Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишнинг барча ҳолатлари тўғрисида зарур маълумотларни тўплашни таъминлаш билан бир қаторда, бу ахборотларнинг қонун талабларига риоя этилган ҳолда тўпланганлиги; уларнинг исботлаш предметига алоқадорлиги; иш бўйича тўпланган далиллар процессуал қарорлар қилиш учун асос бўла олиши; исботлаш предмети ҳолатлари тўғрисида ишончли хулосага келиш учун уларнинг етарли экани; тадқиқ этилаётган ҳодиса юзасидан тўла ва ишончли маълумотларни ўзида қанчалик мужассамлантиргани ҳақидаги масалаларни ҳал этишлари лозим.

Далилларга баҳо бериш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан билишнинг мантиқий шаклларига риоя этган ҳолда амалга ошириладиган, ҳақиқатга эришишни таъминлайдиган фикрлаш фаолияти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддасига биноан, далилларга баҳо беришда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқиш асосида қонун ва ҳуқуқий онгга амал қилиб, ўзининг ички ишончлари бўйича исботлаш предметига кирадиган ҳолатларни аниқлаш учун ҳар бир далилнинг ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги ҳамда улар йиғиндиси етарлилиги ҳақидаги хулосага келади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларга баҳо беришда уларнинг зарур белгиларини ўзида мужассам этган хусусиятларини инобатга олишлари керак. Ушбу белгилар алоқадорлик, мақбуллик, ишончлилик, етарлилик.

Ҳар бир далил тергов қилинаётган ишга  алоқадорлиги,  қонун талаблари жиҳатидан мақбуллиги ва айниқса ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши, ишни мазмунан ҳал қилиш учун етарли бўлиши шарт (95-модда). Далилнинг бирор турини доимо бошқа далиллардан афзал, ишонарли, аҳамиятли деб ҳисоблаш мумкин эмас. Бу хусусда бир муҳим қоида бор, яъни шахснинг ҳатто ўз айбига иқрор бўлиши ҳам уни айблаш учун етарли асос бўла олмайди. Мазкур қоидага риоя қилиниши шарт.

Далил жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилади. Суд ва тергов органларининг вазифаси жиноят ишини унинг мазмунига дахлдор бўлмаган материал ва фактлар билан кўпайтириш эмас, балки фақат холисона ҳақиқатни аниқлашга, ишни тўғри ҳал қилишга бевосита аҳамиятли бўлганларини тадқиқ этишдан иборатдир. Шунинг учун далилларга баҳо беришда терговчи, прокурор ва суд биринчи навбатда уларнинг ишга алоқадорлигини аниқлаши лозим.

Далилларнинг ишга алоқадорлигининг моҳияти исботлашнинг ишни ҳал қилиш учун жиддий ҳолатлар доираси билан чекланганидадир.
Жиноят-процессуал қонун бу масалани ҳал қилиш учун асос яратиб, умумий кўринишда жиноят ишлари бўйича исботлаш предметини белгилайди.

Биринчи навбатда ишга тааллуқли бўлган барча далиллар доирасидан  тергов қилинаётган ҳодисанинг мавжудлигини, уни содир этишда айбланувчининг айбдорлиги ёки айбсизлигини кўрсатадиган ҳақиқий маълумотларни ажратиш лозим. Мазкур далиллар шахс томонидан муайян ҳаракатлар қасддан, эҳтиётсизлик туфайли ёки тасодифан содир этилганлиги тўғрисида жиноят процессуал исботлашнинг асосий масаласи  —  ҳаракатлар жиноий хусусиятга эгалиги ҳақидаги саволга жавоб топиш имконини беради.

Алоқадорлик орқали шахснинг жавобгарлик даражаси ва хусусиятига таъсир этувчи қатор ҳолатларнинг мазмуни жиноят-процессуал меъёрлар орқали очиб берилади.

Мақбуллик – тегишли ахборотларни олиш усуллари, методлари, манбаларининг қонунийлиги нуқтаи назаридан далилларнинг  яроқлилигидир. Далиллар белгиланган тартибда тўпланиб, ЖПКнинг 92-94-моддаларида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлса, улар мақбул деб эътироф этилади.

Мақбул деб топиш учун далиллар қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт: 1) манбанинг қонунийлиги (ЖПКнинг 81-моддаси 2-қисмида назарда тутилган манбалар); 2) далилни олиш усулининг қонунийлиги (ЖПКнинг
87-моддасида белгиланган усуллар); 3) процессуал расмийлаштирилишининг қонунга мувофиқлиги; 4) далилларни тўплаш тергов ва суд ҳаракатларини ўтказишга ваколатли бўлган субъект томонидан амалга оширилиши (ЖПКнинг 86-моддаси).

Мақбуллик  — бу тегишли ахборотни олиш манбалари, методлари ва усулларининг қонунийлиги нуқтаи назаридан далилларнинг яроқлилиги ҳисобланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларни гумон қилинувчи, айбланувчининг илтимономаси ёки ўз ташаббусига кўра номақбул деб топиши мумкин. Номақбул деб топилган далиллар ҳар қандай айблов йўсинидаги ҳужжат таркибига киритилиши мумкин эмас.

Ишончли далил деганда, ҳаққонийлиги шубҳа туғдирмайдиган далиллар тушунилади. Тўғри процессуал қарор чиқаришнинг энг муҳим шарти ишончли далилларнинг мавжудлигидир. Далил мазмунининг ҳақиқийлиги, ундаги маълумотларнинг воқеликка мувофиқлиги, унинг тўлиқ, сўзсиз ишончга эгалиги эътироф этилган тақдирда, у ишончли ҳисобланади. Далилнинг ишончлилиги дастлабки тергов ва судда уни синчковлик билан текшириш орқали аниқланади. Далиллар ишончлилигини аниқлашга билиш назарияси, предметнинг барча хусусиятларини тўла, ҳар томонлама ва холисона ўрганиш усули орқали эришилади.

Далилнинг ишончлилигини аниқлаш учун унинг ташқи аломатлари, ҳар бир муайян ҳолатдаги моҳияти, энг муҳим ва жиддий хусусиятлари ва иш учун аҳамиятини чуқур ўрганиш зарур.

Далилларга баҳо бериш ва уларнинг ишончлилигини аниқлаш жараёнининг муҳим таркибий қисми ҳақиқий маълумот манбаларини сифат жиҳатидан баҳолашдир. Процессуал манбаларни баҳолаш тергов ва суд органларининг жиноят ҳодисасига тааллуқли ҳолатларни исботлаш  фаолиятида муҳим аҳамиятга эга, чунки иш бўйича исботлаш предметини ташкил қиладиган барча фактлар, ҳолатлар қонунда назарда тутилган ана шу  манбалар ёрдамида аниқланади. Иш учун аҳамиятли бўлган қайсидир фактни аниқлаш учун аввало ҳақиқий маълумотлар манбаи тадқиқ этилиши ва тўғри баҳоланиши лозим бўлиб, унинг сифатига, изланаётган факт ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига, унда нотўғри, холисона бўлмаган, хато ёки ёлғон маълумотлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

Исботланиши керак бўлган барча ва ҳар бир ҳолатнинг ҳақиқийлигини сўзсиз тасдиқловчи ишга оид барча ишончли далиллар тўпланган бўлса, уларнинг жами ишни ҳал қилиш учун етарли деб ҳисобланади
(ЖПК 95-моддаси 5-қисми).

Далилларнинг етарлилиги деб, далиллар жамланмаси асосида ишончга сазовор  хулоса чиқариш мумкин бўлиши ва иш бўйича ҳақиқатга мос келадиган қарор чиқарилишига айтилади.

Иш бўйича процессуал қарор қабул қилиш учун далиллар етарлилигини белгилаш далилларни баҳолашнинг мустақил вазифасидир. Иш бўйича тўпланган далиллар ўз мазмунига кўра ишга алоқадор, мақбул ва ишончли бўлиши билан бирга исботлаш жараёни бўйича якуний қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда далиллар исботлаш предметига кирадиган айрим ҳолатларга нисбатан етарли, бошқа қидирилаётган фактларнинг мавжудлиги ишончли бўлиши учун эса етарли бўлмайди.

Далилларнинг етарлилиги тушунчаси иш бўйича тўпланган далиллар йиғиндисини назарда тутади. Далиллар йиғиндиси деганда ҳодисалар ва фактларнинг ҳақиқий боғлиқлигини тўғри акс эттирадиган, ўзаро келишган ва ички боғланган далиллар тизими тушунилади. Исботланиши керак бўлган барча ва ҳар бир ҳолатнинг ҳақиқийлигини сўзсиз тасдиқловчи ишга оид барча ишончли далиллар тўпланган бўлса, уларнинг жами ишни ҳал қилиш учун етарли деб ҳисобланади.

Далиллар йиғиндисини баҳолаш ҳақиқий маълумотларнинг ишончлилигини ва исботловчи аҳамиятини уларни бир-бири билан солиштириш йўли билан аниқлашга ёрдам беради. Далиллар йиғиндисини баҳолаш далиллардаги тўлиқсизлик, ноаниқлик ва зиддиятларни аниқлаш имконини беради.

Қонунда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларга ўзларининг ички ишончлари бўйича баҳо беришлари лозимлиги кўрсатилган.Ички ишонч текшириш жараёни ва унинг натижасидан иборат. Қонуннинг ички ишонч тўғрисидаги талабини ишни олиб бораётган шахсга берилган ваколат сифатида ҳам тушуниш мумкин. Бу ваколат орқали унинг далилларни баҳолаш соҳасидаги имтиёзлари мустаҳкамланиб, баҳолаш бевосита унинг ҳуқуқи ва мажбурияти эканлиги яна бир бор қайд этилади. Терговчи, прокурор ва суд бу вазифани бошқа шахсга  юклатишга ёки бошқа шахслар томонидан берилган баҳоларни ишда қўллашга ҳақли эмас.

Далилларни баҳолашнинг қуйидаги қоидалари мавжуд: 1) далилларга баҳо беришда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд фақат қонунга асосланадилар; 2) ҳеч қандай далилнинг аҳамияти олдиндан белгилаб қўйилмайди; 3) суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд далилларни баҳолашда ўзларининг ички ишончларига таянадилар; 4) уларнинг ички ишончи тўпланган ва текширилган далиллар йиғиндисига берилган баҳога асосланади; 5) ҳар бир далил алоқадорлик, мақбуллик, ишончлилик нуқтаи назаридан, тўпланган барча далиллар йиғиндиси эса ишни ҳал қилиш учун етарлилик нуқтаи назаридан баҳоланмоғи лозим; 6) суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг далилларга баҳо бериши ҳар томонлама, тўла ва холисона бўлиши шарт; 7) суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларга виждонан баҳо беришлари шарт.

Далилларни баҳолашнинг мазкур принциплари бир меъёрда жиноят процессуал исботлашнинг барча субъектларига нисбатан жиноят ишини юритишнинг  ҳамма босқичларида амал қилади. Далилларни баҳолашдан олдин жиноят ишини тергов қилиш, кўриб чиқиш ва ҳал қилишнинг бутун давомийлигида далилларни тўплаш, процессуал қайд этиш ва текшириш амалга оширилади. Ўз навбатида, далилларни баҳолаш уларни тўплаш, тадқиқ этиш, процессуал қайд этиш ҳаракатларини амалга ошириш заруратини келтириб чиқаради.

Далилларни баҳолаш иш бўйича деярли ҳар қандай процессуал қарор қабул қилиш учун зарур замин ҳозирлайди. Баҳолашсиз далилларни тўплаш, тадқиқ этиш, хулосалар чиқариш ва тўғри процессуал қарор қабул қилиш жараёнини тасаввур қилиб бўлмайди. Агар баҳолаш фақат фикрлашга тенглаштирилса, у исботлашнинг тегишли субъекти онгидан ташқарига чиқмас, бу шахсдан бошқа ҳеч кимга маълум бўлмас эди ва ҳар қандай юридик маънодан маҳрум бўларди.

Далилларни баҳолаш жиноят процессуал исботлаш элементи сифатида маълум доирада ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб, унинг меъёрлари таъсирида бўлади. Ҳуқуқ меъёрлари тафаккур тартибини эмас, балки далилларни баҳолаш шароитлари, мақсадлари ва принципларини (ЖПКнинг 85-87, 90-95-моддалари), шунингдек процессуал қарорлар ва ҳужжатларда уларни баҳолаш натижаларининг ташқи ифода этилишини белгилайди. Шундай қилиб, далилларни баҳолаш мантиқий ҳамда ҳуқуқий хусусиятларга эга.

Билвосита далиллар мавжудлигида процессуал далилларни баҳолашга нисбатан юқори талаблар қўйилиши керак. Уларга баҳо бериш жиноят ҳодисасига тааллуқли барча ҳолатлар, хусусият ва жиҳатларни синчковлик билан ҳар томонлама тадқиқ этиш ва аниқлашни, ҳар бир далил моҳиятини чуқур англаш ва таҳлил қилишни, унинг бошқа далиллар билан узвий боғлиқлигини аниқлашни талаб этади.

Далилларни баҳолаш қуйидаги масалаларни аниқлаш учун амалга оширилади: а) далилдан иш бўйича келгусида суд далили сифатида фойдаланиш мумкинлиги ва бу қонунга, исботлаш принципларига зид эмаслиги; б) далил ёки далиллар йиғиндисининг кўрилаётган ишга тааллуқлилиги; в) далил иш бўйича  тўпланган бошқа далиллар билан қандай боғлиқликда экани, бу боғлиқликнинг хусусияти ва аҳамияти  қандайлиги; г) далилнинг ва далиллар йиғиндисининг ҳақиқатни аниқлашдаги аҳамияти,  далиллар йиғиндиси процессуал қарор қабул қилишга асос қилиб олиниши учун етарли эканлиги; д) далилдан келгуси исботлаш жараёнларида фойдаланиш мумкинлиги.

Демак, далилларни баҳолаш жиноят процессуал исботлаш субъектлари бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг мантиқ ва ҳуқуқ меъёрларига асосланган, далилларнинг ишга алоқадорлиги, мақбуллиги, ишончлилиги ва етарлилигини, шунингдек холисона ҳақиқатни аниқлаш мақсадидаги фикрлаш фаолиятидир. Далилларни баҳолаш жиноят-процессуал исботлашнинг тузилмавий элементларидан бири бўлиб, жиноят процессида мавжуд бўлган барча демократик принципларга асосланади.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди

тергов судьяси Ш.К.Каримов

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.