Агар қуйидаги мулоҳазаларимни кимлардир ўзларига нисбатан айтилган деб хисобласа, демак ойнада ўзини кўрибди ва мендан хафа бўлишмасин.

Баъзи сўзларни алмаштиришга харакат қилдим. Лекин юмшоқроқ альтернативасини топа олмадим. “раҳбарчалар” деган сўзимни хақорат деб тушунманг. Бу ерда бошлиқлар эмас, бошлиқдан кичикроқ, лекин оддийдан юқорироқ лавозимда ишлаб, мана шу қисқартиришларга бош бўлаётган, ёки ўзи оддий ходим бўлса ҳам ўзини бошқаларнинг тақдирини ҳал қилишга хаққи бор деб тушуниб, бошлиқларнинг олдига кириб: “Грузияда СЭС умуман йўқ” деб грузинча андоза бичаётган қўштирноқ ичидаги “ўзидан бошлиқ ясаган раҳбарча”лар кўзда тутилган.

Ассалому алайкум ҳамкасблар.

Хабарларингиз бор, мен лабораторияларнинг қисқартирилиши муносабати билан Республика СЭС Раиси номига хат ёзган эдим. Ўша кундан бери менга кўплаб вилоятлардан қўнғироқлар бўлаяпти. Натижа борми деб сўрашаяпти.

Мен худди ўзим учун харакат қилаётгандек хис қилаяпман ўзимни. Баъзи бир раҳбарчалар ҳам мен тўғримда негатив фикрлар айтибди деб эшитдим. Ким нима деганини аниқ билмайман. Лекин ким бўлса ҳам мард бўлса ўзимга чиқиб дилидагини айтса яхши бўлар эди.

Мен шу пайтгача жуда кўп марта турли юқори ташкилотларга мурожаатлар қилдим. Олий кенгаш Сенатидан тортиб, қуйи ташкилотларнинг бухгалтерларигача, туман молия бўлимлари, Адлия, Молия вазирликларигача мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

Мурожаатлар, қўнғироқларнинг барчасида СЭС ходимларининг иш хақи, меҳнат таътили давомийлигини кўпайтириш, қонун бўйича тўланиши керак бўлган устама ва бошқа тўловларнинг тўланмаётганлиги, ходимларнинг имтиёзли нафақага чиқарилмаётганлиги каби бошқаларнинг “проблема”ларини кўтариб чиққанман.

Ўзимнинг ва менинг атрофимдагиларнинг биронтасини бундай “проблема”лари бўлмаган. Чунки жойида, вақтида ҳал этиб келганман.

Мурожаатларимни бошқаларга ҳам фойдаси тегсин деб кутубхонамга жойлаб борганман. Жойланмагани қанча.

Лекин биронтасида ўзим учун бирон нарса сўрамадим. Ҳар бир хатда таъкидладим: “Менга керак эмас” деб.

Ковид пайтида Рес.СЭС дагилардан илтимос қилиб туманга ПЦР лабораториясини олиб келдим. Вилоятдаги раҳбарчалар шунга ҳам қарши бўлишди. Уларга намуналарни ташишни хохлашди. Чунки уларга қанча кўп тахлилга намуна борса шунча кўп пул олишар эди.

Хатто буйруқ билан беркитиб қўймоқчи ҳам бўлишди. Мажбур бўлдим. Республика прокуратурасига чиқдим. Уларнинг топшириғи билан ўша раҳбарчалар туман прокуратурасига чақиртирилди. Мана шу менинг орқамдан гапирган раҳбарча ва яна икки шериги ўшанда Фурқат тумани СЭС и ховлисида ялингандай кечирим сўраган эди. Иккинчи марта Фурқат тумани СЭСи ишига аралашмасликка ваъда беришган эди. Ёдидан кўтарилибди шекилли. Ортимдан гапирибди.

Ковид пайтида лабораторияни ишлатдим. Бирон марта ковид учун фоиз ҳам, устама ҳам олмаганман. Ўзим шуни хохлаганман. Менинг орқамдан гапирган “Раҳбарча” буни жуда яхши билади. Пулини қонуний оламан десам бир кунда “йўли”ни кўрсатиб қўйишга кучим етар эди. Бошқаларникини ундириб бериб юрган, ўзимга келганда қўлимдан келмайдими?

Келади. Лекин мен беморларнинг орқасидан пул ишлашни хохламадим. Аллоҳ берган ризққа сабр қиламан. Етказадигани ҳам ЎЗИ, кетказадигани ҳам ЎЗИ.

Узр. Ўзим тўғримда кўпроқ ёзиб юбордим. Чунки ортимдан гапирганлари озгина хафа қилди. Мен ҳам бандаманда.

Хуллас, мақсадга ўтсам.

Оптимизация қилиш бу бор нарса, бўладиган нарса. Замон талаби ҳам шу.

Лекин “Қисқартир” деса “Соч” ни эмас “Каллани” қисқартиришни таклиф қилаётганлардан ЎЗИ асрасин.

Лаборатория ўзи нимага керак?

Мен лабораторияни ўзим лабораторияда ишлаганим учун эмас, айнан лабораториянинг асл мавқеини билганим учун химоя қилаяпман.

Ҳозирда кўп ходимларимиз лаборатория қисқаришига бефарқдек юришибди. Гўёки лаборатория қисқарса уларга зарари йўқдек. Лаборатория уларга кераги йўқдек. Бундайларнинг орасида ўша мен айтган, лабораториянинг асл моҳиятини тушунмайдиган раҳбарчалар ҳам бор.

Уларнинг бундай позициядалигининг ўзиёқ, неча йил ишлашган бўлса ҳам (баъзиларининг стажи ҳам кўп. Баъзилари хатто ўзлари аввалда лабораторияда ишлашган) нафақат лабораториянинг вазифалари балки ўзларининг вазифаларини ҳам яхши билмасликларида деб биламан.

Санитария бўлимида ишлаганми, эпидемиология бўлимида ишлаганми, дезинфекция бўлимида ишлайдими – айтишсинчи, биронтаси биронта объектга лаборатория тахлилларисиз бирон чора кўра оладими?

Кўрганмиз дейсизми?

Агар лаборатория тахлилларисиз чора кўрган бўлсангиз унда ўша Сиз чора кўрган объект эгаси Сизни судга берса албатта ютқазасиз.

Чанг босиб кетибди, ис босиб кетибди деб “Протокол” туза оласизми?

Нима бўлибди босса?

Йўқ, Сиз мана бунча фоиз БГКП топилди, патоген флора топилди, умумий миқроблар сони ошиқ чиқди, дез.эритмаларда актив хлор фоизи мана бунчага кам …ва х.к. каби лаборатория тахлиллари жавобини қурол қилиб олиб қалпоқли жарима чиқарасиз.

Лаборатория анализисиз чиқариб кўрингчи…

Ҳаётдаги ҳар бир нарсанинг инсон организмига салбий таъсирини ифодалашда объектив баҳони фақат лаборатория таҳлили беради. Сизларнинг эса ҳамма гапингиз ва далилларингиз субъектив.

Сизнинг субъектив далилингизни лабораториянинг объектив тахлил натижаси қўллаб қувватласагина ФАКТ юзага чиқади. Бўлмаса гапларингиз “ГИПОТЕЗА”, гипотеза эса исботланмаган “ФАРАЗ”, фараз учун эса чора кўра олмайсиз.

Жиноятчини жазолаш учун ички ишлар соҳасида криминалистик, суд-тиббиёт экспертизалари ўтказилади. Булар ҳам лабораториянинг бир тури…

Лабораторияларни қисқартиришни таклиф қилаётган ходимлар, шуни билингки Сизларнинг лаборатория натижаларисиз берган ҳар бир тавсиянгиз, таклифларингизнинг бир чақалик қиммати йўқ. Лабораториясиз таҳлил ҳам қила олмайсиз, фойдали тавсия ҳам бера олмайсиз, чора кўришга эса умуман асосингиз бўлмайди.

Мен 42 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Соҳамнинг келажагидан хавотирдан айтаяпман. Ходимларимизнинг келажагидан хавотиримдан айтаяпман.

Қайтариб айтаман. Ўзимга хеч нарса керак эмас.

Бир ичкуёв (хотинни уйида яшовчи) айтган экан. Тўнимдан бошқа юким йўқ, лозим бўлса елкамга иламанда чиқиб кетавераман деб.

Менинг ишхонада ўша тўним ҳам йўқ. Боғланиб турган қозиғим ҳам йўқ. Фақат, болаларимдек бўлиб қолган ходимларимнинг тақдиридан ўзга ташвишим ҳам йўқ.

Ишга бўлган аввалгидек “севгим” ҳам йўқ. Чунки севадиган ишнинг ўзи қолмади. СЭС нинг обрўси қолмади. Ҳозир гўёки санитария-тарғиботи ниқоби остида уйма-уй юриб, “кўчангни супуриб қўй, ахлат ташлама, қўлингни совунлаб юв” каби гапларни “тавсия-тарғибот” қилиб расмга тушиб группага ташлашдан бошқа ишлари йўқ. СЭС бошлиғи эса ҳозир чигит экишга масъул.

Аҳоли шунчалик омими-ки, кўчасини тоза тутишни, қўлини совунлаб ювишини ҳам 6 йил ўқиган олий маълумотли СЭС ходими айтишига мухтож бўлса.

Кечирасизлару, агар менинг уйимга мана шундай тарғибот билан келишса, ўзингни вазифангни бажарсанг … деб хайдаб юбораман бундай ходимларни.

СЭС нинг бундайин кўчама-кўча “тарғибот” ишларига ўрганиб қолган ходимларига лаборатория тахлилларининг умуман кераги йўқ бўлиб қолдики, бемалол қисқартириш тарафдори бўлиб қолишди.

Мана шу қисқартиришни таклиф қилаётган раҳбарчалар Ковид пайти кўпчилиги ўзларини лабораторияга урди. Чунки Давлат катта пул тўлаётган эди. Бириси ўзи ишлагани кирса, бириси ишлашга рухсат бериш учун “доля”га кирди. 6% ликка илиниш учун битта лаборатория лаборанти ўзи борса бўладиган жойга 10 таси эргашиб юрди. Бунинг натижасида ишдан кетганлари бўлди, қамалганлари бўлди.

Пандемия тугади деб эълон бўлган кундан Ковидни ҳам эслашмайди, лабораторияларни ҳам қисқартиришга рози.

Лабораторияларнинг кераклигини билишларинг учун яна шундай пандемиялар бўлиб туриши керакми?

Мана шундай пандемияларни олдини олиш учун ҳам лабораторияларнинг моддий-техника базасини кучайтириш, ходимларнинг савиясини ошириш, бажариладиган тахлилларни, текширилаётган объектларни танлашда илмий асослардан келиб чиқиш керак эмасми?

Олинган натижаларни илмий тахлил қилиб, натижаларини оммага, керакли мутахассисларга етказиш керак эмасми?

Қачонгача “режа” учун ишлаймиз?

Қачон ҳар бир бўлимнинг натижаси бир-бирига боғликликда ўрганилади?

Илмий текшириш институтларимиз, илмий ишларини қачон шу илмий ишлар бажарилди деб кўрсатилаётган жойларга чиқиб қилади?

Бу гапларни гапиришимга асосим бор. Чунки 1980-йилларнинг охирларида Тошкентнинг бир илмий текшириш институтининг илмий мақоласини менга жўнатишган. Унда мен “Ҳаммуаллиф” эканман.

Илмий мақоланинг темаси “Қишлоқ хўжалигида пестицидларнинг қўлланилишининг болалар иммунитетига таъсири” деган мақола. Мақола Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро тиббиёт Форуми жамланмасида эълон қилинган экан.

Тўғри, бу ишни менга хурмат юзасидан қилишгандир. Чунки ўша пайтларда Москва институтлари ҳам мени ўзларига аспирантурага таклиф қилишган, диссертация тезисларини юборишган эди.

Мени ҳозир ҳам хайрон қолдирадиган нарса, ўша “илмий мақола”да айтилган ишларни менинг иштирокимда, мен ишлайдиган бир чекка райондаги лабораторияда қилинган деб ёзилган эди. Агар мақолани беришмаганида қилган илмий ишимдан бехабар ўтиб кетар эканман…

Аслида эса ўша ишни хақиқатда ҳам бизнинг камтаргина лабораторияда қилса бўлар эди.

Ҳозир нега мумкин эмас?

Ёки ҳозир ҳам илмий ишлар кабинетда қилинадими?

Ҳозирда вирусология лабораторияларга ўтказдирилган БОЕ (КОЕ) коли фагларга текширишни хақиқатда биз ўрганганмиз. БОЕ фагнинг сувда кўпайиши ва камайишининг вирусли гепатит билан касалланишнинг кўпайиши ва камайишига тўғри корреляцияда бўлишини илмий тасдиқланган ва ГОСТ га БОЕ фагни текшириш, сувнинг вирусли касалликларнинг тарқалишидаги ролини кўрсатувчи кўрсатгич сифатида киритилган.

Ишларимиз Харьковдаги халқаро илмий конференция материалларида чоп этилган. Бунга бизнинг ҳам хиссамиз катта бўлган. Чунки асосий ишни бизлар қилганмиз. Оддий район бактериологлари. Бунинг учун 4 йил Москвадан ойлик ҳам олганмиз.

Нима, ҳозирги бактериологларимиз бундай ишларни қила олмайдими, ёки илмий текшириш институтларимизнинг туманларга борса, ўшаларни жалб қилиб, ўша аҳоли пунктлари шароитида илмий текширишлар ўтказдирса обрўларига путур етадими?

Йўқ, оптимизация қилиш керак деган гап урф бўлди. Мана бунча қисқартириш қилиб, мана бунча маблағ иқтисод қилдик деб мақтанишар.

Қисқартириш керак. Лекин юқорида айтганимдек “Сочни” қисқартириш керак бўлган пайтда биратўла бошни олиб ташлаш керакмикан?

Эртага (Аллоҳ ўзи сақласин) бирдан раҳбарчаларимиздан сўрамасдан (сўрамайди ҳам) пандемияга ўхшаш нарса қайталаниб қолса нима қиласиз?

Агар ҳозир лабораториялар қисқартирилса қисқартирилган участкалардаги лаборатория базалари йўқолади. Ходимлар захираси йўқолади. Кадрлар йўқолади. Буни қайта ташкил этиб бўлмайди. Ёки узоқ вақт ва катта маблағ талаб қилади.

Мен 1991 йили янги туманга Бош врач этиб тайинланганимда битта ўзим эдим. Жойим ҳам, ходим ҳам, штат ҳам … устимдаги кийимим ва қўлтиғимдаги дафтарчадан бошқа хеч нарсам йўқ эди.

Энди мана шу қисқартиришни таклиф қилаётганлар, биронтангиз айтингчи, СЭС деган оилани “НОЛ” дан ташкил этиш нималигини биласизми?

Лой қориб, девор қуриб СЭС деган бино қурганмисиз?

У ерда ишлашга одам қидириб кўчама-кўча юрганмисиз?

Топган одамингизнинг бошига том, остига пол қилиш учун югурганмисиз?

Уларнинг бола-чақасини боқиши учун иш хақига пул қидириб юқори ташкилотлар, банклар орасида сарсон бўлганмисиз?

Агар биронта иш ўрни яратган бўлганингизда бунинг машаққатини билар эдингиз.

Йўқотиш осон. Яратиш қийин.

Хеч ким оч қолмайди. Ҳамма ишини топиб ҳам кетади. Лекин СЭСнинг лаборатория хизмати йўқолиб кетади. Ортидан СЭСнинг ўзи ҳам бир кун келиб йўқолади.

Чунки, ўзини химоя қила олмайдиган, ходимларини ўйламайдиган бошлиқлар раҳбарлик қиладиган, тепадан “КЕС” деса кесиб ташлайверадиган, бундай ўтириб салбий томонларини ҳам ўйламайдиган ходимлар ишлайдиган соҳа албатта йўқ бўлиб кетади…

Ўша тепадагиларга ҳам фикрларимизни етказсак тушунишади…

Лабораториядан бошқа бўлимлар ходимлари, юқорида айтганимдек, “менга тааллуқли эмас” деб ўйлаётган бўлсангиз хато қиласиз.

Сизларнинг ҳам камчилигингиз жуда кўп. Бугун буларни айтмоқчи эмасман. «Бир бактериолог бўлса, бизнинг ишларни тушунармиди» деманг.

Ҳозирги вақтда бактериологман. Лекин ҳали кўпчилигингиз АЛИФБОни ўқиб юрган пайтларда СЭСнинг ҳамма соҳаларини назорат қилганман. Шуғулланганман.

Лаборатория қисқарса, лаборатория ходимлари бир марта “ўлади”, яъни ишдан бўшайди. Бошқа ишга жойлашади. Яралари вақт ўтгач битиб ҳам кетади. Аллоҳ ҳаммани ризқи билан берган. Ўша ризқини топади.

Топган ризқи кўпинча эскисидан яхшироқ бўлади ва “Қисқаргани яхши ҳам бўлган экан. Бўлмаса юрар эдим, бировларнинг нажасини кавлаб” ҳам дейди.

Лекин Сиз ишда қоласиз. Сизнинг 0.5-0.25 ставкангизга мана шу бўшаганларни жойлаштиришга ҳозирдан оғзаки буйруқлар берилган.

Кейинги қийинчилигингиз – лаборатория тахлиллари ўтказдиришга мажбурсиз. Режа қиласиз. Бажарилишини талаб қилишади.

Ҳозир қисқартиришгача , тагингизга машина, узоққа борсангиз сафар харажатларини ваъда беришади. Кўрасиз, машина кейин бошлиқдан ортишини. Машина берса ёқилғи бермайди. Бера олмайди ҳам. Метанни беркитиб қўйса бошлиқдан нимани сўрайсиз?

Бошлиқлар: “Оласан, бажарасан, бўлмаса катта кўча, ишлайман деганлар эшигим тагида тиқилиб ётибди”га ўтиб олади. Ёки бундай гапларни 2020 — йиллардаги қисқартиришларда эшитмаганмисиз?

Оласиз, кўтарасиз, ташийсиз, керак бўлса ишхонани машинасига ёнингиздан ёқилғи қуясиз. Лекин ташийсиз. Авваллари 5-10 кмга ташиган бўлсангиз, энди 50-60 кмга олиб борасиз. Олиб боргунча намунангизнинг текширадиган жойи ҳам қолмайди. Чунки бактериологик тахлилларни олиш, сақлаш, ташиш қоидалари ҳам бор.

Ҳа, айтганча. Баъзиларда бунга ҳам ечим бор. Ўша бошқа туман ёки шахар лабораториясига ўзингиз борасизда, яқин жойдаги жўмракдан 20-30 та идишга сув наъмунасини олиб, ўзингиз туманингиздаги манзилларни ёзиб бераверасиз. Бунга мажбур ҳам бўласиз хали…

Лаборатория ходимлари бир марта жон берса, санитария-гигиена, эпидемиология бўлимлари ҳар куни жон берасиз. Шунинг учун Сизлар лаборатория ходимларидан ҳам қатъийроқ туриб “ЎЗИНГИЗНИНГ ЛАБОРАТОРИЯНГИЗ”ни химоя қилишингиз керак.

Четдан кузатиб турувчиларни эса, майли елкасида шишалар ортиб намуна ташиганларида кўрамиз. Лекин кеч бўлади…

Гапни бошида менга кўплаб телефон қўнғироқлари бўлаётганлигидан, хатимнинг жавоби бўлдими дегувчиларнинг кўпайганлигидан бошлаган эдим.

Хат Раисга ўша куни берилган экан. Раис ҳам Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифлари муносабати билан Андижон вилоятига кетишган экан. Хатни ўзлари билан олиб олишган экан. Менга айтишлари бўйича бугун телефонда ёрдамчиларига “Хат билан танишдим, айтиб қўйинг ҳавотир олмай ишни давом эттираверишсин. Ҳозирда хеч қандай қисқартириш кўзда тутилгани йўқ. Масала ўрганилаяпти, ва албатта бирон қарор қабул қилишдан олдин маслаҳатлашиб қиламиз» дейишибди.

Лекин бошқа вилоятлардан ҳам Фарғонаникидек оптимизация хариталари тайёрлаб беришганларини эшитдик.

Ин шаъа Аллоҳ, умид қилишдан чарчатмасин. Ҳаммаси яхшилик билан тугасин.

Бу дегани ҳаммаси яхши дегани ҳам эмас. Чунки қисқартириш ҳозир трендда.

Шу сабаб ҳаммамиз ўз таклифларимизни тайёрлаб Республика раҳбариятига киритсак яхши бўлар эди.

Баъзилардан таклиф сўрасак, иш хақи кам, махсус кийим беришса, сут – қатиқ бермаяпти, замонавий аппаратуралар беришса деган таклифлар кўп учрайди.

Ҳозирги масала сохани сақлаб қолиш масаласи. Эътиборни шунга қаратиш керак. Оила тўкис бўлса бола-чақа ҳам бўлади, сут – қатиқ ҳам, замонавий BYD лар минамиз.

Таклифларни мана шу йўналишда — соҳанинг ўрни ва сақлаб қолиш зарурлиги тўғрисида беришга харакат қилинглар. Таклифларни ёлғиз бермасдан, жамоангиз номидан киритсангизлар яна ҳам яхши бўлса керак. Чунки кўпчиликнинг назаридан ўтган таклифнинг вазни оғирроқ бўлади.

Баъзиларнинг енгил гапига кириб, тўпланишиб у ёқ, бу ёққа борманглар. Ўзимизга тескари ишлайди. Хали бир тўхтамга келишгани йўқ. Таклифлар ўрганилаяпти экан. Сизлар ҳам таклифларингизни беринглар.

Биринчи навбатда Рес.СЭС. раиси Б.Қ.Юсупалиев номига. Субординация ҳам шуни тақозо этади.

(Вилоят бошлиқларига ёзманг. Фойдаси йўқ)

Агарда Республика СЭСида ҳам ҳал бўлмаса кейин юқори ташкилотларга чиқсангиз бўлади. Бунинг учун ҳам ҳамма важларнинг тарозини босадиганини тайёрлаб туриш керак. Юқорида айтганимдек, қорин оч, устим юпун деган гаплар ўтмайди.

Агентлик билан Инспекцияни қўшилишига ҳам мана шундай аниқ таҳлилий мурожаатнинг роли катта бўлган ва ниятимизга етганмиз.

Буниси ҳам ҳайрли бўлсин ин шаъа Аллоҳ. Бундан кейин мен аралашмайман. Чарчадим ва соҳадан чиқиб кетишга тайёрман…

Ва кимларнидир хафа қилган бўлсам узр сўрайман.

Ҳурмат билан Хайрулло Комилов

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.