ қилиш учун вақтини белгилаб қўйиш лозим. Хусусан, Россия Федерациясининг ЖПКнинг 167-моддасида вояга етмаган шахсни сўроқ қилиш умумий вақти тўрт соат қилиб белгилаб қўйилган. Шунингдек, вояга етмаган гувоҳ 7 ёш бўлса, уни сўроқ қилиш вақти танаффусларсиз ўттиз минут, агар иш ҳолати талаб қилса бир соатни, вояга етмаган гувоҳ 7 ёшдан 14 ёшгача бўлса, сўроқ қилиш вақти бир соатни, агар иш талаб қилса, икки соатни, вояга етмаган гувоҳ 14 ёшдан юқори бўлса, сўроқ қилиш вақти икки соатни, агар иш ҳолати талаб қилса тўрт соатгача давом этиши мумкинлиги кўрсатилган.
Жиноят процессуал ҳуқуқида гувоҳнинг мажбуриятлари билан бирга унинг ҳуқуқлари ҳам мавжуд бўлиб, исбот қилиш жараёнида жалб қилинган гувоҳ ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 66-моддасида ўз аксини топган. Ушбу қоидага кўра гувоҳ:
-адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш;
-сўроқ юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;
— унинг сўроқ қилинишида иштирок этувчи таржимонни рад қилиш;
— кўрсатувларни ўз қўли билан ёзиб бериш;
— ўзига қарши кўрсатув бермаслик;
— сўроқ баённомаси билан танишиш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
— кўрсатувлар беришда ёзма белгилар ва ҳужжатлардан фойдаланиш;
— ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди
тергов судьяси Ш.К.Каримов